Линклар

Қирғизистонда “Оммавий йиғилишлар ва кўча намойишларини ўтказиш ҳақида” қабул қилинган қонун олдинга ташланган қадамми ёки орқага?”.

  • Ҳасанжон

Ниҳоят президент 23 июл куни Қирғизистон республикасининг анчадан бери кутилган ва анча вақт тортишувларга сабаб бўлган “Оммавий йиғилишлар ва кўча намойишларини ўтказиш ҳақида”ги қонунини имзолади. Сўнгги икки йил мобайнида учта кўринишдаги қонун лойиҳаси парламентнинг турли қўмиталарига тақдим этилди ва у дупутатлар ҳамда ҳукумат расмийлари орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Ушбу қонун ўз норозиликларини эркин ифода этиш ҳақидаги фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, 1999 йилдан бери давом этиб келаётган турли юришлар, оммавий йиғилишлар ва норозилик намойишларини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш мақсадида яратилди.

Бўлиб ўтган воқеалар фуқаро ва ҳукумат расмийларининг ўз конституцион хуқуқларини турлича талқин қилганларини кўрсатди. Қирғизистон расмийлари янги қонун юзага келган қарама-қаршиликни тартибга солишини айтдилар. Унинг муаллифлари ва хукумат расмийлари янги қонунни Қирғизистондаги демократия ва қонун устиворлиги йўлида олдинга ташланган қадам, деб талқин қилдилар.

Мухолифатдаги “Ота Макон” партияси раиси ва парламент депутати Омурбек Текебаев 24 июн куни парламент қуйи палатаси қабул қилган қонун лойиҳаси муаллифидир. У “Озод Европа-Озодлик” радиосига, янги қонун оммавий йиғилишлар ва кўча намойишлари ўтказиш ҳақидаги фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилишини айтди.

“Биринчидан бу фуқароларнинг йиғилиш ҳуқуқларини кенгайтирувчи янги қонуний асос. Масалан, қонунда йўллар, йўлкалар, майдон ва булварлар, жамоат жойлари деб аталиб, фуқаролар барча жамоат жойларида ҳамда биноларда йиғилиш ва намойиш ўтказиши мумкинлиги айтилган. Шу кунга қадар агар 15 – 20 киши йиғиладиган бўлса, ички ишлар органи ходимлари руҳсат этилмаган йиғилиш эканини даъво қилиб, уларни тарқатиб юборар эдилар. Энди эса одамлар маҳаллий ҳокимият руҳсатисиз мана шундай йиғилишлар ўтказишлари мумкин”.

Бироқ, Текебаевнинг парламентдаги ҳамкасблари ва Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари унинг ушбу оптимизмига қўшилмайдилар.

Қирғизистон парламентининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси бошлиғи Оксана Малеванная оммавий йиғилиш ҳақидаги бошқа қонун лойиҳаси муаллифи ҳисобланади. У “Озод Европа Озодлик” радиосига, парламентда кўпчиликни ташкил этган хукумат тарафдори бўлган депутатлар унинг оддий фуқаролар нуқтаи назаридан ёзилган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ўзи тузган қонун лойиҳасини қўллаб қувватламаганларини айтди. Унинг фикрича, қабул қилинган қонун ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот органлари манфаатига хизмат қилади. Малеванная, ушбу қонун биринчи қарашда жуда демократик бўлиб қўринишини аммо:
“Аслида ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот органининг хар қандай расмийси қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Масалан, йиғилиш, намойиш ва юришларда иштирок этмаётган бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилдими ёки йўқми? Агар улар нуқтаи назаридан бошқа фуқаролар ҳуқуқлари бузилса, маҳаллий маъмурият расмийлари ва хуқуқ тартибор органи ходимлари шундай тадбирни дарҳол таъқиқлаш ҳуқуқига эга.”,-деди.

Қирғизистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари янги қонуннинг республика сиёсий ҳаётидаги ролини кичрайтириб кўрсатишга уринмоқдалар. Наталия Аблова “Инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги” Қирғизистон-Америка бюроси бошлиғи бўлиб ишлайди. У, қонун жуда кеч қабул қилинганини ва у Қирғизистондаги сиёсий ва жамоа ҳаётига таъсир кўрсатмаслигини айтди.

“Ҳозир ушбу қонун, мен буни ҳаммага айтиб бўлдим, хеч қандай маънога эга эмас. Агар кишилар йиғилишни хоҳласа бу қонунни шунчаки назар-писанд қилишмайди. Бизга бундай қонун керак эмас. Бизнинг тинч ва қуролсиз йиғилиш ўтказиш борасида конституцион хуқуқимиз бор. Бундан ташқари яна фуқаролик кодекси ҳам бор”.

Айни пайтда Аблова, ушбу қонун камида битта ижобий жиҳатга эга эканини у ҳам бўлса маҳаллий маъмурларнинг қонунчилик соҳасида мустақил ҳаракат қилишларининг олдини олишини айтди. Сўзининг охирида у, Қирғизистон расмийлари янги қонундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадиларми ёки йўқ, ундан қатъи назар, улар янги йиғилиш ва маршлар бўлиб ўтишини тўхтата олмасликларини айтди.
XS
SM
MD
LG