Линклар

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҚИБРАЙ ТУМАНИГА ҚАРАШЛИ БАЙТҚЎРҒОН ҚИШЛОҒИДА БИР ЙИЛ ИЧИДА (2001 — 2002 ЙИЛЛАР) 9 КИШИ ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛГАН


Қишлоқ ахлининг Озодлик мухбирига айтишларича, илгари Байтқўрғонда ҳеч қачон бу қадар катта кўрсаткичдаги худқушликлар содир этилмаган.
Бир қишлоқда бир йил ичида 9 кишининг ўз жонига қасд қилиши вилоят миқёсидаги энг катта кўрсаткич бўлиб, бу масала маъмурий идораларда ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, туман ҳокимияти, қишлоқ ва маҳаллаларда ушбу муаммо юзасидан йиғинлар ўтказилган. Йиғинларда ахоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлиги уқтирилган.
Байтқўрғон қишлоғи таркибига 6 маҳалла киради, ахолисининг сони – 13,5 минг киши, 2,5 минг хўжалик истиқомат қилади.
Хўжалик асосан қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Ахолининг бир қисми қишлоқ далаларида ижарага ер олиб, деҳқончилик қилиш билан шуғулланади, бошқалар Кибрай ва Тошкент шаҳрига қатнаб ишлайди.
Байтқўрғонда энг сўнгги худқушлик 2002 йилнинг 21 июлида, якшанба куни содир этилган: 4 фарзанднинг отаси, 40 ёшли Тўлқин Хўжаметов ўзини осиб қўйган. Қишлоқ ахлининг Озодлик мухбирига айтишларича, фожеанинг асосий сабаби — иқтисодий етишмовчилик, турмуш оғирликлари.
— Етишмовчилик, иқтисодий қийинчиликлар у кишининг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлди, — дейди марҳумнинг беваси, — у киши ҳалол ишлаб, фаровон яшашни, фарзандларига едириб, яхши кийинтиришни орзу қилардилар. Лекин бу жамиятда ҳалоллик билан пул топиш қийин экан.
Шералиева Мунира — 1961 йилда туғилган. 3 фарзанднинг онаси. 2002 йилнинг 19 январида ўзини осиб ўлдирган. Қишлоқ ахлининг гувоҳлик беришича, бу аёлнинг ўлимига ҳам иқтисодий ночорлик сабаб бўлган.
2002 йилнинг қиш ойларида Байтқўрғонда 7 синф ўқувчиси бўлган Юлдуз исмли қизалоқ ўзини осиб ўлдирган. Юлдуз онасининг биринчи никоҳидан бўлган фарзанд экан. Ҳамқишлоқларининг айтишларича, бу оила кам таъминланган, ниҳоятда ночор турмуш кечирган. Ўгай огта ичкиликка муккасидан кетган, бунинг оқибатида оилада доимий джанжал ва келишмовчиликлар юз бериб турарди. Воқеа шундай содир бўлган: 2002 йилнинг қиш ойларида дастлаб она худқушлик мақсадида ўзини осиб қўяди. Аммо буни вақтида илғаб қолган тўнғич қизи Юлдуз уни қутқариб қолишга мушарраф бўлади. Аммо орадан бир ҳафта ўтиб, Юлдузнинг ўзи онаси қандай ўз жонига қасд қилган бўлса, айнан шу усулда худқушлик содир этади.
Орадан бир ҳафта ўтгач, марҳума Юлдузнинг синфдоши, 7 синф ўқувчиси Ҳамдамов Мамуд ўз уйида укаларига синфдоши қилган ишни кўрсатмоқчи бўлади. Аммо бу даҳшатли ўйин укаларининг ўз ўнгида ёш Маҳмуднинг бу дунёни тарк этиши билан якун топади.
Ўтган бир йил ичида Байтқўрғонда яна:
1981 йилда туғилган Отаметов Бобур;
15 ёшли Умид исмли болакай;
15 ёшли Туеков Азим;
1980 йилда туғилган, оилали, фарзандли яна бир йигит ўзини осиш усулида худқушликлар содир этган.
Фақат икки боланинг онаси бўлган бир келинчак ўзини сувга ташлаб ҳаётига сўнгги нуқтани қўйган.
XS
SM
MD
LG