Линклар

Бугун Фаластин ҳукумати котиби Аҳмад Абдул Раҳмон Исроил Бош вазири Ариэль Шароннинг кечаги чиқишини танқид остига олди.


Кеча Шарон мамлакат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, Фаластин раҳбариятини "қотиллар ва террорчилар тўдаси" дея таърифлаган эди. Шароннинг бундай баёноти, Фаластиннинг юқори даражадаги делегацияси Вашингтонда АҚШ расмийлари билан сўзлашувлар олиб бораётган бир пайтда айтилди. Абдул Раҳмонга кўра, Исроил бош вазири ўзининг бу чиқишлари билан Фаластин – Америка музокараларига тўсқинлик қилишга урунмоқда. Кеча Фаластин делегацияси АҚШ давлат котиби Колин Пауэл ҳамда Вашингтон раҳбарининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райслар билан учрашган эди. Америка расмийларининг маълум қилишларича, музокаралар давомида Арафат тақдири билан боғлиқ масала кўтарилмаган. Эслатиб ўтамиз июн ойида АҚШ президенти Жорж Буш фаластинликларни ўзларига янги раҳбар сайлаб демократик ислоҳотлар йўлидан боришга даъват этган эди. АҚШ давлат департаментидаги сўзлашувлар бугун ҳам давом этмоқда. Эртага олий даражадаги фаластин делегацияси Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Теннет билан учрашади.
XS
SM
MD
LG