Линклар

ҚИШКИ ОЛИМПИЯДА МУСОБАҚАЛАРИГА "ТАЙВАНЧИК" ҲАКАМЛИК ҚИЛГАНМИДИ?

  • Ҳурмат Бобожон

Рус мафиясининг узун қўли қитъалар оша қишки олимпияда ўйинлари ўтган Солт Лейк Ситига ҳам етган кўринади. Чоршанба куни Италияда рус мафияси орасида "Тайванчик" лақаби билан танилган Олимжон Тўхтаохунов Венециядаги вилласида қўлга олинди. Солт Лейкда ўтган қишки олимпияда ўйинлари давомида ҳакамларни сотиб олишда айнан Тўхтаохунов воситачилик қилгани гумон этилмоқда. АҚШ Федерал қидирув бюроси вакилларининг таъкидлашларича, айнан Тайванчик фигурали учиш жуфтлик мусобақаларида россиялик фигурачилар Елена Бережная ва Антон Сихарулидзеларга олтин медални таъминлаб берган. Шунингдек, Франция жуфтлиги Марина Анисина ҳамда Гвендал Пейзерлар ҳам фигурали учишнинг спорт тури бўйича дунё биринчилигини рус мафиячиси эвазига қўлга киритдилар.
АҚШ федерал прокурори Жеймс Комейнинг таъкидлашича,
рус уюшган жиноятчилиги доираларида ном қозонган бу шахс француз фигурачисига ёрдам кўрсатаман деб ўзи ҳам катта манфаат кўрмоқчи бўлган. "У рус ва француз ҳакамлари ўртасида ўзаро манфаатли келишувни ташкиллаштиради. Яъни рус фигурачиларининг жуфтлик чиқишларини баҳолашда француз ҳакамлари юқори бал беришларини, бунинг эвазига эса рус ҳакамлари фигурали учишнинг спорт тури бўйича француз жуфтлиги чиқишларини қўллаб қувватлашларини таъминлаб беради. Табиийки бу ерда учинчи мукофот рус мафиячисига аталган эди", - дейди Жеймс Комей.
Ҳозирда Тўхтаохуновга товламачилик ҳамда пора эвазига тил бириктирганлик айблари қўйилмоқда. Агар америка прокуратураси ҳақиқатан ҳам бу жиноятларни исботласа Тўхтаохунов 10 йилга махкум этилиб, ундан 500 минг долларлик жарима ҳам ундириб олинади. Ҳозирда "Тайванчик" Венеция қамоқхонасида ушлаб турилибди. АҚШ Федерал қидирув бюроси унинг экстрадиция қилинишини сўрамоқда. Айтишларича, Тошкентда туғилиб катта бўлган Олимжон Тўхтаохунов Евроосиё мафиясининг кўзга кўринган обрўли шахсларидан бўлган.
Россия фигурали учиш федерациясидагилар эса олимпияда ўйинларидан олти ой ўтиб яна кўтарилган бу ғавғоларни кечагина хориж ахборот воситалари тарқатган хабарлардан эшитганликларини айтишди. "Нима дейишим мумкин, бу бўхтондан бошқа нарса эмас. Фигурали учиш мусобақаларида ҳакамларни сотиб олиш ақлга сиғмайдиган нарса. Спортчиларимиз ўз куч-махорати билан бунга эршидилар", - дейди россиялик спорт мураббийси Елена Чайковская. Халқаро олимпия қўмитаси президенти Жак Роггенинг бунга муносабати сал бошқачароқ бўлди. "Бу биз учун фожеа. Мен ушбу воқеалар юзасидан батафсилроқ маълумотлар тақдим этилишини талаб қиламан", - деди Рогге, жумладан. Жаҳон спорт доиралари вакиллари, шу жумладан Жак Рогге ҳам халқаро мусобақаларда ҳакамларни сотиб олиш мумкинлигини инкор этишмаяпти. Эсингизда бўлса, Солт Лейк олимпияда ўйинларидан сўнг фигурали учиш мусобақаларига ҳакамлик қилган француз судяси Ле Гун Франция фигурали учиш федерациясининг кучли босми остида россиялик фигурачиларга кўпроқ бал берганини айтганди. Бунга жавобан француз олимпия жамоаси раҳбари ҳақиқатан ҳам Ле Гунга босим қилинганини ва бундай босим Франция спорт уюшмаси тарафидан эмас қандайдир шубҳали шахслар тарфидан қилинганини айтганди. Катта шов-шувга сабаб бўлган бу воқеалардан сўнг ҳакамлар хулосаси қайта кўриб чиқилиб, деярли бехато чиқиш қилган канадалик жуфтлик Жеми Сале ва Давид Пелетеларнинг кумиш медали олтинга айлантирилганди.
Кеча Канада фигурали учиш федерацияси олимпияда ўйинлари ортида рус мафиясининг қўли борилигини эшитиб саросимага тушганини маълум қилди. "Солт Лейкдаги қабихликлар аста-секин юзага чиқмоқда ўйлайманки бу ишлар оҳиригача олиб боилади," - дея баён қилди Канада фигурали учиш федерацияси президенти Мерилен Чейдлоу. Аммо Россия олимпия кўмитаси Тўхтаохуновга қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссиз эканини айтмоқда. Қўмита матбуот вакили Геннадий Швец "Озодлик" мухбирига берган интервьюсида, бу рус спортчиларига отилаётган таъна-тошлардан бошқа нарса эмас деб таъкидлади.
"Агар Бережная ва Сихарулидзелар чиқишларини олиб қарасак улар техник жиҳатдан Канада жуфтлиги Пелете ва Салеларникидан анча юқори савияда бўлган ва буни ҳамма билади. Бунга қандайдир Алик Тайванчикларнинг аралашувига хожат ҳам йўқ эди. Шунинг учун айтмоқчиманки, буларнинг бари уйдурма," – дейди Россия олимпия қўмитаси матбуот вакили.
АҚШ федерал прокурори Тўхтаохуновни айблашга етарлича асослар борлигини айтади. "Тайванчик"нинг ўз шериклари билан телефон суҳбатлари ёзиб олинганида Анисина номи тез-тез тилга олинади. Ҳатто Тўхатохуновнинг асли келиб чиқиши россиялик бўлаган француз фигурачиси Марина Анисина ҳамда унинг онаси билан телефон сўзлашувлари ҳам магнит тасмасига тушириб олинган. Ана шундай сўзлашувларнинг бирида "Тайванчик" француз спортчисига "хотиржам бўлавер, сен биринчи бўласан, ҳакамларга босим кўрсатиш ҳам қўлимиздан келади", - деб айтган. Айрим норасмий маълумотларга кўра, Тўхтаохуновнинг Халқаро олимпия қўмитаси аъзолари билан ҳам муносабатлари яхши. Ўтган йили франция ҳукумати спорт ва шоу бизнесга қўшган хиссаси учун "Тайванчик"ни фаҳрий легион унвони билан ҳам тақдирлабди. Айтишларича Парижда ўтган тақдирлаш маросимида француз фигурачиси Марина Анисина ҳам бўлган. Тўхтаохуновга яқин юрганлар эса унинг Алла Пугачева, Иосиф Кабзон, Валентин Юдашкин, София Ротарулар билан борди-келдиси борлигини айтишади. Тайванчикнинг укаси Боря Тўхтаохуновни эса тошкентликлар қўшиқчи сифатида яхши билишса керак. Норсамий манбаалардан олинган маълумотларга кўра, Тўхтаохуновларнинг Тошкентда бир қанча ресторанлари ҳам бор.
Рейтер ахборот агентлигининг Италия полицияси сўзларига таяниб хабар беришича, Тайванчикнинг Америкага экстрадицияси ноябргача чўзилиши мумкин. Бироқ, Халқаро олимпия қўмитаси вакиллари махкама жараёнини кутиб ўтириш ниятида эмаслар. Улар иложи борича тезроқ ушбу жиноят тагига етиш ниятидалар. Хуллас, бу ишлар анча жиддий тус оладиган кўринади.
XS
SM
MD
LG