Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:22

49 йилгами, 99 йилгами, абадийми?<br>Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш арафасида.


Эшиттиришларимизни мунтазам тинглаб келаётган муштарийларимиз қишлоқ хўжалиги ерларини постсовет мамлакатлари орасида биринчи бўлиб хусусийлаштира бошлаган Қирғизистон тажрибасидан яхши хабардор.
Хўш, бу масала Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида, хусусан, Қозоғистонда қандай ҳал этилаяпти?

Бугунги мақоламизда мана шу саволга жавоб излаймиз.


Бу масалани ёритишни анчадан буён ўйлаб келаётгандик, бироқ, баҳонаи сабаб куни кеча пайдо бўлди.
Қозоғистон президенти парламентдан қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш бўйича ҳукумат томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишни сўради. "Бу масалага сиёсий тус бериб, қонунни қабул қилишни чўзмаслик лозим", деди Нурсултон Назарбоев.
Мазкур масалани тезроқ ҳал қилишга президент шошаётганини тушунса бўлади, чунки "А" дейилганидан сўнг, кейинги товушларни ҳам бирин-сирин айтиш лозим, яъни саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш муассасалари хусусийлаштирилганидан сўнг, шудгору яйловнинг ҳам хусусийлаштирилиши - жараённинг табиий давоми кўринади.
Бироқ, президентнинг парламентга мурожаатидан мамлакат парламенти бу масалада тархашлик қилаётгани сезилади.
Хўш нега?
Аслида бугунги мақолада ўрганмоқчи бўлганимиз шу масала.
Бироқ, республикада 90-йилларнинг ўрталарида бошланган ер ислоҳотлари тадрижини ўрганмай туриб, асосий саволга жавоб топиш мушкул.
"Озод Европа-Озодлик" радиоси Қозоқ хизмати ходими Султон Хон Юсуфга кўра, Қозоғистонда президент фармонига биноан колхозлар 94 йилда тарқатиб юборилган ва жамоа хўжаликлари мулки уларнинг аъзоларга бўлиб берилган. Бунга ҳаётнинг ўзи мажбур қилди, чунки техника воситалари, ёнилғи, минерал ўғитлар ва умуман, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини уюштириш учун зарур ашёларнинг нархлари либераллаштирилганидан сўнг колхоз-совхозларни тарқатиб юборишдан бошқа чора қолмаганди, дейди Султон Хон Юсуф.



"Колхозларнинг ери ва мулки улушларга бўлиниб аъзоларга бўлиб берилди. Хонадонлар олдидаги томорқалар колхозчиларга текинга ўтказиб берилди, дала майдонларидаги улушлар эса 49 йилга ижарага берилиб, улушдорларга ерни давлатдан ижарага олганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар ёзилди", деб ҳикоя қилади ҳамкасбим.
Шундай қилиб, қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерларни хусусийлаштириш йўлида Қозоғистонда 94 йили биринчи қадам ташланди, бироқ бу қадам, кузатувчиларга кўра, чала эди. Чунки, колхоз тарқатилиб ери бўлиб берилгани билан, трактор ва уни юргизувчи солярка арзон бўлиб қолмайдику.

Шу маънода Президентнинг ерни хусусийлаштириш тўғрисидаги қонуннинг тезроқ қабул қилинишига интилаётганини тушунса бўлади, дейди Султон Хон Юсуф. Чунки ери хусусий бўлган деҳқонгина ишларини юритиш учун ерини гаровга қўйиб банкдан қарз ола билади. Ҳозирги шароитда эса, яъни ер давлатники, деҳқон эса фақат ижарага олувчи бўлиб турган шароитда, ерни гаровга қўйиб бўлмайди.

Шунга қарамасдан, Султон Хон Юсуфга кўра, республикада қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштиришга тиш-тирноғи билан қарши турган кучлар бор. Улар ўз позицияларини тушунтирар эканлар, агар ер хусусийлаштириладиган бўлса, унинг улкан қисми асл деҳқонга эмас, балки кейинги беш-олти йил ичида йирик заминдорларга айланиб кетган амалдорларга ўтиб кетади, деган гапни айтадилар.
Бундай фикрни билдирувчиларга кўра, кейинги йилларда амалдорлар маблағи йўқлиги туфайли ўз ер улушидан фойдалана олмайдиган деҳқонлардан турли усуллар билан ердан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни оливолганлар. Қабул қилинажак қонун эса ўша заминдорларнинг юзлаган, минглаган, ўн минглаган гектар ерларини қонунлаштириб қўяди холос.
Ерни хусусийлаштириш ғоясига қарши куч вакилларидан бири Қозоғистон парламентидаги коммунист депутатлар лидери - депутат Серикболсин Эбдилдиндир. Биз у киши билан 5 сентябрь куни телефон орқали боғландик.
Президент Назарбоевнинг парламентдан ерни хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни тезроқ қабул қилиб бериш тўғрисидаги сўровига муносабат билдирар экан депутат Эбдилдин Назарбоевнинг ерни хусусийлаштириш бўйича ташаббусни ўз қўлига олишига сабаб шуки, у далада ишламайдиган, бироқ фойдани кўриб ётадиганларга бази нарсаларни аллақачоноқ сотиб юборишга улгурди, дейди.
Ўзи бошқараётган коммунистлар фракцияси позициясини изҳор этар экан, депутат Эбдилдин ерни хусусийлаштиришнинг мутлақо кераги йўқ, деб ҳисоблайди.


Қозоғистонлик коммунистларга кўра ер ва деҳқон муносабатлари ҳозирги ҳолатида қолиши лозим, яъни ер - давлат мулкидир, у 49 йилга ижарага берилади, балки 99 йилга ҳам бериш керакдир.
Депутат Эбдилдин суҳбатимиз давомида, аслида колхозлар тарқатилгани хато бўлди, уларни қайта тикласак ёмон бўлмасди, деган фикрни ҳам билдирди ва фикрининг қуввати сифатида баъзи мамлакатларнинг бу соҳадаги тажрибасига ишора қилди.

Албатта, ер ва сув масаласи ҳаёт-мамот масаласидир. Шунинг учун ҳам унга нисбатан турли ёндошувлар бўлиши табиий.
Қозоғистон парламентининг коммунист депутати суҳбатимиз давомида ерни хусусийлаштириш оддий деҳқонга, фермерга керак эмас, деди.
Шу ўринда Қозоғистон фермерлари федерациясининг куни кеча ёйинлаган баёнотини эслаш ўринлидир. Фермерлар федерацияси ерни хусусийлаштиришга принципда қарши эмас. Улар хусусийлаштириладиган ер майдони хажми мамлакатнинг турли минтақаларида турлича бўлиши лозимлигини уқдирмоқдалар. Яъни мамлакат жанубида хусусийлаштириладиган ер майдони 10 гектардан, шимолида эса минг гектардан ошмаслиги керак, деб таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG