Линклар

Айни соатларда АҚШ Президенти Жорж Буш Оқ уйда Россия ташқи ишлар ҳамда мудофаа вазирлари билан учрашиб, Ироқ масаласини муҳокама этмоқда.


Учрашув арафасида Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Жорж Бушлар ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Путин халқаро инспекторларнинг Ироққа қайтарилиши тарафдори эканини айтган. Олдинроқ, Буш ўз чиқишларининг бирида агар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ироқни қуролсизлантириш бўйича кескин резолюцияни қабул қилмаса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Бағдодга қарши бир тарафлама ҳаракат олиб боришини баён қилган эди.
Кеча Россия ва АҚШ мудофаа вазирлари Сергей Иванов ҳамда Дональд Рамсфельдлар ҳам Вашингтонда икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ва Ироқ атрофидаги вазиятни муҳокама этдилар. Учрашув якунида Россия мудофаа вазири Москва Ироқ масаласининг куч ишлатиш йўли билан ҳал этилишига қарши эканини яна бир бор қайд этди. Ивановга кўра, АҚШ ҳанузгача Ироқнинг оммавий қирғин қуролига эга эканини исботламади. Унинг фикрича иложи борича тезроқ халқаро инспекторларнинг Ироқда фаолиятини қайтадан йўлга қўйиш керак. БМТнинг Ироқни қуролсизлантириш бўйича комиссияси бошлиғи Ханс Бликс пайшанба куни Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига унинг гуруҳи октябр ойининг ўрталарида Ироққа боришни режалаётганини маълум қилди. Бунинг аниқ муддати, деди Бликс Ироқ расмийлари билан олиб бориладиган музокаралардан сўнг маълум бўлади. Бу музокаралар 30 сентябр куни Венада ўтказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG