Линклар

АҚШ ҳукумати Ироқни Ал-Қоида террор тармоғи аъзоларига бошпана бераётганлик ҳамда улар учун трейнинглар ўтказаётганликда айблади.


АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райснинг кечаги баёнотида АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирликлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ироқ бўйича резолюцияси қабул қилиниши устида ишлаётганлари маълум қилинади. Резолюция лойиҳаси муҳокама учун жорий ҳафтада тақдим этилиши мумкин.
Британияда ташқи ишлар вазири Жэк Строу БМТнинг Ироқ бўйича янги резолюцияси қабул қилинишини қўллаб–қувватлажагини билдирар экан, бироқ Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаш учун БМТ резолюциясига эҳтиёж йўқ, деб таъкидлади.
Вашингтонда эса демократлар партияси республикачи Жорж Бушни Ироқ билан сиёсий ўйинлар олиб бораётганлик, аксил-террор урушдан нуфуз орттириш мақсадида фойдаланаётганликда айблади.
Россия президенти Владимир Путин БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ироқ бўйича янги резолюциясига ҳожат йўқлигини таъкидлаб, илгари қабул қилинган резолюцияларга риоя қилиш кифоя, деди.
Хитой ташқи ишлар вазири вакили Цзян Кью Пекин Буюк Британиянинг Ироқ бўйича досьесини ўрганаётганини маълум қилар экан, БМТ инспекторларига Ироққа қайтишга тезда имконият яратиш лозимлигини таъкидлади.
Ироқ ҳукумати эса айни вақтда ҳужумларга қарши чиқаётганлар таянчини таъминлаш мақсадида ўз вакилларини хорижга юбормоқда. Ташқи ишлар вазири Нажи Сабрий бугун Теҳронда Эрон расмийлари билан учрашди. Ироқ бош вазир муовини Тариқ Азиз эса шанба куни Туркияга сафар қилади.
XS
SM
MD
LG