Линклар

logo-print

“Усама бен Ладен тирик ва АҚШга қарши янги террор ҳуружларни режалаштирмоқда”


“Усама бен Ладен тирик ва ёрдамчиси Айман Ал–Завоҳирий билан биргаликда АҚШга қарши янги террор ҳуружларни режалаштирмоқда”. Сешанба куни “Ассошиэйтед Пресс Телевижн Ньюс” дастури буни маълум қилар экан, агентликка етиб келган аудиокассетада ёзилган овозлар айнан Усама бен Ладен ва Ал-Завоҳирийга тегишли эканини таъкидлади. Ундан икки кун олдин - якшанба куни эса АҚШ ва Афғонистон разведка хизматлари Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ва Афғонистоннинг собиқ бош вазири муовини Абдул Кабир ўртасида телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатни тинглашга муваффақ бўлганларини билдирган эдилар.

“Ассошиэйтед Пресс”га етиб келган аудиокассетанинг қачон ва қаерда ёзиб олинганини аниқлаш имкони бўлмади. Бироқ унда АҚШнинг Ироққа қарши сиёсати кескинлашаётгани, 1 июл куни эса АҚШ учқичлари Афғонистонни бомбардимон қилганлари тилга олинган, бундан эса овозлар яқинда ёзиб олинганини тахмин қилиш мумкин.

50 ёшли Ал-Завоҳирий асл мисрлик бўлиб, Ал-Қоида террор тармоғининг стратеги ҳисобланган. У Усама бен Ладеннинг шифокори ҳамда маслаҳатчиси бўлган. 1998 йилда “Ал-Қоида” тармоғига қўшилишдан олдин Завоҳирий Мисрнинг Исломий жиҳод ҳаракати раҳбари бўлган. 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг АҚШ ҳукумати Завоҳирийни қўлга туширишга ёрдам берган одамга 25 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилган, бироқ террорчи ғойиб бўлган. АҚШ расмийларининг қайд этишларича, Завоҳирий ва бен Ладеннинг тирик ёки ўликлиги уларга номаълум. Мисрлик террорчи 1995 йилда Мисрнинг Покистондаги элчихонасини портлатганликда ва мисрлик расмийларни ўлдиришга уринганликда гумон қилиниб, 1999 йилда Мисрда сиртдан суд қилинган. У, шунингдек, АҚШ ҳукумати томонидан 1998 йилда АҚШнинг Танзания ва Кениядаги элчихоналарини портлатганликда гумон қилинган одамлар рўйхатига киритилган.

Хўш, аудиокассетада ҳақиқатан ҳам Завоҳирий овози ёзилганми? АП агентлиги ходимлари бу савол билан Лондонда жойлашган ва араб тилида чиқадиган “Ал-Қудс ал Арабий” газетаси муҳаррири, илгари Завоҳирийдан интервью олган Абдул-Бори Атвонга мурожаат қилдилар. Атвон эса кассетани эшитиб чиққанидан сўнг 100 фоиз ишончи бўлмаса-да, лекин овоз Завоҳирийникига жуда ўхшашини айтди. “У араб тилининг мисрча шевасида гапиряпти ва илгари ишлатган ибораларни бу сафар ҳам ишлатяпти”, - деди Атвон.

Шундай қилиб, Усама бен Ладеннинг яқини, масалаҳатчиси ва ёрдамчиси Ал-Завоҳирий деб гумон қилинаётган одам аудиокассета орқали АҚШдан мусулмон дунёсини тинч қўйишни талаб қилиб, америкаликлар Афғонистон ва Фаластин мусулмонларига қандай муносабатда бўлаётган бўлсалар, уларга ҳам шундай муносабат қилинади, деб таъкидлади ва АҚШ қилмишлари учун жавоб бериши кераклигини айтди. “Биз Америка иқтисодига ҳам зиён етказишда давом этамиз”, - деди Завоҳирий деб тахмин қилинаётган киши. Айни вақтда у АҚШнинг Афғонистондаги мақсадлари амалга ошмагани, аксилтеррор кампания бошланганига бир йил тўлган бўлса-да, “Ал-Қоида” етакчиси Усама бен Ладен ва Толибон раҳбари мулла Муҳаммад Умарлар ҳамон тирик эканлари ва уларнинг саломатликлари яхши эканини таъкидлаган.

АҚШнинг Ироққа қарши сиёсатининг мақсади ҳақида гапирар экан, Завоҳирий деб тахмин қилинаётган одам, АҚШ мақсади - Исроил яқинида жойлашган ва ниҳоятда кучли бўлган армияни йўқ қилишдан иборатдир, деб фикр билдирган ва Вашингтон, шунингдек, араб дунёсида Исроил устуворлигини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, деб айтган.

“Америка ва унинг ҳамкорлари ўз жиноятлари учун жавоб беражакларини яхши биладилар. Улар жазосиз қолмайдилар”, - деди Ал-Завоҳирий деб тахмин қилинаётган одам ва АҚШ ҳукуматига Фаластин, Араб кўрфази, Афғонистон ва бошқа мусулмон давлатлардан ўз қўшинларини олиб чиқишни талаб қилди. “Акс ҳолда улар ҳамма нарсани йўқотадилар”, - деди у.

“Ал-Қудс ал Арабий” газетаси муҳаррири Абдул-Бори Атвон мазкур аудикассетанинг ёзиб олингани ва АП агентлигига юборилгани ҳақида гапирар экан, “Ал-Қоида” етакчилари тирикликларини ва ҳамон катта қудратга эга эканларини намойиш қилишга интилганлар”, - деб фикр билдиради.

“Ал-Қоида” раҳбарларининг илгари видеокассеталар юборганлари маълум эди, нима сабабдан бу сафар улар аудиокассета юбордилар”, - деган саволга эса муҳаррир “ал-қоидачилар разведка хизматларига улар қаерда эканларини аниқлаш имконини бермаслик учун шундай қилганлар”, деб жавоб берди.
XS
SM
MD
LG