Линклар

Вашингтон маъмурияти Саддам Ҳусайн ҳали ҳам Америкага таҳдид солаëтганини маълум қилди.


Акрам Файзулло

АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти марказий разведка бошқармаси директорининг, Саддам Ҳусайн фақат ҳужумга учраган тақдирдагина оммавий қирғин қуролларини қўллайди, деган хулосасига ҳам қарамай, Ироқ лидери Америкага таҳдид солаëтганига амин эканини билдирди.
Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Тенетнинг конгрессга йўллаган мактубида қайд этишича, Ироқ кимëвий ëки биологик қуроллар билан биринчи бўлиб ҳужум қилмайди, аммо агар Американинг ҳарбий зарбасига учраса, бундай қуролларни қўллаши мумкин.
Чоршанба кунги матбуот брифингида, марказий разведка бошқармаси директори Ироқ оммавий қирғин қуроллари билан қасос олиши мумкинлигини айтган бўлсада, Буш нима учун Ироққа қарши ҳужум қилишга таҳдид этмоқда, деб сўралганида, Оқ уй матбуот вакили Ари Флешер, Тенетнинг хулосаси Саддам таҳдид солаëтганини тасдиқлашини айтар экан: -
“Агар Саддам Ҳусайн сизнинг бошингизга қурол ўқталиб, менда қурол йўқ, деб турса, сиз ўзингизни қанчалар хавфсиз ҳис қиласиз?” деди.
Чоршанба куни конгрессда Ироқ борасидаги резолюция муҳокама қилиниши давомида Тенетнинг мактуби бир неча марта мисол сифатида келтирилди. Резолюцияга қарши бўлган конгресменларнинг айтишларича, марказий разведка бошқармаси директорининг хулосаси, Ироққа қарши хужум қилиш орқали Америка халқини Саддамдан ҳимоя қилиб бўлмаслигини, аксинча бундай ҳужум уни янада хавфли кишига айлантиришини исботлаган.
Конгресс резолюцияси, агар БМТ хавфсизлик кенгаши Ироқни қуролсизлантириш борасида ўз қарорини қабул қилмаса, президент Бушга Ироққа қарши барча зарур чораларни кўришга ва хатто ҳарбий ҳужум қилишга рухсат беради.
Ушбу резолюция яна Бушдан, ҳарбий ҳужумни бошлашдан 48 соат олдин конгрессни хабардор қилиши ва урушни четлаб ўтиш учун олиб борилган барча дипломатик ташаббуслар натижа бермаганини тасдиқлаши талаб этилади.
Бушнинг айтишига кўра, Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларига эга ва яна шундай қуроллар ишлаб чиқаришга уринмоқда. Чоршанба куни Оқ уйда сўз юритган президент Буш, агар БМТ Саддам Ҳусайнни қуролсизлантириш учун тезда ҳаракат қилмаса, бу ишни Америка ўз иттифоқдошлари билан амалга оширишини таъкидлади.
“Агар Саддам Ҳусайн қуролсизланмаса ва агар БМТ буни қаттиқ талаб қилмаса, Америка ва унга ўхшаган тинчликсевар мамлакатлар Саддамни қуролсизлантириш учун барча зарур чора тадбирларни кўради”, - деди Буш.
Қизғин баҳс-мунозараларга қарамай, конгресснинг ҳар икки палатаси резолюцияни қабул қилиши кутилмоқда.
Америка ва Британия БМТ хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган бошқа 3 давлат - Хитой, Россия ва Францияни Ироқ хусусида талаблар кучайтирилган янги бир резолюцияни тасдиқлашга чақирмоқда. Ушбу резолюцияда, Ироқдан халқаро ҳарбий инспекторларга ҳар қандай вақтда, ҳар қандай жойда чекловсиз ва шартсиз рухсат бериши талаб қилинади, акс ҳолда ҳужумга учраши хақда огоҳлантирилади.
Аммо Россия ва Франция Ироққа қарши ҳарбий куч қўлланишига қаршилик кўрсатишни давом эттирмоқда. Кўплаб кузатувчиларнинг фикрига кўра, Хитой Ироқ муаммосига аралашмаслиги ва бу масалада овоз беришга қатнашмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG