Линклар

logo-print

Ўзининг қаердалигини яшириш учун Саддам соҳта “Саддам”лардан фойдаланади.

  • Ҳасанжон

Оқ уй матбуот котиби Ари Флейшер Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ҳақида АҚШдаги кўпгина расмийларнинг кўнглида бўлган гапни лўнда қилиб, Саддам ўлса хурсанд бўлишини айтди.
Яқинда (1 октябрда) Вашингтонда ўтган матбуот конференциясида Флейшер, Саддам Ҳусайн ҳаётига суиқасд қилиниши Ироқ бўҳронининг энг содда ечими эканини айтди. АҚШ қонунлари бошқа давлат раҳбарлари ҳаётига қарши суиқасд уюштиришни таъқиқлагани боис Оқ уй матбуот котиби, Ироқ халқи бу ишни ўз қўлига олиш орқали АҚШнинг кенг кўламда ҳарбий ҳужум уюштиришига йўл қўймаслигига умид билдирди. Ари Флейшер: “Битта ўқнинг нархи, агар Ироқ халқи буни ўз зиммасига олса, урушдан анча арзон. Урушнинг нархи эса, ундан анча қиммат. Аммо шунга қарамай кўп танлов бор. Президент, дунё ва Ироқ тахдиддан қутилиш истагини билдиришига умид қилмоқда.”,-деди.
Аммо, машҳур бўлган ва ўз қўриқчиларига катта пул тўлаётган Ироқ лидерини нишонга олиш осон вазифа эмас. Чунки, биринчидан, Саддам хеч қачон бир жойда икки кун тунамайди. Маълумотларга кўра, 1991 йилдаги Кўрфаз уруши даврида унинг қўриқчилари намозшом пайтида оддий ироқликлар уйига кириб кутилмаган меҳмон учун жой тайёрлашни талаб қилганлар. Фақат сўнгги дақиқалардагина Саддамнинг ўзи уйлардан бирига тунаш учун кириб келган. У эрта тонгда жўнаб кетган. Айни пайтда Саддам Хусайн ўзига жуда ўхшаш соҳта Саддамларни оммага кўриниш учун турли маросимларга жўнатган. Соҳта Саддам нафақат ҳақиқий Саддамнинг вазифасини бажарган, балки, ўша пайтда унинг қаердалигини ҳам яширган.
Англиядаги Лондон университетининг социологи ва тадқиқотчиси Фалиҳ Абдул Жаббор, ироқликлар Саддам Ҳусайн ўзига жуда ўхшаш кишиларни ишга олишидан хабардар эканликларини айтди: “Одамлар ҳақиқий Саддамнинг ўрнига бошқа шахс келганини бепарво, баъзи пайтларда кулаётган қўриқчиларга қараб ажрата олганлар. Ҳақиқий Саддамнинг олдида қўриқчи ўзини бундай тута олмайди. Ҳақиқий Саддам телекамераларни яхши кўради ва ўзини яқиндан кўрсатишларига руҳсат беради. Агар унинг ўрнига соҳтаси келган бўлса камералар унинг яқинига йўлатилмайди. Шунда унинг хақиқий Саддам эмаслиги аён бўлади”,-деди. Камера ва қўриқчилардан ташқари омма орасидаги Саддамнинг ҳақиқийлигини аниқлашнинг бошқа йўллари ҳам бор экан. Ишга ёлланган шахслар президент Саддам Ҳусайнга янада кўпроқ ўхшаши учун уларнинг юзини косметик операция қилишар экан.
Саддам Ҳусайн ўғли Удайнинг ўрнига “Удай” бўлиб оммага кўриниш учун жамоа учрашувларида қатнашган Абдул Латиф исмли шахс 1990 йиллар ўртасида Ироқдан Ғарб давлатларидан бирига қочиб кетган. Абдул Латиф қочишига, Удайга кўпроқ ўхшаши учун навбатдаги оғриқли операциядан қутулиш ҳам қисман сабабчи бўлганини айтган.
Саддамнинг ушбу хийла-найрангини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Германиянинг ЗДФ телеканали яқинда суд тиббий экспертизаси мутахас-сисига, 1988 йилдан то сўнгги бир неча ойгача бўлган муддат ичида суратга олинган тахминан 30та филмни илмий жиҳатдан тахлил қилиш учун берган. Хомбург/Заарда жойлашган Заарленд университетининг суд тиббий экспертизаси институти мутахассиси Дитр Бухман, учтадан кўп соҳта Саддам Хусайн борлигини аниқлаган. Бухман якинда Озод Европа Озодлик радиосига берган интервьюсида : “ЗДФ телеканали менга 1988 йилдан то шу йилнинг 21 сентябригача бўлган муддат ичида суратга олинган 30та филмни берди. Мен уларни синчковлик билан текширдим. Филмлар сифати яхши бўлганлиги сабабли мен уларда учта соҳта Саддам борлигини аниқладим.”,-деди.
Бухман, бир хил вазиятда турган Саддамнинг суратларини бир бирига солиштириш орқали соҳталарини аниқлаганини айтди. Бухман компютер-нинг махсус график дастури ёрдамида Саддамнинг танланган суратлари-даги бошнинг бўйи ва эни, қовоқлари ва бурун катаклари ўлчами, шунингдек, қулоқ ва даҳаннинг тузилишини диққат билан текширган. Дитр Бухман, Саддамга ўхшаши учун ўша шахсларнинг юзи косметик операциялар қилинганини аммо операциялар натижаси барибир чекланган бўлишини айтиб: “Косметик операция орқали қулоқнинг ташқи кўринишини, масалан қулоқ солинчагини ўзгартириш мумкин. Бундан ташқари, юз тузилишидаги бўртиб чиққан жойларни ўзгартириш мумкин. Аммо косметик операция орқали бошнинг ҳажмини ўзгартириб бўлмайди. Шу орқали суратдаги шахс ҳақиқий ёки сохта эканини аниқлаш мумкин.”,-деди.
Суратларни таҳлил қилиш орқали Бухман шунингдек, Саддамнинг ўзи 1988 йилдан то шу йилнинг 21 сентябригача оммага кўринмаганини аниқлаган. Уччала соҳта Саддам омма кўзига кўриниб мамлакат бўйлаб юрган пайтида уларни ўлдиришга уринишлар бўлмаган.
Чет элларга қочиб кетган ироқлик расмийларнинг айтишларича, Саддамни катта моаш тўланадиган ва яхши турмуш шароити яратилган 18 нафар қўриқчи доим ҳимоя қилар экан. Агар Саддамга қарши ҳужум уюшти-рилгудек бўлса, ҳар бир қўриқчи Саддам танасининг қаерини тўсишини яхши билар экан. Масалан, бўйи энг баланд бўлган қўриқчи Саддамнинг бошини тўсишга масъул экан. Саддамнинг ўғли Удайга хусусий котиб бўлган Аббос Жанобий айтганига кўра, 1983 йилда етти нафар шахс Саддам кетаётган автомобилни автоматдан ўққа тутган пайтида қўриқчи кўкси билан Саддамни тўсиб уни қутқариб қолган. Ўзи эса ўлган. Саддам қасос олиш учун хужум уюштирган шахслар яшаган Ал-Дижил шаҳрини вайрон қилиш ҳақида буйруқ берган. Шундан сўнг у ердаги 3.000 киши ўлдирилган ва қолган 60.000 аҳоли бошқа жойларга кўчирилган. Сохта Саддам Ҳусайнлар ҳам қаттиқ қўриқланадими ёки йўқ, буниси номаълум. Аммо ҳақиқий Саддамни омма орасидан топиш деярли имконсиз. Шу сабабли чет элликлар умид қилганидек, Саддам Ҳусайннинг ҳаётига қарши суиқасд Ироқ халқи томонидан эмас, балки, Саддамнинг ички доирасига кирувчи шахслар томонидан уюштирлиши эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG