Линклар

АҚШ намоёндалар палатаси Ироқ бўйича резолюция қабул қилди


Фарангис Саид

Пайшанба куни АҚШ Намоёндалар палатаси президент Жорж Бушга Ироқ инспекторлар талабларига жавоб бермаган ҳолда унга қарши ҳарбий ҳужумларни бошлаш ҳуқуқини берадиган резолюцияни кўриб чиқди ва кўпчилик овоз билан қабул қилди. Жума куни эса ушбу масаланинг Сенатда кўриб чиқилиши режалаштирилган. Хўш, бир неча ҳафтадан бери жаҳон ҳамжамияти диққат марказида бўлган масаланинг АҚШ Намоёндалар палатаси томонидан ижобий ҳал этилиши қандай аҳамиятга эга ва қандай оқибатларга олиб келади?

АҚШ Намоёндалар палатаси кўпчилик овоз билан президент Жорж Бушга Ироққа қарши ҳужум бошлаш ҳуқуқини берадиган резолюцияни қабул қилганидан сўнг Буш Конгрессга миннатдорчилик билдириб, мазкур масала эндиликда БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам ижобий ҳал этилишига ишонишини айтди. Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни тилга олар экан, АҚШ раҳбари, “у бундан буён БМТнинг оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш талабини эътиборсиз қолдира олмайди”, - деб таъкидлади.

“Ноқонуний давлат бўлган Ироқнинг куни битди”, - деди Жорж Буш.

Резолюцияни қўллаб-қувватлаганлар Саддам Ҳусайн Америка Қўшма Штатлари, қўшни давлатлар, қолаверса ўз халқига қарши ишлатиши мумкин бўлган ядровий, биологик ва кимёвий қуролларни тезда йўқ қилиши лозимлигини таъкидладилар.

Резолюцияга қарши чиққанлар эса Ироқ билан қонли тўқнашув бошламаслик керак, дер эканлар, бунга далил сифатида АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Тенетнинг Саддам агар унга ҳужум қилинмаса, оммавий қирғин қуролларидан фойдаланмайди, деган хулосасини келтирдилар.

Янги резолюция БМТни инспекторлар фаолиятини белгиловчи янги қонун-қоидалар қабул қилишга даъват этади ва шу билан бирга, Жорж Бушга БМТ ҳеч қандай чора кўрмаган тақдирда ҳам, у лозим, деб топган барча чораларни кўриш ҳуқуқини беради. Резолюцияга кўра, агар Буш Ироққа ҳужум қилишга қарор қилса, 48 соат ичида Конгрессни бундан хабардор қилиши ҳамда барча бошқа - дипломатик йўллардан фойдаланганини, бироқ улар самара бермаганини исботлаши лозим.

Намоёндалар палатасидаги муҳокамалар уч кун давом этди. Резолюцияга қарши чиққанлардан бири - конгрессмен Питер ДеФацио Буш Саддамга яхши ният билан эмас, балки менсимай қарамоқда, дер экан, Буш ҳамкорлари фикрларини эътиборсиз қолдираётганини таъкидлади.

Демократик партиянинг Сенатдаги фракцияси етакчиси Том Дэшл азалдан резолюцияга қаршилик кўрсатиб келган эди. Бироқ пайшанба кунги муҳокамаларда у резолюция бўйича ижобий фикр билдирди. Бунга тушунтириш берар экан, сенатор шундай деди:

“Биринчидан, резолюциянинг бугунги лойиҳаси биринчи марта тақдим этилган лойиҳага қараганда анча мукаммал. Иккинчидан, мен Саддам Ҳусайнни реал таҳлика, деб ҳисоблайман. Учинчидан эса, бу муҳим даврда америкаликлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишлари лозим. Мен бунга ишонаман ва шу боис президентга катта салоҳият берадиган резолюция учун ўз овозимни бердим. Айни вақтда мен ўзга фикр билдираётганларга ҳурмат билан қарайман”, - деди Том Дэшл.

Демократик партиянинг яна бир намоёндаси Роберт Бёрд резолюция матнини қўлга олар экан, уни “бу қоғоз”, деб атади ва Буш ҳақида шундай деди:

“У бу қоғозни силкитиб, ҳамманинг олдига югурмади. У раҳбар нима қилиши керак бўлса, шуни қилди. У четда туриб, кутди, бизга маслаҳат берди ва биз билан маслаҳатлашди.”

Буш эса янги резолюция БМТни 11 йилдан буён халқаро ҳамжамиятни бир тийинга олмай келаётган Ироққа бошқа кўз билан қарашга мажбур қилишига умид билдирди.

Бу шундай бўладими, йўқми, номаълум. Ҳозирги вақтга қадар АҚШни Британия қўллаб-қувватламоқда. Икки давлатнинг позициясига кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши Саддам Ҳусайнни инспекторларга барча қуролларни кўрсатишга мажбурлаши, акс ҳолда унга қарши ҳарбий амалиётлар бошланиши мумкинлиги ҳақида резолюция қабул қилиши лозим. Россия ва Франция эса янги резолюция фақат инспекциялар фаолияти ҳақида бўлиши керак, деб, Ироқ инспекторлар билан ҳамкорлик қилмаган тақдирда, унга қарши автоматик равишда ҳужум қилиш таклифига қарши чиқмоқдалар.

Пайшанба ва жума кунлари Россияга ташриф буюрган Британия бош вазири Тони Блэр Россия президенти Владимир Путин билан айнан Ироқ масаласини муҳокама қилди. Хабарларга кўра, Блэр Путинни БМТнинг Ироқ бўйича янги резолюция қабул қилишини қўллаб-қувватлашга даъват этган. Бироқ Россия раҳбари Британия ва АҚШ позициясига қарши эканини билдирар экан, инспекторларга Ироқда ишлаш имкони яратилиши кераклиги, агар улар ўз фаолиятларини тегишли йўсинда олиб бора олмасалар, унда бу масалани яна бир бор кўриб чиқиш лозимлигини айтган.

АҚШ, Британия, Франция ва Россия – БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга бўлган доимий аъзоларидир. Мутахассисларнинг фикрича, Кенгашнинг бешинчи доимий аъзоси - Хитой Ироқ масаласи атрофидаги мубоҳасаларга жалб этилишни истамаяпти ва шу боис масала овозга қўйилганида бетараф эканини билдириши мумкин.
XS
SM
MD
LG