Линклар

Покистода ўтган сайлов натижалари.

  • Ҳасанжон

11 октябр куни Ҳамдўстлик кузатувчилари, бундан уч йил олдин ҳарбийлар ҳокимият тепасига келганидан бери Покистонда биринчи маротаба ўтказилган пайшанба кунги умумий сайловлар яхши ташкил этилгани ва очиқ ўтганини маълум қилдилар. Британия ва унинг собиқ мустамлака давлатларидан ташкил топган Ҳамдўстликнинг кузатувчилари Европа иттифоқи ва Япония ҳукуматининг кузатувчилари билан бирга Покистон парламентининг қуйи палатаси ва яна тўртта вилоятнинг қонун чиқарувчи органи аъзолиги учун бўлиб ўтган сайловларни кузатдилар. Ушбу сайловларни жаъми бўлиб 210 нафар халқаро вакил кузатиб борди.
Покистон президенти Парвез Мушарраф сайлов эркин ва адолатли ўтишини ваъда қилиб, бу демократик бошқарувга қайтиш эканини айтган.
Пойтахт Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Ҳамдўстлик кузатувчилари раиси Тан Сри Муса Хитам, сайловлардан ўз мақсадида фойдаланиш йўлидаги хукуматнинг уринишлари баъзи хавотирларга сабаб бўлганини айтди.
Сайловлар арафасида Покистон инсон ҳуқуқлари комиссиясининг собиқ раиси Асма Жаҳонгир Озод Европа Озодлик радиосига берган интервьюсида: “Афсуски, сайлов натижаларини сохталаштириш Покистонда янги воқеа эмас. Аммо бу гал унинг очиқдан-очиқ кўринишда бўлгани - қабул қилиб бўлмас ҳолдир.”,-деган эди.
Эълон қилинган сайлов натижаларига кўра, Покистоннинг шимоли ғарбий қисмидаги Афғонистон билан чегарадош вилоятларда Толиблар тарафдори бўлган диний партиялар коалицияси, яъни Бирлашган харакат форуми вилоят қонун чиқарувчи органидаги 99та ўриннинг 50тасини эгаллашга муваффақ бўлган. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, ушбу диний партиялар коалицияси, АҚШнинг Афғонистондаги Толиблар ҳаракати ва “Ал-Қоида”га қарши олиб бораётган урушни Покистон қўллаб-қувватлашини тўхтатишга чақирган.
Жума куни эълон қилинган сайлов натижаларига кўра, Покистон парламентининг қуйи палатаси учун ўтказилган сайловларда биронта сиёсий партия сайловчиларнинг кўпчилик овозини олишга муваффақ бўлмаган. Ҳарбийлар тарафдори бўлган ҳукумат партияси сайловларда вақтинчалик пешқадам бўлди. Аммо, бу партия ҳукумат тузиши учун бошқа партиялар билан коалиция ташкил этиши лозим бўлади. Покистоннинг Афғонистон билан чегара минтақасида сайловчиларнинг кўпчилик овозини олган Толиблар тарафдори бўлган диний партиялар Парвез Мушаррафга тарафдор партиялар билан коалиция тузиши эҳтимолдан анча йироқ.
Исломободдан олинган маълумотларга кўра, собиқ Бош вазир Беназир Бхуттонинг Покистон халқ партияси сайловларда яхши натижага эришган. Агар бу партия ўзига ҳамфикр партиялардан етарлича шерик топса, у ҳолда янги хукумат тузиши мумкин.
Жума куни кеч тушгача 272 ўринли Миллий ассамблеянинг 179та ўрнини ким эгаллаши аниқ бўлди. Мустақил номзодлар йигирмага яқин ўринни эгалладилар Улар диний партиялар билан коалиция ташкил этиш орқали ҳукумат тақдирини хал қилишлари мумкин. Сиёсий партиялар ҳокимият бўлишиш ҳусусидаги музокараларни тугатмагунича, Миллий ассамблея қай кўринишда бўлишини хеч ким аниқ айта олмайди.
Президент Парвез Мушарраф тарафдори бўлган Қайд-и-Аъзам фракцияси Покистон парламенти қуйи палатасидаги энг кўп, яъни, 53та ўринни эгаллади. Партиялар янги ҳукумат тузиши учун парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши керак бўлади. Собиқ бош вазир Беназир Бхуттонинг Покистон халқ партияси аъзолари 37 ўринни эгаллаб иккинчи йирик фракция бўлди. Диний партиялар коалицияси улардан бир оз ортда қолди.
АҚШ ҳарбийларининг Бош қароргоҳи ҳисобланган Афғонистондаги Баграм ҳаво базасида матбуот котиби ўринбосари майор Стийв Клаттер, Покистондаги сайлов натижаларини шарҳламади. Вашингтонда эса, Оқ уй матбуот котиби Ари Флейшер Покистонда ўтган сайловлар ҳақида гапириб: “Бу - Покистонда демократияга ўтиш жараёнидаги муҳим қадам саналади. Ушбу ўтиш даврида биз Покистон билан ҳамкорлик қилишни давом эттираверамиз”,-деди.
Покистонда 72 миллион фуқаро сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга. Трақатилган маълумотларга кўра, 10 октябр куни Покистон парламентининг қуйи палатаси аъзолиги учун бўлиб ўтган сайловларда мамлакатнинг йирик шаҳарларида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг ярмидан кўпроқ қисми иштирок этган.
XS
SM
MD
LG