Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

Россия – Колумбия ва Эл Салвадордан кейин мамлакатда зўравонлик асосида содир этилган қотилликлар кўплиги бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда эълон қилган ўз ҳисоботида Россия онгли равишда етказилган тан жароҳати натижасида юз берган ўлим воқеаларининг кўплиги бўйича дунё мамлакатлари рўйхатидан учинчи ўринни эгаллаган. Милициянинг айтишича, онгли равишда тан жароҳати етказишда қотиллар ошхона пичоқлари ва бутилкалардан кенг фойдаланади. Қотилликлар содир этишда ўқотар қуроллардан ҳам тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган 400 саҳифали ҳисоботга кўра, 1998 йилда Россияда 85.511 киши зўравонлик оқибатида қурбон бўлган. Бу – ҳар 100.000 аҳоли жон бошига салкам 54 кишиданга тўғри келади. Собиқ совет республикалари бўлган Грузия, Арманистон ва Озарбайжонда эса зўравонлик қурбонлари ҳар 100.000 аҳолига 3 ёки 5 кишини ташкил этади. Болтиқбўйи республикаларида эса бу кўрсаткич 40 кишидан ошади. Зўравонлик қурбонлари, асосан, 30 – 44 ёш ўртасидаги эркаклардир. 1998 йилдан бери Россияда қотилликлар бўйича вазият ижобий томонга ўзгармади. 2001 йилда Россияда 34.000та қотиллик содир этилди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳар 100.000 аҳолига 24.2та зўравонлик асосида содир этилган қотиллик тўғри келишини англатади.
Россия давлат Думасининг хавфсизлик қўмитаси бошлиғи генерал лейтенант Александр Гуров, Жаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги келтирган рақамлар ҳақиқий вазиятни акс эттирмаслигини, чунки, бу маълумотлар фақатгина жиноят содир этилган жойда юз берган ўлим воқеаларини ўз ичига олишини айтди. Гуровга кўра, ҳисоботга хар йили тан жароҳати олганидан бир оз кейин оламдан ўтадиган 40.000 киши ва ўлим сабаби аниқланмаган 19.000 киши киритилмаган. Гуров сўзига қўшимча қилиб, ҳар йили бедарак йўқоладиган ва ўлдириб кетилгани тахмин қилинган минглаб инсонлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига киритилмаганини, буларнинг барчаси назарга олинса, ҳар йили Россияда 100.000дан ортиқ инсон турли кўринишдаги зўравонлик оқибатида қурбон бўлишини айтди. Рус генерали милициянинг суст ишлаши, шунингдек, Россиядаги бой ва камбағаллар ўртасида тобора катталашиб бораётган тафовут ўлим сонининг ошишига сабаб бўлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россиядаги ўз жонига суиқасд воқеаларининг 40 фоизи бизнес фаолияти билан боғлиқ.
Эълон қилинган ҳисоботда, россиялик ёшлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш холлари кескин кўпайганидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари ташвишланиш билдирганлар. Ташкилот сўнгги ўн йил мобайнида ўқотар қуроллар ёрдамида ўлдирилган ёшлар сони икки баробарга кўпайганини алоҳида таъкидлаган.
Москва милициясининг матбуот вакили Алексей Вахромеев халқ қўлида қанча кўп қурол бўлса, улар шунча кўп ўқ узишини айтди. Маълумки, Совет иттифоқи даврида одамлар фақат овчилар клубларига аъзо бўлиш орқали қуролларга эга бўла олганлар. Ҳозир эса ўқотар қуролларни кўчада бемалол сотиб олиш мумкин. Вахромеев қуроллар кўча бозорларига асосан ҳарбий хизматчилар томонидан ёки Ченистон каби ҳарбий можаро бўлаётган минтақалардан келтирилишини айтди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз жонига суиқасд қилиш воқеалари бўйича Россияни Литвадан кейин дунёда иккинчи ўринга қўйган. Озарбайжон, Арманистон ва Грузияда ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари жуда кам учрайди. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, Озарбайжонда ўз жонига суиқасд қилиш ҳар 100.000 аҳоли жон бошига салкам бир кишига, Арманистонда 1.7 ва Грузияда салкам тўрт кишига тўғри келади.
Тараққий этган давлатлар билан солиштирганда россияликлар америкаликларга қараганда уч маротаба, британияликларга қараганда салкам беш маротаба ва италияликларга қараганда қарийб етти маротаба кўп ўз жонига суиқасд қилар экан. Россиядаги Тиббиёт фанлар академиясининг илмий ходими Сергей Ениколопов, ўз жонига суиқасд қилиш воқеалари кўпайганига депрессия ҳолати сабабчи эканини айтди.
XS
SM
MD
LG