Линклар

Россиянинг Эрмитаж музейи иқтисодий бўҳрондан четда қолмади


Фарангис Саид

Эрмитаж - жаҳон маданияти дурдоналаридан. У Париждаги Лувр, Мадриддаги Прадо ва Лондондаги Британия музейи билан бир қатордан ўрин олган. Россия императорларининг қишқи саройи бўлган Эрмитажнинг 400дан зиёд хоналари ва маросимлар залларида қадимги замонлардан то 20-асргача бўлган даврда яратилган санъат асарлари бор.

Эрмитаж бошқа музейлар каби Совет иттифоқининг парчаланиши ва ундан сўнгги иқтисодий бўҳрондан четда қолмади. Эрмитаж директори Владимир Матвеев Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Жереми Бранстейнга берган интервьюсида баъзиларнинг “Эрмитаж замон талабларига тегишли равишда жавоб бера олмайдиган эскича музей”, деган фикрини рад этар экан, музейда компьютер маркази очилгани, у ерда музей залларига виртуал экскурсия қилиш билан биргаликда интернетдан фойдаланиш имконияти мавжудлигини айтади:

“Бизнинг интернет саҳифамиз музейлар орасида дунёдаги энг қизиқарли интернет саҳифа ҳисобланади. Биз музейга келганлар билан биргаликда интернет сайтимизга кириб кўрганлар ҳисобини ҳам олиб борамиз. Йиллик ҳисоботимизда бу рақамни топишингиз мумкин. У деярли 2 миллион одамни ташкил этади. Бир ярим йил олдин эса бу кўрсаткич бир миллионга тенг бўлган. Хуллас, сайтимизга кирадиганлар сони кун сайин ошиб бораётир.”

Шундай дер экан, Матвеев Россия музейлари жамоатчиликнинг ўзгарувчан талабларига жавоб беришга ҳаракат қилаётганларини айтади:

“Музей дам олиш масканлари орасида муҳим ўрин эгаллайди. Дам олиш деганида мен таълим олишни ҳам назарда тутяпман. Музей ҳар хил одамлар, турли соҳа намоёндалари, ўсмирлардан тортиб, то қарияларгача – барча учун катта аҳамиятга эга бўлган жойга айланмоқда”.

Эрмитаж хорижий ташкилотлар билан яқин алоқаларга эга. Ҳозирги кунда музей бюджетининг 50 фоизидан камроқ қисми давлат томонидан таъминланади. Қолган қисмини эса музей хорижий ҳамкорларидан олишга мажбур.

Айни вақтда Эрмитаж раҳбарияти хорижлик музейлар билан ҳамкорликда кўргазмалар ўтказишга ҳаракат қилади. Бундай кўргазмалардан бири - АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказиладиган Гуггенхайм-Эрмитаж кўргазмасидир.

“Гуггенхайм музейи 20-асрда яратилган асарларга эга. Эрмитажда ҳам бу даврда яратилган асарлар талайгина. Болшевиклар инқилобидан сўнг экспонатлар йиғишни тўхтатишга қарор қилганимизга қарамай, бизда 1917 йилдан кейин яратилган асарлар кўп. Шу боис биз Эрмитажнинг 20-аср санъати асарлари кўргазмасини уюштиришга ҳар доим тайёрмиз”.

Режалар ҳақида гапирар экан, Эрмитаж директори Владимир Матвеев:

“Амстердамда Эрмитажнинг яна бир маркази очилиш арафасида. Биз бу лойиҳа устида кўп йиллар давомида ишладик. 2006 йилда марказимиз очилади. Лекин бундан ташқари, биз Амстердамда йиллик кўргазма ўтказамиз. Бу йилги кўргазмада Строгановлар оиласига тегишли асарларни мухлислар диққатига ҳавола этиш ниятидамиз. Бу ўз-ўзидан жуда катта лойиҳа бўлишига қарамай, биз Эрмитаж марказини очиш режасидан воз кечмадик. Биз бу ғоя устида ишлашда давом этамиз, чунки Эрмитаж – жаҳон маданияти сиймосидир”.

Бошқа режаларга ҳам тўхталар экан, Владимир Матвеев Россиянинг ўзида ҳам Эрмитаж марказлари очилиши режалаштирилаётганини маълум қилади:

“Масалан, Қозон ва Россиянинг бошқа шаҳарларида Эрмитаж марказларини очиш режалари муҳокама қилинмоқда. Россиянинг турли қисмларидаги музейларда биз кўргазмалар ўтказамиз. Менимча, Қозонда Эрмитаж маркази очишимиз эҳтимоли жуда катта. Марказ таркибига нафақат кўргазма хоналари, балки болалар учун ўқув маркази, матбуот маркази, таъмирловчи ва бошқа мутахассислар учун марказ киради”.

Эрмитажга тегишли асарлар кўргазмаларини Россиядаги бошқа музейларда ўтказиш мумкинми, деган саволга эса музей директори Владимир Матвеев мамлакатда юқори даражадаги хавфсизлик тизимига эга бўлган музейлар камлигини айтади.

“Бироқ Қозондаги Тасвирий санъат музейи халқаро андозаларга жавоб беради, Россия жанубидаги Липецк шаҳрида ҳам яқинда халқаро талабларга жавоб берадиган янги музей очилди”, - дейди у.

Музейга келиб, у ердаги асарлардан баҳраманд бўламан деган одам неча пул тўлаши керак, деган саволга эса Эрмитаж директори оддий чипта 300 рубл (тахминан 10 доллар)га тенг, дер экан, бироқ россияликлар учун чипталарни пасайтирилган нархда сотиб олиш имкони борлиги, арзонлаштирилган чипталар 15 рубл (ярим доллар) туришини айтади.
XS
SM
MD
LG