Линклар

БМТ хавфсизлик кенгашининг Ироқ борасидаги резолюцияси хусусида ҳозирча ҳал этувчи натижага эришилгани йўқ.


Akram Faisullo

БМТ хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган 5 давлат, Ироқ борасидаги янги резолюция хусусида ҳали ҳам келишиб ололмаяпти. Ушбу резолюцияда, агар Бағдод ҳукумати ҳарбий инспекторларнинг мамлакатга қайтиш шартларига кўнмаса, Ироққа қарши ҳарбий куч қўллашга рухсат берилган.
Қўшилмаслик харакатининг илтимосига биноан, чоршанба куни хавфсизлик кенгашида Ироқ масаласи очиқ муҳокама қилинади.
Ўтган ойда АҚШ президенти Жорж Буш БМТ хавфсизлик кенгашини Ироқни кенгаш қарорларини бажаришга мажбур қилишга чақирди. Ўшандан бери кенгашнинг доимий аъзолари энг асосий масалада муросага эришолмаяптилар.
Америка ва Британия Ироқ инспекторлар талабларини бажармаган тақдирда, ҳарбий куч қўллашга рухсат берувчи ягона резолюция қабул қилишни қўллаб қувватламоқда. Франция эса БМТ хавфсизлик кенгаши иккита резолюция қабул қилиши кераклигини билдирмоқда: биринчи резолюцияда ҳарбий инспекторларни кучли ваколат билан Ироққа жўнатиш, иккинчи резолюцияда эса, агар талаблар бажарилмаса, Ироққа қарши куч қўллаш назарда тутилган.
Душанба куни президент Бушнинг мухбирларга айтишига кўра, Ироқ лидери Саддам Ҳусайн фақат ҳужумга учраши таҳдидига дуч келгандагина талабларни бажаради.
“Мен Ироқ қуролсизланиши керак, деб қайд этилган қатъий бир резолюция қабул қилинишини истайман. Текширув ўтказишдан мақсад ҳам жаноб Саддам Ҳусайнни қуролсизлантиришдир. Бундай резолюцияда жаноб Ҳусайн қуролсизланиши лозимлиги,акс ҳолда ҳужумга учраши хақда огоҳлантирилиши зарур”, – деди Буш.
Америка президенти ҳарбий куч қўллаш энг сўнгги чора эканини айтиб, Ироқ бўҳрони БМТ орқали ҳал этилишига умид билдирди. Аммо Буш БМТ текширув ишлари таъсирсиз бўлишини қабул қилмаслигини яна такрорлади.
Душанба куни Британиянинг БМТдаги элчиси Жеремэ Гринсток ҳам хавфсизлик кенгашини Ироқ борасида янада қатъийроқ бир резолюция қабул қилишга чақирди.
“Кўзланган асосий мақсад БМТ кўрсатмаларига мувофиқ Ироқни қуролсизлантиришдан иборатдир. Ҳарбий инспекторлар қуролсизланиш ишларини муваффақиятли равишда амалга ошириши учун улар кучли ваколат билан таъминланиши лозим. Бу сафар Ироққа тўлиқ қуролсизланиши кераклиги ва акс ҳолда, ҳарбий зарбага учраши, аниқ билдирилиши зарур”, деди Британия элчиси Гринсток.
Америка ва Британия расмийлари Франция, Россия ва Хитой дипломатлари билан ўзлари талабларни кучайтирган янги резолюция лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар. АҚШнинг БМТдаги миссияси матбуот вакили Яна Чапманнинг айтишича, америкалик музокарачилар сўзлашувларда муваффақиятли натижаларга эришмоқдалар. Аммо у бу хақда батафсил маълумот бермади.
Франциянинг БМТдаги миссияси матбуот вакили Женэт де-Матанинг қайд этишига кўра, Франция БМТ хавфсизлик кенгаши Ироқ масаласига иккита резолюция билан ëндошиши керак, деган позициясида қолмоқда.
“Мен фақат шуни айтишим мумкинки, музокаралар давом этмоқда, аммо ҳозирча жиддий бир натижага эришилгани йўқ”, деди Женэт де-Мата.
Чоршанба куни БМТ хавфсизлик кенгашида Ироқ масаласи очиқ муҳокама қилинар экан, кенгашга доимий аъзо бўлган 5 давлатнинг Ироқ резолюцияси борасидаги позициялари янада ойдинлашиши мумкин. Қўшилмаслик ҳаракатининг ҳозирги раиси, Жанубий Африка республикасининг илтимосига биноан шундай очиқ учрашув ўтказилмоқда. Ҳозирча 50дан ортиқ давлат дипломатларидан кенгаш учрашувига иштирок этишлари сўралган ва муҳокама икки кун давом этиши мумкин.
Жанубий Африка республикаси расмийларининг айтишларича, уруш бошланиши эҳтимоли туфайли кўплаган давлатлар Ироқ борасидаги ўз қарашларини билдиришни хоҳлайди.
Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо Малайзиянинг БМТдаги расмий вакили Хасмэ Агам БМТ хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларни қуролларни текшириш хақда чиққан келишмовчиликларни тинч йўллар орқали ҳал этишга чақирди.
“Биз Ироқ ҳукуматини БМТ инспекторларига мамлакатга қайтиши учун шартсиз рухсат беришига ва БМТ хавфсизлик кенгаши резолюцияларидаги барча талабларни бажаришга даъват қиламиз. Кенгаш ақл-идрок билан иш кўриши, шунингдек, ўз қарорларининг барча жиҳатларини ва оқибатларини инобатга олиши зарур”, деди Малайзия расмийси Хасмэ Агам.
Бағдод ҳукуматининг билдиришича, БМТ ҳарбий инспекторлари Ироқда ядровий, биологик ва кимëвий қуроллар бор йўқлигини текшириш учун шу ҳафта охирида мамлакатга келишлари мумкин. Аммо БМТ инспекторларининг бошлиғи Ханс Блэкс, хавфсизлик кенгаши муросали келишувга эришмагунига қадар, ҳеч бир инспектор Ироққа бормаслигига ишора қилди.
XS
SM
MD
LG