Линклар

"АЛ-ҚОИДА"НИНГ ҚЎЛИ БАЛИ ОРОЛИГА ҲАМ ЕТДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Бали портлашлари Американинг террорчиликка қарши
уруши самара бермаётганини кўрсатди


Ўтган икки ҳафта мобайнида кузатилган янги террор тўлқини глобал терроризмнинг янги кўринишларини намоён этди. Индонезиянинг Бали оролчасида содир этилган ва 187 кишининг ўлимига сабаб бўлган шанба кунги портлашлар, ундан олдин Яман соҳилларида "Люмбург" француз танкерига қилинган ҳужумлар ҳамда Қувайтда АҚШ ҳарбий денгиз пиёдаларига қарши уюштирилган террор амалиётлари ўртасида ўзаро боғлиқлик борлиги айтилмоқда.
Душанба куни чиқиш қилган АҚШ президенти Жорж Буш Бали портлашларида ал-қоидачиларни айблади. "Балидаги террор ҳужумлари, деб таъкидлади Вашингтон раҳбари, - бу "Ал-Қоида"нинг иши экани шундоққина кўриниб турибди. Бизгача етиб келган айрим маълумотлар буни тасдиқламоқда. Аммо, шунга қарамай бу борада текширувлар натижаларини кутишга тўғри келади. Лекин бу ҳужумлар озодликни севувчи инсонларга, ҳурлик тамойилларини тарғиб этаётган давлат фуқароларига қарши уюштирилгани аниқ".
"Индонезиянинг Бали оролчасидаги портлашлар жаҳон аҳлини яна қўрқув исканжасига олди. Бали фожеалари кўпларнинг террорчиларга нисбатан нафратини кучайтирибгина қолмай, уларда террорга қарши урушаётган ҳукуматларга нисбатан ҳам нафрат ҳиссини уйғотди", - дея ёзади Британияда чиқадиган "Гардиен" газетаси. "Албатта, бу ҳукуматларни ҳеч ким бундай террор ҳужумларининг олдини ололмагани учун айблаётгани йўқ. Зеро, 11 сентябр фожеаларидан сўнг бошланиб кетган террорчиликка қарши урушдан бош мақсад - бу каби террор хавфини олдини олиш эди". "Гардиен" мухбири Жонатон Фридландга кўра, Америка террорга қарши нотўғри тактикани танлаган. Аксил террор амалиётларининг дастлабки кунлари АҚШ ўзининг бошқа манфаатларини четга суриб, ёппасига ал-қоидачиларни таъқиб этишга киришади, бунинг учун бор салоҳиятини ишга солади, полиция, махсус хизматлар, армияни янги душманга қарши жалб этади, ўзига янги иттифоқчиларни танлайди. Олдинига, Вашингтон учун ягона приоритет - Усама бин Ладинни ушлаш эди. Аммо ўшанда, кўплаб таҳлилчилар бу кампания анчага чўзилишини башорат қилгандилар. "Гардиен" мухбирига кўра, бу кампания учун Афғонистон бошланғич нуқта бўлди. Чунки Афғонистонда илдиз отган "Ал-Қоида" террор тармоғини таг-томири билан йўқ қилишнинг ўзи Вашингтон учун етарли эмас эди. "Ал-Қоида"нинг халқаро тармоқ экани, унинг 50дан ортиқ давлатда ҳар қандай террор ҳужумларига, бунинг учун ўлимга ҳам шай турган 100мингга яқин жангчиси борлиги маълум. Уларнинг бир-икки лагерларини портлатиш билан иш битмайди. Ал-қоидачилар тактикаси ғайри оддий. Шу боисдан уларга қарши кураш адекват равишда янгича шаклда бўлиши кераклиги айтилмоқда.
Бундан ўн йилларча аввал таниқли ҳарбий таҳлилчи Мартин ван Кревелд башорат қилганидек, дунё ҳамжамияти янгича урушларга юз тутмоқда. Бу уруш қандай шаклда бўлишини бугунги авлод англаб етмоқда. Ўшанда Мартин ван Кревелд, армия генералларини танк ва ракеталарни четга суриб, душманингизни мамлакат ичкарисида топинг, дея огоҳлантирганди. Орадан ўн йил ўтиб Кревелд башорати тўғри бўлиб чиқди. "Ал-Қоида"чилар америкаликларга қарши урушда қўшинлар билан бостириб кириш йўлини танламадилар. Улар жинси шимларни, оддий фуқаро кийимларини кийиб, Хамбурглик ёки бўлмаса Флоридалик талабалар қиёфасида ҳаракат олиб бордилар. Бу урушни енгиш америкалик аскарлардан террорчилар тилини ўрганишни тақозо этади. Бомба ҳужумлари ёки бошқа ҳарбий амалиётлар бундай урушда самара бермаслиги табиий.
Шанба кунги Балидаги портлашлар янги душман нималарга қодир эканини яна бир карра намойиш этди. "Ал-Қоида"нинг Индонезияда бундай террор ҳужумлар қилолиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаганди. Бу кутилмаган ҳодиса бўлди. Энг катта хавф ҳам террор ҳаракатларининг қачон ва қаерда бўлишини билмасликдир.
Индонезия расмийларига кўра бундай ҳужумларни амалга ошириш фақат "Ал-Қоида"чилар қўлидан келади. "Ал-Қоида" тўғрисидаги қатор китоблар муаллифи, таниқли минтақашунос олим Рохан Гунаратна ҳам шундай фикрда. "Бундай кенг кўламли террор ҳужумларини усталик билан амалга ошириш фақат "Ал-Қоида" ва унинг Жанубий-Шарқий Осиёдаги ҳамкори "Жамаа Исламия" ташкилоти қўлидан келади. Сўзсиз айтишим мумкин, Индонезияда бу каби ҳужумларни қила оладиган бошқа гуруҳлар йўқ", - дея таъкидлайди таҳлилчи.
Бошқа кузатувчилар, эса бу Индонезиядаги "Жамаа Исламия" ташкилотининг иши эканини таъкидлашмоқда. Тунги клублар ёки бошқа ғарб элементларига қарши ҳужумлар қилиш фақат маҳаллий террорчилар қўлидан келади, дейишмоқда улар. Индонезиядаги "Жамаа Иcламия" радикал гуруҳи раҳбари деб айтилаётган, таниқли Ислом рухонийси Абу Бакр Башир душанба куни журналистларга интервью бера туриб, портлашларни унинг ташкилоти қилмаганини айтди. "Портлашлар, террор ҳужумлари бизнинг фалсафамизга ёт нарса. Бу портлашларни "Жамаа Исламия" ташкилоти уюштирган деган гапларга асло қўшилмайман. Бомба портлашлари - бу мужоҳидларнинг иши эмас. Бу қандайдир келгиндилар иши бўлиши мумкин", - деб таъкидлади Абу Бакр Башир.
Халқаро террор сабабларини ўрганувчи бошқа таҳлилчилар Бали портлашларида "Ал-Қоида"ни айблашга ҳали эрта дейишмоқда. Лондондаги Қироллик Kоллежи Уруш тадқиқотлари департаменти профессори Филип Сабин ҳам шундай фикрда. "Биз ҳали "Ал-Қоида" тўғрисида етарли маълумотга эга эмасмиз. Қолаверса, бу тармоқ бўлаётган барча ҳодисаларни назорат қилаётганига ишониш қийин. Усама бин Ладин тирикми ёки ўлик, бу ҳам бизга номаълум, масалан. Менимча, бу маҳаллий гуруҳларнинг ўзбошимчалик билан, мустақил равишда қилган ҳаракати бўлса керак. Терроризмнинг моҳияти ҳам шу. Чунки террорчилар қанчалик марказлашган бўлса, улар ҳужумларини олдиндан фош этиш ва олдини олиш осон бўларди", - дейди Филип Сабин.
XS
SM
MD
LG