Линклар

АТАК-ЧЕЧАК ҚИЛАЁТГАН

  • Сарвар Усмон

Қозоғистон қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотларни бошламоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида яқин уч йилликни "Қишлоқни қайта тиклаш даври", деб эълон қилди. Мамлакатда 2003-2005 йилларга мўлжалланган агроозиқ-овқат дастури қабул қилинди.
Дастурни амалга ошириш жараёнида қилиниши лозим бўлган ишлардан биринчиси- қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерларни хусусийлаштиришдир.
(Азиз тингловчи, мазкур мавзуга биз бир неча ҳафта муқаддам тўхталган ва ўшанда Қозоғистондаги жамоа хўжаликлари ўз вақтида тарқатилиб, ер колхозчиларга бўлиб берилгани тўғрисида айтган эдик)
Демак, шу кунда қозоқ деҳқонининг қўлида собиқ колхознинг тарқатилиши туфайли ўзига ижарага теккан ер улушидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома бор. Агроозиқ-овқат дастури доирасида қабул қилиниши режалаштирилган Ер кодексига кўра, (албатта, у парламент томонидан қабул қилинган тақдирда), деҳқонлар қўлида бугун ижарада бўлган ерлар хусусий мулкка айланади, яъни ерни сотиш ва сотиб олиш имкони туғилади.
Мавзу юзасидан илгари тайёрлаган эшиттиришимизда Қозоғистондаги бир қатор сиёсий кучларнинг, жумладан, мамлакат парламентидаги коммунистлар фракциясининг ерни хусусийлаштириш ғоясига қарши эканлиги тўғрисида айтган эдик. Бизга берган интервьюсида фракция етакчиси ўз позициясини тушунтиришга ҳаракат қилган эди.

Оқтепа вилоятидаги (Актюбинск) нодавлат ташкилотларидан бирининг лидери Қадирбаева хоним, ҳукуматнинг ерни хусусийлаштириш режаларига муносабат билдирар экан, - "Ер масаласи қозоқлар учун ҳаёт-мамот масаласидир, ер халқнинг жонидир", дейди. Қадирбаева хонимга кўра, мамлакат қишлоқ хўжалигининг кўнгилдагидек ривожланиб кетмаётгани, деҳқонларнинг косаси оқариб кетмаётгани ернинг хусусий бўлмаганлигидан эмас, балки хўжалик юритиш учун маблағ йўқлиги, техника воситалари ва уларга эҳтиёт қисмлар ҳамда ёнилғи-мойлаш материалларининг қимматлигидандир.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерларнинг умумий майдони 90 миллион гектарни ташкил қилади. Қозоғистон республикаси ер ресурсларини бошқариш агентлиги умумий ер майдонини 1 триллион 15 миллиард тангага баҳолаган.
Қозоғистон республикаси бош вазири муовини ва қишлоқ хўжалиги вазири Ахметжан Есимов матбуот вакилларига берган интервьюсида ерни сотишдан тушадиган маблағларнинг ҳаммаси мамлакатнинг Миллий жамғармасида йиғилади, жамланган маблағнинг катта қисми ер ҳосилдорлигини ошириш ва мелиорация дастурларига сарфланади, деган.
Ернинг хусусийлаштирилиши Қозоғистон агросаноат мажмуида ўтказилажак кенгмиқёсли ислоҳотларнинг асосидир.
Энди 2003-2005 йилларга мўлжалланган агроозиқ-овқат дастури бўйича амалга ошириш мўлжалланган чора тадбирлар тўғрисида икки оғиз сўз. Дастур муаллифи -Қозоғистон ҳукумати ёйинлаган маълумотларга кўра, асосий эътибор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Бироқ, бу - деҳқон субсидиялар билан таъминланади, дегани эмас. Ишлашни ҳоҳлайдиган ва биладиганлар қўллаб- қувватланади, уларга кредитлар олишида, етиштирган ҳосилини сотишида ёрдам берилади, дейилади, дастур тўғрисидаги расмий маълумотларда.
Давлат бу соҳада асосий эътиборни истиқболли минтақаларга қаратади. Шу мақсадда аҳолининг ички миграциясига рағбат берилади. Бозор иқтисодиёти талабларига жавоб бера олмайдиган қишлоқлар ва кичик шаҳарлардан кишиларнинг истиқболли минтақаларга кўчиши моделларини ҳукумат ишлаб чиқади.
Вилоятлар ҳокимларига 2003-2005 йиллар давомида қишлоқларда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, вилоятлараро ва туманлараро йўлларни таъмирлаш мақсадлари учун йилига 10 миллиард тангадан қўшимча ажратиш топширилган.
Ҳукумат режасига кўра, 2003 йили халқ таълими тизимида туб ислоҳотлар бошланади. Бу соҳада асосий эътибор ўқитувчи мақомини кўтаришга, айниқса, қишлоқ мактаби ўқитувчисининг обрўсини оширишга қаратилади.

"Уч йиллик" давомида кичик ва ўрта тадбиркорлик ривожлантирилади, бунинг учун солиқ сиёсатида бир қадар енгилликлар жорий этилади, кредит ресурсларидан фойдаланиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланади, назорат ва тафтиш органларининг ўзбошимчалигига чек қўйилади, дейилади Қозоғистоннинг 2003-2005 йилларга мўлжалланган агроозиқ-овқат дастури тўғрисидаги маълумотларда.
Хуллас, ҳар доимгидай ва ҳар бир давлатдагидай, режалар зўр. Бироқ, улар қандай амалга ошириларкин?
Қозоғистон иқтисодиятида кейинги йилларда юз бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб келаётган баъзи мутахассисларга кўра, бу саволнинг жавоби ижобий бўлиши мумкин.
"Российская бизнес газета" Қозоғистон Миллий банки бошлиғи Григорий Марченконинг айтганларига таяниб, сўнгги уч йил мобайнида бу мамлакат ички ялпи маҳсулоти йилига 11 фойизданга ўсганлиги ва у дунёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган уч давлатдан бирига айлангани тўғрисида ёзса, "Эксперт" нашри баъзи таҳлилчилар Қозоғистонни Осиёнинг яна бир "янги йўлбарси"га айланаётганини та"кидлаётганликларини қайд этади.
XS
SM
MD
LG