Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Ироқда ўтказилган референдумда Саддам Ҳусайн 100 фоиз овоз олгани билдирилди.


Акрам Файзулло

Ироқнинг Инқилобий қўмондонлик кенгаши раиси ўринбосари Иззат Иброҳим президент Саддам Ҳусайн сешанба кунги референдумда 100 фоиз овоз олганини эълон қилди.

Иззат Иброҳимга кўра¸ овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 11 миллион 445 минг 638 кишининг барчаси референдумда¸ “сиз Саддам Ҳусайн президентлик муддатининг яна 7 йилга узайтирилишига розимисиз”¸ - деган саволга “Ҳа” ¸ деб жавоб беришган.

Иззат Иброҳим чоршанба куни Бағдодда бўлиб ўтган матбуот конференциясида¸ Америкага ишора қилган ҳолда¸ ҳаттоки айрим давлатлар Ироққа қарши ҳужум қилишга таҳдид этаëтган бўлса ҳам¸ Ироқ халқи бир ëқадан бош чиқариб¸ Саддам Ҳусайнга овоз берганини алоҳида тилга олди.

Референдум натижалари расман эълон қилинганидан кейин айрим аскарлар ва ҳукмрон Баъат партиясининг аъзолари ҳавога ўқ узиб¸ ўз хурсандчиликларини билдирдилар.

Вашингтон маъмурияти фақат бир кишининг номзоди қўйилгани учун Ироқда ўтказилган референдумни танқид қилди. Оқ уйга кўра¸ Ироқ расмийларига бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб овозни тўплаш учун бир неча кун керак бўлар эди.

Сешанба куни Ироқда референдум ўтказилар экан¸ Оқ уй матбуот вакили Ари Флешер:
“Кўриниб турибдики¸ референдум жиддий эмас¸ унинг натижаларига ишониш қийин”¸ деди.

Ироқнинг шимолий вилоятларида асосан курдлар яшайди ва бу худудлар Бағдод ҳукумати назоратида эмас. Курдларнинг Ироқ демократик институти томонидан ўтказилган савол-жавоб натижаларига кўра¸ ироқлик курдларнинг 95 фоизи¸ агар референдумда иштирок этганларида Саддам Ҳусайнга қарши овоз берган бўлишларини айтганлар.

Ироқ ҳукумати расмий маълумотларига қараганда¸ 1995 йилда ўтказилган референдумда Саддам Ҳусайн 99.96 фоиз овоз олган.

Кузатувчиларнинг фикрига кўра¸ аслида сешанба кунги референдумдан кўзланган асосий мақсад¸ Американинг Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштиришга таҳдид этаëтганига қарамай¸ Ироқ халқи ўз президентини қўллаб қувватлашини бутун жаҳонга кўрсатишдан иборат бўлган.

Маълумки¸ Америка¸ агар Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларидан воз кечмаса¸ Ироққа қарши ҳарбий куч қўллаши хақда огоҳлантирмоқда. Аммо жаҳоннинг аксарият давлатлари ва хатто Американинг айрим яқин иттифоқдошлари Ироққа қарши ҳужум қилинишига қаршилик кўрсатмоқда.

Бағдод ҳукумати Ироқда ядровий¸ биологик ëки кимëвий қуроллар бор-йўқлигини текшириш учун БМТ ҳарбий инспекторларини мамлакатга келишга даъват қилди.

Бироқ БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Блэкс¸ хавфсизлик кенгаши янги резоюлция қабул қилмагунига қадар¸ инспекторлар Ироққа жўнатилмаслигини таъкидлади.

БМТ хавфсизлик кенгашида фақат Британия АҚШнинг Ироқ борасидаги позициясини қўллаб қувватламоқда. Кенгашда вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа 3 давлат - Франция¸ Россия ва Хитой Ироққа ҳужум қилинишига қаршидир.

Америкалик сиëсий шарҳловчи Сузан Тистлвайтнинг “Чикаго Трибун” газетасида босилган мақоласида ëзишича:
“Конгресс президент Бушга Ироққа қарши ҳарбий куч қўллашга руҳсат берди. Энди Америка ўзининг энг янги тарихида биринчи марта ўзига ëки иттифоқдошига ҳужум қилмаган давлатга қарши ҳужум қилади. Ҳаттоки совуқ уруш даврининг энг кескин палласида ҳам куч ишлатмаган Америка¸ биринчи бўлиб хужум қилишга тайëрланмоқда”. Бу америкалик сиëсий шарҳловчи Сузан Тистлвайтнинг фикри эди.
XS
SM
MD
LG