Линклар

Индонезия полицияси 12 октябр кунги Бали портлашларида гумон этиб ушланган икки шахсни сўроқ қилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, Индонезиянинг Бали оролидаги тунги клубларнинг бирида рўй берган кучли портлаш оқибатида 190га яқин киши ҳалок бўлган эди. Сўроқ қилинаётган икки шахснинг бири тунги клуб қоровулидир.
Шунингдек, фожеа юз берган жойдан хорижда ишлаб чиқарилган пластик портловчи ускуна қолдиқлари ҳам топилган. Портлаш мосламаси клуб яқинида турган микроавтобус ичига яшириб қўйилгани аниқланди. Айнан ана шундай портлатиш ускунаси билан бундан икки йил бурун Яманда Американинг "Коул" ҳарбий кемаси портлатилганди. Ўшанда портлашларга жавобгарликни "Ал-Қоида" ўз зиммасига олган эди.
Индонезия ҳуқуқ-тартибот органлари Балидаги террор ҳужумлари "Ал-Қоида" билан яқин алоқаси бўлган "Жамаа Исламия" гуруҳи тарафидан уюштирилганини инкор этишмаяпти.
Малайзияда портлашларда гумон этилиб "Жамаа Исламия"нинг тўрт фаоли ушланди. Малайзия полициясига кўра, уларни ушлаш портлашлар содир этилмасдан олдин режаланган.
Портлаш юзасидан олиб борилаётган тергов жараёнларида АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия ва Япония маҳсус ҳизматлари иштирок этишмоқда. АҚШ давлат котиби Колин Пауэл энг йирик мусулмон давлати ҳисобланмиш Индонезияни ислом экстремистларига қарши курашни жонлантиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG