Линклар

Марказий Осиё республикаларини Совет иттифоқининг асосий пахта хом ашёси базасига айлантириш рус коммунистлари олиб борган мустамлакачилик сиёсатининг кичик бир қирраси эди.

  • Ҳасанжон

Совет иттифоқи даврида пахта майдонларини кенгайтириш ишлари 60-йиллар ўрталаридан бошланди. Иссиқлик ва сувга чанқоқ бўлган пахта экинининг ташналигини қондириш учун совет “планчилари” Сирдарё ва Амударё сувларини пахта далаларига бура бошладилар. Натижада, 70-йиллар бошидан Орол денгизи суви сатҳи кескин пасая бошлади.
Орол денгизининг қуриши ва у олиб келиши мумкин бўлган кенг кўламли фожеа ҳақида ғарб матбуотида ҳам мақолалар чоп этилмоқда. Хусусан, 17 октябр куни “Жейнс” тадқиқот маркази томонидан эълон қилинган мақола: “Бу Совет Ўрта Осиёси коммунист лидерларининг катта хатоси эди. Аммо Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари бу хатони тузатишни ҳоҳлайди” деган сўзлар билан бошланган. Мақолада ҳозирга келиб Орол денгизининг ярмидан кўпи қуригани ва у икки қисмга бўлиниб қолгани билдирилган. Бундан ташқари, Орол денгизи ўртасида жойлашган Возрождение ороли бундан буён орол эмаслигини, яъни, катта ерга қўшилиб кетганини, у ердаги совет замонидан қолган куйдирги бактериялари қуш ва жониворлар, айниқса, дайдиб юрадиган тулки сингари ҳайвонлар орқали катта кенгликда яшовчи аҳолига етиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳавотир билдирилган.
5 ва 6 октябр кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар саммитида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Қирғизистон президенти Асқар Ақаев ва саммитга мезбонлик қилган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов “Орол денгизини қутқариш” фондининг навбатдаги учрашувини ўтказдилар. Марказий осиё президентлари Орол денгизи муаммоси - бу нафақат минтақа, балки дунё миқёсидаги экологик фожеа эканини таъкидладилар. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Орол денгизини қутқариш бўйича жуда кўп маҳаллий лойиҳалар амалга оширилаётганини маълум қилди.
“Жейнс” тадқиқот марказининг ҳисоботида, Оролнинг тобора қуриб боришига Марказий Осиё республикалари ўртасида минтақадаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича бамаслаҳат иш юритилмаётгани таъкидланган. Шунингдек, ҳисоботда совет замонидан қолган суғориш системасининг сақланиб қолгани, ирригация тармоқлари эскириб кетгани натижасида қишлоқ хўжалиги экинларига бурилаётган сувнинг ярмидан кам қисми белгиланган мақсадга ишлатилаётгани билдирилган.
Россияда чиқадиган “Время МН” нашрининг 16 октябр кунги сонида Александра Самаринаниниг “Ернинг очиқ яралари” номли мақоласи эълон қилинди. Мақоланинг ярмидан кўпи Орол фожеасига бағишланган бўлиб, унда Оролни қутқариш учун Марказий Осиё давлатлари ва турли халқаро ташкилотлар бесамар пул сарфлаётгани ҳақида сўз боради.
Мақолада Десинов деган мутахассиснинг фикрлари келтирилади. Унга кўра, Оролнинг қуришига сувнинг хўжасизларча сарфланиши асосий сабабдир. Оролни қутқариб қолишнинг ягона йўли бор. Шу ҳам бўлса, қишлоқ ҳўжалиги экинларини ҳозирги тартибда суғоришдан воз кечиб, Саудия Арабистони ва бошқа яқин шарқ давлатларида амалда кенг қўлланилаётган томчилатиб суғориш усулига ўтишдир. Акс ҳолда Орол денгизи қуришда давом этаверади.
Тошкентдаги Халқаро ЭКОСАН жамғармаси раиси, профессор Юсуфжон Шодиметов яқинда Озодлик радиосига берган интервьюсида Орол жаҳон кўламидаги муаммо эканини, унинг тузлари дунёнинг бошқа минтақаларига етиб бораётгани ҳақида гапирди.
“Дунёнинг қайси мамлакатида, қайси учрашувда бўлмайлик, биз битта катта масала қўйяпмизки, Орол денгизи муаммоси бу - бутун жаҳон муаммосидир. Орол денгизининг қуриб бориши билан боғлиқ бўлган жуда катта экологик муаммолар борки, бу фақат Марказий Осиёнинггина табиатига, экологиясига, иқтисодий ва ижтимоий аҳволига эмас, дунёнинг кўплаб мамлакатларига ўз таъсирини кўрсатади. Айниқса, кейинги 2 – 3 йил давомида бўлаётган жуда катта қурғоқчилик – Орол атрофида, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти, Ташховуз вилояти, умуман Орол ҳавзасида бўлаётган қурғоқчилик – дунёнинг кўплаб минтақаларига ҳам таъсир қиляпти.”
Россияда чиқадиган “Время МН” нашрининг 16 октябр кунги сонида эълон қилинган мақолада ҳам Орол денгизи ҳавзасида хосил бўлган катта миқдордаги туз ва бошқа турли хил заҳарли заррачалар кучли бўрон ёрдамида осмонга кўтарилиб Россиянинг жанубий Урал, Саратов, Волгоград Оренбург ва Орск каби минтақаларига етиб бораётгани хусусида ташвиш билдирилган.
XS
SM
MD
LG