Линклар

Шимолий Корея нима сабабдан ядровий қуроллар ишлаб чиқараëтганини эътироф этди?


Akram Faisullo

1994 йилги шартномага мувофиқ, Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан воз кечиши эвазига, халқаро консорциум Шимолий Кореяда енгил сув билан ишлайдиган иккита реактор қураëтган эди. Бу иш ниҳоясига етказилгунига қадар, мамлакат ҳар йил 500 минг тонна ëқилғи билан таъминланаëтганди.
Куни-кеча Шимолий Корея ҳукумати 1994 йилги шартномага ҳилоф равишда ядровий қуроллар ишлаб чиқариш дастурини амалга ошираëтгани билдирилди.
Жаҳоннинг кўплаган давлатлари - Қўшма Штатлар,Жанубий Корея, Япония ва Европа Иттифоқи анчадан бери Шимолий Корея ҳукуматини ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга чақириб келмоқда.
Вашингтон маъмуриятининг ўтган ҳафтада эълон қилганига кўра, Шимолий Корея расмийлари мамлакатда ядровий қуролларни яратиш дастури махфий равишда амалга оширилганини эътироф этишган.
Шундан кейин, аниқроғи душанба куни Европа Иттифоқи расмийлари Шимолий Кореяда реакторларни қуриш бўйича Қўшма Штатлар етакчилигидаги халқаро консорциумда иттифоқ иштирокини қайта кўриб чиқишларини билдиришди
Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича расмий вакили Крис Паттеннинг айтишига қараганда, ҳозирги вазиятда Европа Иттифоқи консорциумдаги иштирокини давом эттира олмайди.
Шу ой бошида Шимолий Корея расмийлари АҚШ делегациясига ўзларининг 1994 йилги шартномага амал қилмасликларини билдиришди. Бунга сабаб сифатида Пхеньян расмийлари реакторларни қуриш ишлари белгиланган муддатдан бир неча йил кечиктирилганини ва бу реакторлар ваъда қилингани каби 2003 йилда ишга туширилмаслигини баëн қилишди.
Душанба куни АҚШ президенти Жорж Буш унинг маъмурияти дипломатик йўллар орқали Шимолий Кореяни ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришга харакат қилишини маълум қилди.
Қўшма Штатлар раҳбарияти президент Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ ҳукуматини оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришга уринаëтганида айблаб, Бағдод режимини ўзгартириш учун ҳарбий куч қўллаши мумкинлиги хақда огоҳлантирмоқда.
Куни-кеча АҚШ давлат котиби Колин Пауэллдан: “агар Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан воз кечмаса, Америка бу мамлакатга ҳам қарши ҳужум қилиши мумкинми”, -деб сўралганида, у: “ҳозир Американинг Шимолий Кореяга қарши куч қўллаш режаси йўқ. Ироқ ва Шимолий Корея масалалари бир-биридан кескин фарқ қилади. Саддам Ҳусайн Ироққа қўшни бўлган давлатларга қарши оммавий қирғин қуролларини қўллади. Барча уринишларга қарамай, Саддам Ҳусайн ўзининг бу сиëсатини ўзгатирмади. Шимолий Корея вазияти бир қанча ўзгача. Мамлакат иқтисоди издан чиққан ва бу мамлакат Ироқ эга бўлган ресурсларга эгалик қилмайди. Ироқ муаммосига қараганда, Шимолий Корея масаласида Америка ўзгача йўллар орқали ечим топишга харакат қилади, - деди.
Шу йили АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ва Эрон қаторида Шимолий Кореяни ҳам оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаришга уринаëтганида айблаб, бу давлатларни “зулм ўқи”, деб атаган эди.
Шимолий Корея расмий вакили Ким Янг Нам, агар Қўшма Штатлар Шимолий Кореяга нисбатан душман сифатида қарашни тўхтатса, унинг ҳукумати ядровий дастур бўйича музокаралар олиб боришга тайëр эканлигини таъкидлаб ўтди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, пировардда Шимолий Корея ядровий масалада Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлиши мумкин. Чунки Шимолий Корея ўз иқтисодини қайта тиклаш учун халқаро молия ташкилотларининг ëрдамига муҳтождир. Бундай ташкилотларнинг аксарияти эса Қўшма Штатлар фикрига қулоқ тутади.
XS
SM
MD
LG