Линклар

logo-print

Сургундаги ироқликлар Саддам Ҳусайн томонидан эълон қилинган амнистияга шубҳа билан қарашмоқда.


Akram Faisullo

Яқинда президент Саддам Ҳусайн томонидан эълон қилинган амнистия барча маҳбусларга, шу жумладан, Ироқ режимига қаршилик кўрсатгани учун қамалган кишиларга ҳам таллуқлидир
Мазкур амнистия бўйича сургундаги ироқлик сиëсий мухолифлат фаоллари ва ҳарбий хизматдан қочган собиқ аскарлар ҳам афв этилган.
Бағдод ҳукумати фақат Америка ва Исроил фойдасига жосуслик қилгани учун қамалган кишилар афв этилмаслигини маълум қилди. Қотиллик содир этган маҳбусларнинг мақоми аниқ эмас, хабарларга қараганда, бундай маҳбуслардан анчаси озодликка чиққан. Аммо Ироқ расмийларига кўра, қотиллик содир этган маҳбуслар, фақат қурбонларнинг яқинлари томонидан афв этилган тақдирдагина, озод қилинади.
Якшанба куни Ироқда минглаб маҳбус озод қилинар экан, президент амнистияси кўплаган хонадонларга хурсандчилик келтирди. Аммо сургундаги ироқликлар мазкур амнистияга шубҳа билан қарашмоқда. Улар, агар ватанга қайтсалар, ҳукумат тазйиқларига учрашларидан чўчимоқдалар.
Дарҳақиқат, олдинги президентлик амнистияларига риоя қилинмаган ҳоллар ҳам юз берди. Мисол учун, 1995 йил август ойида Ироқнинг кимëвий қуроллар дастури тўғрисидаги махфий ҳужжатларни ўғирлаб, Иорданияга қочиб ўтган Саддам Ҳусайннинг куëвлари, ака-ука Ҳусайн Камол ва Саддам Камол Ал-Мажидлар учун эълон қилинган амнистияга амал қилинмади. Улар президент амнистиясига кўра афв этилганларидан кейин орадан 6 ой ўтиб Бағдодга қайтган эдилар. Ироқ ҳукуматининг даъво қилишича, ака-ука Ал-Мажидлар ўз қариндошлари томонидан сотқинлик қилганларида айбланиб, ўлдирилган. Ироқ мухолифатига кўра, ака-укалар Саддам Ҳусайннинг буйруғига мувофиқ, отиб ўлдирилган.
Президентнинг сўнгги амнистиясига кўра қанча сиëсий маҳбус афв этилгани аниқ эмас. Душанба куни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Amnesty International” ташкилоти Ироқ ҳукуматини озодликка чиққан сиëсий маҳбусларнинг рўйхатини беришга ва 1980 йиллардан бери Ироқда дараксиз йўқолган минглаган кишиларнинг тақдири хусусида аниқлик киритишга чақирди.
Ироқнинг собиқ дипломати ва ҳозирда Лондонда чиқадиган “Iraqi File” газетасининг муҳаррири Хасан Ал-Аттиëга кўра, ўтган ҳафтадаги амнистия Саддам режими тарихида энг йирик афви умумийдир. Аммо, унинг айтишига қараганда, сиëсий маҳбусларнинг аксарияти озод этилмаган бўлиши мумкин.
“Ҳақиқатан ҳам, сўнгги президентлик амнистиясига мувофиқ, кўплаган маҳбуслар афв этилиб, озодликка чиқдилар. Аммо Ироқда юзлаб қамоқхона бор ва Бағдод ҳукумати озод этилганларнинг рўйҳатини эълон қилмади. Ғарблик журналистлар фақат Бағдод ғарбидаги бир қамоқхонада маҳбуслар озодликка чиққанига гувоҳ бўлдилар”, - деди Хасан Ал-Аттиë.
Саддам Ҳусайн амнистия эълон қилганининг сабаблари хусусида турлича фикрлар билдирилмоқда.
Расмий Бағдодга кўра, Ироқ халқи яқинда бўлиб ўтган референдумда Саддам Ҳусайннинг президентлик муддати яна 7 йилга узайтирилишини бир овоздан маъқуллаганига миннатдорчилик сифатида президент амнистияси эълон қилинган.
Лекин, айрим кузатувчиларнинг фикрига кўра, амнистиядан кўзланган асосий мақсад, Қўшма Штатлар раҳбарияти томонидан қўйилаëтган айбномаларни қайтаришдир. Вашингтон маъмурияти Саддам Ҳусайннинг репрессив режимини ҳокимиятдан ағдариш, Ироқнинг оммавий қирғин қуролларини ишдан чиқариш ва Ироқ халқини озод қилиш кераклигини, таъкидлаб келмоқда.
Ироқнинг собиқ дипломати Хасан Ал-Аттиëнинг айтишига қараганда, Саддам Ҳусайн сўнгги амнистия орқали халқаро ҳамжамиятга, гўëки, ўз режимида ижобий ўзгаришлар бўлаëтганини кўрсатишга уринмоқда. Унга кўра, Саддам Ҳусайн афв этилиб озодликка чиққан ироқликлардан фақат бир нарсани – Америка Ироққа ҳужум қилган тақдирда қаршилик кўрсатишларини истайди, холос.
XS
SM
MD
LG