Линклар

logo-print

Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Москвада гаровга олинганларнинг 90дан зиёди нобуд бўлган.


Куннинг биринчи ярмида Россия ички ишлар вазирлиги гаровдагиларнинг 67 нафари нобуд бўлганини маълум қилган эди. Рақамлардаги бу ўзгаришларга тушунтириш берилмаяпти. Камида уч одам гаровга олувчилар томонидан отиб ўлдирилган. Қолганлар ўлимига нима сабаб бўлгани ноаниқ.
Маълумотларга кўра, озод этилганлар ҳозирги вақтда Москва шаҳрининг турли касалхоналарида бўлиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ички ишлар вазири муовини Владимир Васильевнинг билдиришича, гаровга олувчиларнинг 34 нафари, шу жумладан уларнинг етакчиси Мовсар Бараев ўлдирилган. Икки нафари эса қўлга туширилган ва шу дамларда сўроқ қилиняпти. Баъзи маълумотларга қараганда, ўлдирилган жангчилар сони 50га тенг бўлиши мумкин.
Ҳужум бугун эрта тонгда амалга оширилди. Махсус хизмат аскарлари театр биносига киришларидан олдин у ерга вентиляция тизими орқали ухлатадиган газ узатилган.
Эслатиб ўтамиз, чоршанба кечқурун бир гуруҳ қуролланган чеченлар Москва театри биносида юзлаб одамларни гаровга олган эдилар. Улар Чеченистондаги урушни тўхтатишни талаб қилиб, Россия қўшинлари бир ҳафта ичида Чеченистон ҳудудини тарк этишлари лозим, деб таъкидлаётган эдилар.
Чеченистон айирмачи ҳукумати раҳбари Аслан Масҳадов Бараев етакчилигидаги гуруҳ ҳаракатларини қоралар экан, бироқ Россия ҳукумати одамлар ўлимига олиб бормайдиган йўл тутиши мумкин эди, деб таъкидлади. Унинг фикрича, Москва Чеченистон урушини давом эттирар экан, бошқа гуруҳлар ҳам Бараев изидан боришлари ва турли ҳужумларни амалга оширишлари мумкин.
Расмий Москва Масҳадов ҳукуматини тан олмайди. У Чеченистонда ўзига ҳайриҳох бўлган Ахмад Қодиров ҳукуматини ўрнатган.
XS
SM
MD
LG