Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:26

Москва ҳодисаси Чеченистон масаласи боши берк кўчага кирганини намойиш қилди.


Фарангис Саид

Юзлаб одамларнинг театр биносида чечен жангчилари томонидан гаровга олиниши “Кремл ниҳоят Чеченистон масаласи бўйича позициясини ўзгартирадими”, деган саволни яна долзарблаштирди. Чеченистон масаласи анча вақт олдин боши берк кўчага кирган эди. Мустақил кузатувчилар расмий Москва чечен жангчилари билан музокаралар олиб боришга тайёр эмас, деб фикр билдирар эканлар, сўнгги ҳодиса Россиядаги сиёсий вазиятни кескин ўзгартириб юбориши мумкин, демоқдалар.

Бир гуруҳ чечен жангчилари Чеченистон масаласини жаҳон ҳамжамияти диққат марказига қўйди. Москвадаги театр биносидаги ҳодиса бир нарсани яққол намойиш қилди: Чеченистон масаласини ҳал этмаса бўлмайди.

Москвада жойлашган Карнеги маркази сиёсий таҳлилчиси Лилия Шевцова Озодлик радиосига берган интервьюсида бу ҳодиса Кремлни ҳайрон қолдирди, деб фикр билдиради:

“Ҳамманинг миясига бир фикр келди: у шу ерда. Чеченистон энди Москвага келди. Бунинг ҳозирми ё кейинми рўй бериши муқаррар эди. Бироқ у Москвага келганида, на оддий одамлар, на шаҳар маъмурияти ва на-да федерал ҳукумат бундай фожиага тайёрликлари аён бўлди,” – дейди Лилия Шевцова.

Одамларни гаровга олиш ҳоллари илгари Россиянинг жанубий ўлкаларида, Чеченистонга яқин ҳудудларда рўй берган эди. Улардан энг йириги ва эсда қолгани 1995 йилда чечен дала қўмондони Шамил Басаев Будённовск шаҳридаги касалхонани гаровга олгани бўлган. Басаев Россиянинг ўша вақтдаги бош вазири Виктор Черномирдин билан музокараларар олиб бориб, сўнг Буденновскдан чиқиб кетган, бироқ у ҳодиса 150 одам ҳаётини олиб кетган эди.

Ҳозирги бўҳронни ҳал этиш эса янада мураккаброқ бўлиши мумкин. Лилия Шевцованинг айтишича, Чеченистон можаросини ҳеч бир тараф ҳал эта олмайди. Ҳокимиятга Чеченистон урушига тезда чек қўйиш ҳақидаги ваъдалари туфайли эришган Владимир Путин учун Москвадаги ҳодисалар – жиддий синовдир.

“Путин эндиликда бардам бўлиши ва яхши стратег сифатида ҳаракат қилишга қодирлигини намойиш қилиши лозим. У ҳиссиётлардан ҳоли бўлиб, сайловлар ва нуфуз-обрў ҳақида ўйлаши эмас, балки фожианинг тинч йўлларини аҳтариши лозим. Фожиа деганимда мен нафақат Москва театридаги ҳодисалар, балки Чеченистон фожиасини назарда тутяпман”, - дейди Москвада жойлашган Карнеги маркази сиёсий таҳлилчиси Лилия Шевцова.

Россия президенти Германия ва Португалияга сафарларини бекор қилиб, бўҳронни жуда жиддий қабул қилганини намойиш қилар экан, одамларни гаровга олганлар халқаро террор гуруҳларига алоқадорликларини таъкидлашга шошилди.

Мустақил ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенхауэр Москвадаги ҳодиса Чеченистон бўйича музокаралар бошлашга сабаб бўлишига ишонмаслигини билдиради:

“Ҳозирги вақтда музокаралар олиб бориш жуда қийин. Уларни ким билан олиб бориш кераклиги ҳам ноаниқ. АҚШ ҳукумати - Давлат Департаменти Масхадов Ал-Қоида террор тармоғи ва ваҳҳобийлар билан алоқаларга эга бўлгани боис, у билан музокаралар олиб бормаслик керак, деб ҳисоблайди. Шундай қилиб, ким билан музокара олиб бориш кераклиги ноаниқ. Бироқ, агар музокаралар бошланмаса, Москва марказида юзлаб одамлар нобуд бўлиши мумкин. Бу эса кенг кўламли террор кампаниясининг бошланишига олиб келади”.

Айни вақтда таҳлилчи Москва ҳодисалари Чеченистон масаласига умуман бошқача ёндашишга мажбур қилаётганини айтади.

Лилия Шевцова эса бу ҳодиса Кремлнинг қанчалик заифлигини намойиш қилганини айтар экан, бу Путин обрўсига ҳам, парламент депутатлари обрўларига ҳам путур етказади, дейди.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “Чеченистонда тинчлик учун Америка қўмитаси” ижроия директори Глен Ховард эса Москва ҳодисаси Чеченистондаги вазиятни анча ёмонлаштирди, деб фикр билдирди.

“Низони тинч йўл билан ҳал этиш қобилиятимизга бу ҳодиса жуда катта путур етказди. Айни вақтда ушбу ҳодисанинг вазиятнинг яхшиланишига туртки бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки президент Путин вазиятни яхши тушунади ва Чеченистондаги аҳволдан хабардор”, - дейди Глен Ховард.


Москва театрида юзлаб одамларни гаровга олганларга яқинроқ назар ташлайдиган бўлсак, уларга чечен дала қўмондони Мовсар Бараев етакчилик қилаётганини пайқаймиз. Ёши 20дан сал ошган Мовсар ўтган йили Россия аскарлари томонидан ўлдирилган дала қўмондони Арби Бараевнинг жиянидир. Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ хизмати директори Аслан Дукаев Арби Бараев ҳақида маълумот берар экан, шундай дейди:

“Арби Бараев ҳақидаги маълумотдан менга шу маълумки, унинг гуруҳига диний экстремистик руҳ ҳос бўлган. Уни кўпинча Чеченистондаги ваҳҳобийлар ҳаракатининг йирик қисми, деб тавсифлашган. Шунинг учун, мен Мовсар Бараев амакиси изидан кетяпти, десам адашмайман”.

Шундай дер экан, ҳамкасбим Бараев гуруҳи Чеченистонда катта обрўга эга бўлмаган, дейди. На Арби Бараев, на унинг жияни Мовсар чечен сепаратчилари етакчиси Аслан Масхадов назорати остида бўлган, деб фикр билдирар экан Аслан, Масхадов ҳам, унинг муовини Аҳмад Закоев ҳам Москвадаги ҳаракатларни қоралаганларини айтади. Мовсар Бараевни мусулмон фундаменталист ҳам деб бўлмайди, деб фикрини давом эттиради Аслан.

“Уларнинг, яъни Бараев гуруҳининг ўз мақсадлари, ўз режаси борга ўхшайди. Бу мақсадлар эса Масхадов ва унинг ҳукумати мақсадларидан фарқ қилади”.

Чеченистонда исломий экстремизм кучаймоқдами, деган саволга эса Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ хизмати директори Аслан Дукаев мана бундай жавоб берди:

“Менда бундай таасурот йўқ. Албатта, Чеченистонда экстремист гуруҳлар ва одамлар бор. Бироқ умуман оладиган бўлсак, чечен низоси исломий ғоялар ёки исломий тамойиллар ё бўлмаса исломий ҳукумат учун кураш эмас, у мустақиллик учун кураш”.

Шундай дер экан, Аслан Москва театрида одамларни гаровга олганларнинг биринчи талаби ҳам Россия қўшинларининг Чеченистон ҳудудидан олиб чиқиш талаби бўлганини айтади.
XS
SM
MD
LG