Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Россия президенти Владимир Путиннинг армия билан муносабатлари <br>(Ирина Лагунина билан суҳбат)


Фарангис Саид

Азиз тингловчилар, ёдингизда бўлса, 2001 йил сентябрнинг сўнгги кунларида Тошкент ва Вашингтон расмийлари АҚШ қўшинларининг Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига келишиб олдилар. Марказий Осиёни ўз таъсир доираси деб ҳисоблашга одатланган Россия раҳбариятининг бунга муносабати қизиқ бўлди. Мудофаа вазири Сергей Иванов қарорни нотўғри, деб баҳолаб, уни танқид қилган ва АҚШ қўшинлари Россиянинг анъанавий таъсир доираси бўлган Марказий Осиёда жойлаштирилмаслиги керак, деб баёнот қилган бўлса, президент Владимир Путин Ивановнинг чиқишларини тўғрилашга уринган, Россия халқаро терроризмни қоралаши ва аксилтеррор коалицияга қўшилишини таъкидлаган эди. Бу ҳодиса Россия сиёсий ва ҳарбий элитаси, яъни бир тарафдан президент Путин, бошқа тарафдан эса ҳарбийлар орасида келишмовчиликлар мавжудлигини яққол намойиш қилди. Ҳозирги кунда Ироқ масаласи муҳокама этилар экан, бу келишмовчиликлар Россия ташқи сиёсатига таъсир кўрсатадими, деган савол туғилиши табиий. Озодлик радиосининг рус хизмати ҳодимаси, сиёсий ва ҳарбий масалаларга бағишланган “Сиёсат давоми”, деб номланган радиодастур муаллифи Ирина Лагунина билан суҳбатни ҳам мен айни шу саволдан бошладим.

Ирина Лагунина:
Россия президенти маъмурияти ва ҳарбийлар орасида кўплаб сиёсий ва халқаро масалалар борасида ягона ёндашув йўқлиги шубҳасиз. АҚШ қўшинларининг Ўзбекистонда жойлаштирилгани – келишмовчиликларга сабаб бўлаётган бир масала. Яна бири – АҚШ ҳарбий экспертларининг Грузияда ишлаётганлари. Яъни келишмовчиликлар мавжуд. Бироқ, менинг фикримча, муҳими келишмовчиликлар бор-йўқлиги эмас, балки бу келишмовчиликларнинг ташқи сиёсатга таъсир қилаётган-қилмаётганлигидир. Менимча, шу вақтга қадар бу келишмовчиликлар Россиянинг халқаро саҳнадаги ҳаракатларига таъсир қилмади, улар Россия ташқи сиёсатини белгилаб берувчи омил эмас. Албатта, жаҳон саҳнасида турли жараёнлар, турли ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, АҚШ қўшинлари Марказий Осиёда жойлаштирилди ва Россия бунга қаршилик кўрсатмади. Умуман оладиган бўлсак, Россиянинг сиёсатини ижобий ва демократик, деб баҳолаш мумкин.

Фарангис Саид:
Ирина, демак, келишмовчиликлар бўлса-да, на Ғарб, на қўшни давлатлар, шу жумладан Марказий Осиё республикалари улардан хавотирланишлари керак, чунки у Россия ташқи сиёсатига таъсир қилмаяпти, шундайми?

Ирина Лагунина:
Менимча, ҳеч ким, ҳеч бир тарафнинг ташвишланишига жиддий сабаб йўқ. Ҳарбийларнинг эмас, Путиннинг ҳаракатларини кузатиб бориш ва улардан ташқи сиёсат қандай бўлиши ҳақида ҳулоса чиқариш лозим.

Фарангис Саид:
Бу тафовутнинг, бу келишмовчиликларнинг сабаби нимада? Баъзи сиёсатчилар, масалан, Сергей Ивановнинг ҳокимиятга интилаётганлигидами, ёки мудофаа учун ажратиладиган бюджетнинг камлигидами, ёки бўлмаса, Путин ва ҳарбийлар армиядаги ислоҳотлар масаласи юзасидан келиша олмаяптиларми? Асл сабаб нимада?

Ирина Лагунина:
Албатта, бирламчи сабаблар сирасида армиядаги ислоҳотлар, аниқроғи ислоҳотларнинг ўтказилмаётганини айтиб ўтиш лозим. Сўнгги йилларда армияга ажратиладиган бюджет ҳам жуда кичик бўлган эди. Путин ҳокимиятга келганидан сўнг, бюджет анча ошди. Бу эса ижобий ўзгариш, чунки ҳозирги кунда Россия армияси жуда ёмон аҳволда. Аскарлар ҳам, зобитлар ҳам етарли маош олмайдилар, кўплаб ҳорлларда уларнинг ейишга овқатлари, яшашга эса уйлари йўқ.

Фарангис Саид:
Менимча, жаноб Путин Россиянинг қўшни минтақалар, ҳусусан Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолишга қудрати етмаслигини жуда яхши тушунади. Ва шу сабабдан АҚШ қўшинларининг минтақада, шу жумладан Ўзбекистонда жойлаштирилишига қаршилик кўрсатмаяпти. Ирина, келажакда Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида кескин ўзгаришлар бўлиши мумкинми?

Ирина Лагунина:
Йўқ, ўйлашимча, ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Чунки агар ҳарбийлар НАТО ташкилоти, АҚШ ва Ғарбга ёндашаётганларида, маълум мафкурадан келиб чиқсалар, президент Путин – прагматик, генераллардан фарқли ўлароқ, у прагматизмга асосланиб, Россиянинг ташқи ва ҳарбий сиёсатини белгилайди.
XS
SM
MD
LG