Линклар

logo-print

БМТ ҳарбий инспекторлари ўзларига кучли салоҳият берилишини сўрамоқдалар.


Акрам Файзулло

БМТ расмийлари Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, Ироққа юбориладиган ҳарбий инспекторларга кучли салоҳият берилишини сўрадилар.
БМТ ҳарбий инспекторларининг бошлиғи Ханс Бликс ва Халқаро атом энергетикаси агентлигининг директори Муҳаммад Ал-Барадийларнинг душанба куни БМТ хавфсизлик кенгаши йиғинида айтишларига кўра, улар Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ қилинишини тасдиқлашлари учун кенгашдан аниқ буйруқлар олишлари керак.
Уларга кўра, бундай буйруқлар Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинадиган янги резолюцияда қайд этилган бўлиши лозим.
Ханс Бликснинг таъкидлашича, янги резолюциянинг матни ва инспекторларга бериладиган салоҳият аниқ кўрсатилган, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциянинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга тайëр бўлиши мухимдир. Акс ҳолда, инспекторларнинг ваколатига зарар етади.
Халқаро атом энергетикаси агентлиги Ироқда ядровий қуролларни, (агар ҳақиқатан ҳам шундай қуроллар бўлса), уларни ишдан чиқариш ишларини назорат қилади. Агентлик директори Муҳаммад Ал-Барадийга кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши бирлашган ҳолда инспекторларни қўллаб-қувватлаши керак. Уларнинг ваколати ва амалий вазифалари очиқ-ойдин белгиланган бўлиши зарур. Шунингдек, Ироқни тўлиқ қуролсизлантириш учун хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган давлатлар ҳарбий инспекторларни керакли маълумотлар билан таъминлаши лозим.
Ханс Бликс ва Муҳаммад Ал-Барадийлар АҚШ ва Британия таклиф этаëтган резолюция лойиҳасининг энг асосий жиҳатларини қўллаб-қувватлашларига ишора қилдилар. Мазкур резолюция лойиҳасида, агар Бағдод ҳукумати БМТ ҳарбий инспекторлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилмаса, Ироққа қарши ҳужум қилиниши ҳақда огоҳлантирилган.
АҚШ ва Британия дипломатлари инспекторларнинг ушбу резолюция лойиҳасига нисбатан билдирган муносабатларини мамнуният билан қабул қилдилар. БМТдаги АҚШ элчисининг ўринбосари Жеймс Каннингхам, “инспекторларнинг айтган гапларидан кўриниб турибдики, улар биз таклиф этаëтган ваколатни қабул қилишга тайëрлар. Чунки инспекторлар БМТ Хавфсизлик кенгаши талаб этаëтгани каби, Ироқда текширув ишларини таъсирчан шаклда амалга оширишлари учун улар кучли солоҳиятга эга бўлишлари керак”, - деди.
Аммо, Россия ва Франция, Ироққа нисбатан ҳарбий куч қўлланишига қарши бўлгани туфайли, янги резолюцияни тасдиқламаслиги мумкин.
Бу икки давлат дипломатларига кўра, янги резолюция лойиҳасида таъкидлангани каби Ироқ 30 кун ичида ўзининг таъқиқланган кимëвий ва биологик қуроллари тўғрисида тўлиқ ҳисобот тайëрлаб беришга улгуролмаслиги ва оқибатда ҳарбий ҳужумга учраши мумкин.
БМТ бош котиби Кофи Аннан Хавфсизлик кенгаши барча томонлар ëки кўпчилик рози бўлган бир резолюция қабул қилишига умид билдирди, аммо бунга эришиш учун томонлар муроса қилиши кераклигини эслатиб ўтди.
Айни пайтда Вашингтон маъмурияти, агар БМТ Хавфсизлик кенгаши янги резолюция лойиҳасини қабул қилмаса, Америка Ироқни қуролсизлантириш учун ҳарбий коалиция тузиши хақда огоҳлантирмоқда.
Қўшма Штатлар раҳбарияти шу ҳафтада БМТ хавфсизлик кенгаши янги резолюцияга овоз беришига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG