Линклар

Москва театрида қандай газ ишлатилди?


Фарангис Саид

Москвада Дубровкадаги театр биносига вентиляция тизими орқали қандай газ юборилди?

Россия президенти саломатлигини кузатадиган тиббий хизмат бошлиғи Виктор Фоминих у газ жарроҳликда анестезия учун қўлланиладиган газ, деб таъкидлади. Президент шифокори “у ҳарбий газ эмас”, демоқда. Бошқа расмийлар ҳам газни ўлимга олиб келмайдиган модда, деб таърифлашаётир.

Бу шундайми, ёки йўқ, ноаниқ. Лекин газнинг Москва театрида қўлланилиши кўплаб одамлар ўлимига олиб келгани шубҳасиз. Буни инкор этиб бўлмайди. Расмийлар эса бу масалага ёруғлик киритишдан бош тормоқдалар. Шанба эрта тонгда Дубровкадаги театр биносига газ юборила бошлаганида Россиянинг “Эхо Москви” радиостанцияси мухбири театр биносида гаровга олинганларнинг бири – Аня исмли қиз билан суҳбатлашаётган бўлган. Мана, уларнинг суҳбатидан парча: ОВОЗ

Азиз тингловчилар, эшитганингиздек, мухбирнинг “Бу қандай газлигини бизга айтиб бера оласизми? У кўзни ёшлантирадиган газми? Уни кўриш ёки ҳидини сезиш мумкинми?”, деган саволларига Аня, “илтимос, мен билмайман. Биз уни кўряпмиз. Сезяпмиз ҳам. Кийим орқали нафас олишга мажбурмиз”, - деб жавоб берди ва суҳбат сўнггида отилган ўқ овози эшитилди. Бу ўқлар отишлар махсус қўшинлар театрга ҳужумни бошлаганларининг биринчи белгилари бўлган. Қўшинлар юзлаб одамларни озод этишга интилганлар. Бироқ, кўп ўтмай, гаровга олинганларнинг аксарияти айнан махсус қўшинлар томонидан қўлланилган газдан заҳарланиб ўлганлари аниқ бўлди.

Шифокорлар уларга қайси турдаги газ қўлланилгани айтилмаётгани, шу сабабли улар ўз ишларини, яъни одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ишини, кераклича бажара олмаётганларини айтмоқдалар.

Бир аёл гаровда бўлган қизининг сўзларини келтиради. “Улар бизни ҳудди суваракларни заҳарлагандек, заҳарладилар”, деган экан аёлнинг қизи.

Россиянинг Кимёвий хавфсизлик иттифоқи президенти Лев Федоров шанба кунги операция жуда катта хато бўлган, деб фикр билдирди.

“Касалхоналар заҳарланган беморларни қабул қилиш учун тайёр бўлмаган. Беморлар умумий бўлимга олиб борилган. Анестезиологлар эса қандай газ қўлланилганидан бехабар бўлганлар. Уларга заҳарни зарарсизлантирадиган дорилар ҳам берилмаган”, - деди Лев Фёдоров.

Хўш, Москва театрида қандай газ қўлланилди?

АҚШ расмийларининг фикрича, у ухлатадиган ёки бехуш қиладиган “Фентанил”, деб номланган наркотик дорининг аэрозол, яъни ҳавога пуркаладиган шакли бўлган. Россия расмийлари бу хусусда ҳеч қандай маълумот бермадилар. Бироқ АҚШ разведка хизматининг бир ходими у дори совет даврида ишлаб чиқилган, деб тахмин қилар экан, совет олимлари биорегуляторлар, яъни омма хулқини кескин равишда ўзгартиришга қодир бўлган ва хатто катта шаҳар аҳолисини бир неча дамда уйқуга соладиган дорилар устида ишлаганлар, дейди.

Россия расмийлари эса яна ўз фикрларини илгари сурар эканлар, ишлатилган газ анестезия, яъни наркоз сифатида қўлланиладиган дори бўлганини таъкидламоқдалар. Гаровга олинганларнинг шунчаси ўлди, бунга нима сабаб бўлди, деган саволга эса, улар гаровдагиларнинг жисмоний ва психологик аҳволи жуда оғир бўлган, аксариятининг эса доимий касалликлари бўлган, деб тушунтириш беришга уринмоқдалар.

Озодлик радиосининг Россиядаги вазиятни ёритадиган мухбири Кэтлин Нокс, мутахассислар фикрларини ҳам ўрганишга ҳаракат қилиб, Буюк Британия ва Ирландиянинг анестезиологлар ассоциацияси вакили Дэвид Уитейкерга мурожаат қилди. Мутахассис эса анестезияда, яъни наркоз сифатида ишлатиладиган дори бунчалик катта талафотларга олиб келмаслиги керак эди, деб фикр билдирган.

“Катта дозадаги наркоз таъсирида қон босими пасаяди. Бу эса аста-секин юракнинг ҳам тўхташига олиб келиши мумкин. Шунда ҳам, беморни тегишли равишда уқаласангиз ва баданини сиқаётган нарсаларни ечиб ташласангиз, у ўзига келади. Шундай қилиб, анестезияда ҳатто катта дозадаги наркоздан сўнг ҳам одам ўзига келади. Менимча, Москвада наркоз эмас, бошқа модда ишлатилган”, - дейди британиялик анестезиологлар ассоциацияси вакили Дэвид Уитейкер.

Британиянинг Лидз университети токсикологи, кимёвий қуроллар бўйича мутахассис Элистер Хей Москвада “Би-Зет” номли асаб тизимини фалапс қилувчи газ ишлатилган, деб фикр билдиради.

“Би-Зет 60-йилларда урушда қўллаш учун ишлаб чиқилган модда бўлиб, у аскарларнинг бошини айлантириш, беҳуш қилиш, яъни кураша олмайдиган ҳолатга келтиришни кўзда тутган. Уни жуда кам миқдорда ишлатиб, мақсадга эришиш мумкин. Катта миқдорда ишлатилган тақдирда “Би-Зет” одамлар ўлимига олиб келади. Жанг майдонида ўлик аскарлар қолади, ҳолос”, - дейди мутахассис ва “Би-Зет” газининг узоқ муддатли асоратлари ҳали яхши ўрганилмаганини айтади. Унинг Мозамбик ва Сребреницада ишлатилгани ҳақда гумонлар бор.

Россия расмийлари томонидан қандай газ ишлатилгани жуда муҳим масала. Ва бунинг сабаби аниқ. Чунки шанба кунги операция натижасида юздан ортиқ бегуноҳ одам нобуд бўлди. Россия раҳбарияти эса “ҳалок бўлганлар ҳамиша ёдимизда қолади”, дер экан, тирикларни тинчлантириш учун шунча гумону тахминлар ва шубҳаларга сабаб бўлаётган масалага ёруғлик киритмаяпти.
XS
SM
MD
LG