Линклар

АҚШ ҳукумати ва Марказий разведка бошқармаси Ироқ таҳдиди ҳусусида келишолмаяпти.


Акрам Файзулло

АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Марказий разведка бошқармаси билан Ироқ масаласида келиша олмаëтгани туфайли разведка ишларини ўз назоратига олмоқда.
Куни кеча АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ҳукумати ва Усама бин Ладиннинг “Ал-Қоида” тармоғига ўхшаган халқаро террорчи гуруҳлар ўртасида алоқалар бор-йўқлигини аниқлаш учун Пентагон янги разведка идорасини ташкил этганини эълон қилди.
Америка матбуоти бу хабарга нисбатан, Буш маъмурияти Марказий разведка бошқармасининг Ироқ тўғрисидаги маълумотларидан норози эканининг бир белгиси сифатида қарамоқда.
Рамсфелд матбуотда билдирилаëтган бундай фикрларни рад этди. Унга кўра, янги разведка идораси шунчаки Ироқ тўғрисида кўпроқ маълумотлар тўплаш иши билан шуғулланмоқда, холос.
Аммо айрим таҳлилчилар Буш маъмуриятининг Ироққа нисбатан бўлган қаттиққўл позициясидан шубҳаланиш билдирмоқдалар.
Вашингтондаги Като тадқиқот маркази директори Иван Эландга кўра, агар Вашингтон маъмурияти Ироқнинг “Ал-Қоида” террор тармоғи билан алоқаси борлигини исботлаганда эди, БМТ Хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатларнинг Ироққа қарши таклиф этаëтган резолюция лойиҳасини қабул қилиши осонроқ бўлар эди.
“Буш маъмурияти Марказий разведка бошқармасидан ўзи ҳохлаган маълумотларни ололмаяпти. Чунки разведка бошқармаси Ироқ ва “Ал-Қоида” тармоғи ўртасида алоқа борлиги тўғрисида аниқ маълумотлар тўплай олмаяпти”, - деди таҳлилчи Эланд.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси узоқ йиллардан бери Ироқ борасида мўътадил позицияда қолмоқда. Бошқарма 1991 йилда кўрфаз уруши томом бўлгандан сўнг, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилмаслиги кераклигини, акс ҳолда, Яқин Шарқ минтақасида барқарорлик бузилиши ҳақда огоҳлантирди. Бошқарма 1990 йиллар давомида, Ироқ қанотли ракеталарни яшираëтганини, шунингдек, кимëвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқараëтганини маълум қилганига қарамай, Ироқ мухолифат кучларига ëрдам бермасликка чақирди.
Шу ой бошида АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Тенет Сенат қўмитасига Ироқ тўғрисида бир мактуб йўллаганидан сўнг, бошқарма ва маъмурият орасида Ироқ масаласида келишмовчилик борлиги маълум бўлди.
Ушбу мактубнинг биринчи қисмида ëзилишича, Саддам Ҳусайн, агар ҳужумга учрамаса, Америкага жиддий таҳдид солмайди. Аммо, мактубнинг иккинчи қисмида Ироқдан қочган расмийлар айтганларига таяниб ëзилишича, Ироқ ва “Ал-Қоида” террор тармоғи ўртасида юқори даражали алоқалар 10 йилдан бери давом этиб келмоқда.
1993 йилдан 1995 йилгача АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори бўлган Жеймс Ульси Америка матбуоти асосий эътиборни Тенет мактубининг биринчи қисмига қаратаëтганининг сабабини тушунмаëтганини айтди.
“Тенет мактубининг охирида Ироқ “Ал-Қоида” аъзоларига газ ва бошқа заҳарли моддаларни қандай қўллашни ўргатгани ҳақда ëзилади. Гап оммавий қирғин қуроллари ҳақида бораяпти. Тенет мактубида, бундай қуроллар террорчилар томонидан қўлланиши мумкинлиги тўғрисида ҳам огоҳлантирилган”, - деди Жеймс Ульси.
Америка матбуотида билдирилаëтган фикрларга кўра, Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Ироқ ва “Ал-Қоида” ўртасида алоқа ўрнатилганини эътироф этишни ҳохламайди, чунки агар бундай қилса, хато қилганини тан олган бўлади.
Лекин Жеймс Ульсига кўра, у Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилишига тарафдор бўлган, аммо бу масала собиқ президент Билл Клинтон маъмурияти томонидан жиддий муҳокама этилмаган.
Айрим таҳлилчиларга кўра, Ироқ ва 11 сентябр терактларида айбланган “Ал-Қоида” тармоғи ўртасида қандайдир алоқа бўлиши мумкин, лекин бу нарса кучли далиллар билан исботланиши лозим.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райснинг таъкидлашича, Саддам Ҳусайннинг ядровий қуроллар дастури тўғрисида маълумотлар тўпланиб бўлгунгача, ядровий портлаш содир бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG