Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:08

Россия раҳбарияти Москва театри ҳужумида қандай газ қўлланилганини ошкор этди, бироқ бу гумонларни янада кучайтириб юборди


Фарангис Саид

Россия соғлиқни сақлаш вазири Юрий Шевченко чоршанба куни расмий чиқиш қилиб, шанба куни Москвадаги театр биносига вентиляция тизими орқали фентанил номли кучли дори юборилганини тан олди.

“Махсус операция давомида халқаро конвенцияларга кўра, қўлланилиши таъқиқланган кимёвий моддалар ишлатилмаганини, террорчиларни зарарсизлантириш мақсадида фентанил моддасига асосланган препарат қўлланилганини расман билдираман”, - деди Россия соғлиқни сақлаш вазири.

Бу баёнотнинг тўрт кунлик гумону тахминларга чек қўйиши кўзда тутилган. Шанбадан буён АҚШ, Европа давлатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари Россия раҳбариятидан мазкур масалага аниқлик киритишни талаб қилаётган эдилар.

Чоршанба кечқурун қилган чиқишида Шевченко баъзи гумонлар, хусусан, АҚШнинг Россиядаги элчиси томонидан “Россиянинг масалага аниқлик киритмаётгани гаровга олинганлар ҳаётини сақлаб қолишда тўсиқ бўлмоқда”, деган фикрини ҳам “нотўғри”, деб рад этди.

Телевидение ва радио орқали эфирга узатилган бу баёнотда, у қайта-қайта, қўлланилган модда ўлимга олиб келмайди, деб таъкидлади.

“Бундай препаратлардан анестезияда дори сифатида фойдаланилади. Тиббий амалиётда улар кенг қўлланилади ва одам ўлимига олиб келмайди. Россия мутахассисларининг бунга ишончи комил”, - деди расмий.

Маълумотларга кўра, 58 соат давомида гаровда ушлаб турилганларнинг 120 нафари ўлган. Уларнинг иккиси сўнгги 2-3 кунда оламдан кўз юмди. Юрий Шевченко гаровдагиларнинг ўлимига тушунтириш берар экан, сабаблар сирасида уларнинг оч бўлганлари, деярли 60 соат давомида етарлича сув ичмаганлари, жисмоний ҳаракат қила олмаганларини айтди. Гаровга олинганларнинг аксариятида доимий касалликлар ҳам бўлган, деб таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг баёноти Россия раҳбариятининг гаровга олиш ҳодисаси ва умуман, чечен масаласи хусусидаги позициясини акс эттирмоқда. Кремлнинг чеченлар, расмийлар таъбири билан айтганда, “террорчилар”га муносабати ўтган ҳафта ҳодисаларидан сўнг анча кескинлашди. Чоршанба куни Чечен сепаратист ҳукуматининг юқори лавозимли вакили Аҳмад Закаевнинг Данияда ҳибсга олиниши бунга бир далилдир. Эслатиб ўтаман, Аслан Масҳадов етакчилигидаги Чечен сепаратист ҳукумати вакили Аҳмад Закаев Дания пойтахти Копенгагенга Жаҳон чеченлари конгрессида иштирок этиш учун борган эди. Дания полицияси Закаевни расмий Москва талабига кўра, қўлга олди. Кремл вакили бунга изоҳ берар экан, Закаев қуролли исён кўтарганликда, қурол-аслаҳанинг ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда ҳамда биринчи чечен уруши давомида ҳуқуқ-тартибот органи ходимини ўлдиришга уринганликда айбланаётганини маълум қилди. Кремл вакили, шунингдек, Закаев театрга ҳужум қилиш режасидан бохабар бўлганини таъкидлади. Бироқ у масала юзасидан батафсил маълумот беришдан бош тортди.

Пайшанба куни Россия президенти ёрдамчиси Сергей Ястржембский, журналистлар билан учрашуви чоғида, Москва ҳодисалари Даниядаги конгресс ташкилотчилари режалари билан мувофиқлаштирилганлигини таъкидлади.

“Москва ҳодисалари Даниядаги конференция ташкилотчилари режалари билан мувофиқлаштирилган бўлганига бизнинг ишончимиз комил. Аслида, бу Масхадовнинг сиёсий услубидир. У ҳар бир халқаро тадбирдан – Страссбургда бўладими у, Брюссел ёки дунёнинг бошқа жойида, ўз мақсадида, яъни эътиборни ўзига қаратиш учун фойдаланади”, - деди Кремл расмийси.

Москва ва Россиянинг бошқа ўлкаларида эса чечен “террорчиларига” қарши кампания авж олди. Чечен миллатига мансуб бўлган россияликлар уларга қарши таъқиб кўрсатилаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Расмийлар ҳисоб-китобларига кўра, соғлиқни сақлаш вазирининг чоршанба кунги баёноти Кремлнинг сиёсатига танқид билан ёндашаётганларга зарба сифатида таъсир қилиши керак. Танқид билан ёндашаётганлар орасида эса АҚШ ва Европанинг баъзи давлатлари ҳам бор. Масалан, АҚШнинг Россиядаги элчиси Александр Вершбоу сешанба куни Россия раҳбарияти рейд давомида қандай газ қўлланилганини ошкор этмаса, кўпроқ одам ўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу эса расмий Лондон Москвадан қандай газ қўлланилганини ошкор этишни расман сўраганини маълум қилган, нобуд бўлганлар орасида 9 хорижлик бўлганини эслатиб ўтган эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, Шевченко баёноти жуда қатъий ва узил-кесил бўлишига қарамай, у гумонларга чек қўймади. Чунки соғлиқни сақлаш вазирининг “мутахассислар қандай газ қўлланилганидан хабардор бўлганлар ва уни зарарсизлантиришга тайёр эдилар”, дейиши Москва шифокорларининг илгариги баёнотларига зид келмоқда. Ёдингизда бўлса, азиз тингловчилар, гаровдан озод этилганларни қабул қилган Москва касалхоналари докторлари рейд давомида қандай газ ишлатилганини билмаётганлари ва шу боис уларни қандай дорилар билан даволашни ҳам билмаётганларини айтган эдилар. Кўп ўтмай эса улар қўлланилган газ анестезияда ишлатиладиган модда бўлиши билан бирга уни зарарсизлантириш учун қандай препаратдан фойдаланиш лозимлигини билишлари кераклиги, улар эса бундай препаратлар билан таъминланмаганларини гапирган эдилар.

Шевченко эса чоршанба куни мана бундай баёнот қилди:

“Биз докторларнинг улар анестетик препарат қўлланилганидан бехабар бўлганлари ва шу сабабли бундай ғайриоддий ҳолатда одамларга қандай ёрдам беришни ҳам билмаганлари ҳақдаги шикоятларини эшитдик. Мен шахсан ўзим ва бошқа мутахассислар номидан бир нарсани айтишим мумкин: биз кутилаётган вазиятдан хабардор бўлганмиз. Операциянинг тез амалга оширилганига қарамай, касалхоналарда 1000дан ортиқ антидотлар тайёр бўлган ва қўлланилган”.

Шифокорлар эса уларга операция давомида фентанил қўлланилгани айтилмагани, уни зарарсизлантирадиган препарат – налоксен берилмаганини таъкидламоқдалар. Ўз исмини ошкор этишни истамаган бир москвалик доктор “Нью-Йорк Таймс” газетаси мухбири билан суҳбатда гаровда бўлган бир одам оламдан ўтганидан сўнг шифокорларга ўлим гувоҳномасида ўлим сабаби сифатида “газдан заҳарланиш” ибораси ўрнига “терроризм ва зўравонлик қурбони”, деб ёзиш кераклиги айтилган, деб сўзлаб берган. “Гаровдан озод этилганлар касалхоналарга етказилганларида, докторларга улар газнинг катта дозасидан заҳарланганлари айтилмаган. Театр биносидан ўлик деб, олиб чиқилганлар орасида тирик одамлар ҳам бўлган”, - дейди москвалик доктор.
XS
SM
MD
LG