Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Москва чеченларга қарши курашни кескинлаштирмоқда


Фарангис Саид

Пайшанба куни Кремл расмийлари, уларнинг таъбири билан айтганда, чечен сепаратчи ҳукумати раҳбари Аслан Масхадовнинг Москва театридаги ҳодисаларга алоқаси борлигини тасдиқловчи далилларни намойиш қилдилар. Ўтган ҳафта театр биносида гаровга олинганлар, экспертлар ва Москва ҳокими Юрий Лужков иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Кремл вакили Сергей Ястржембский журналистларга гаровга олувчилар ва чечен сепаратчи ҳукумати орасидаги телефон суҳбати деб, бир аудиотасмани эшиттирди. У суҳбат, расмийнинг таъкидлашича, 50 чеченга бошчилик қилган Мовсар Бараев ва бошқа бир одам ўртасида бўлиб ўтган. Расмийлар иккинчи одам ҳозирги вақтда Қатарда яшаётган, собиқ чечен дала қўмондони Зелимхан Яндарбиев, деб таъкидлашмоқда. Рус тилига таржима қилинган, аслида чечен тилида бўлиб ўтган суҳбатда театрдаги операцияни Аслан Масхадов қўллаб-қувватлагани тилга олинади. Ястржембскийнинг таъкидлаб ўтишича, Бараев чечен дала қўмондони Шамил Басаев буйруғига биноан ҳаракат қилган. Басаевга эса буйруқларни Аслан Масхадов берган.

“Биринчи овоз: Шошма, Аслан операциядан хабардорми? Иккинчи овоз: Шамил, операцияга тайёргарлик кўрилаётганида, ўша ерда эди. Шамил Аслан буйруқларини бажарган. Бироқ операция маҳфий бўлган”.

Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ хизмати ходимлари аудитасмани эшитиб кўрганларидан сўнг, овоз Яндарбиевга тегишли эканидан шубҳаландилар.

Театр биносида одамларнинг гаровга олинишини эшитган Аслан Масхадов бу ҳодисани ҳам, умуман терроризмни ҳам қоралаган эди.

Москва прокурори Михаил Авдюков операцияда хорижликлар ҳам қатнашган, деб таъкидлади.

“Театр биносида топилган ҳужжатларга кўра, террорчиларнинг баъзилари чечен бўлмаган. Маълумотларга қараганда, улар орасида хорижликлар бўлган”, - деди Авдюков.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Москва расмийлари пайшанба куни Қатар раҳбариятидан чечен сепаратчилари ҳаракати вакили Зелимхан Яндарбиевни ҳибсга олишни ва Россияга экстрадиция қилишни талаб қилдилар. Ўхшаш талаблар, яъни терроризмда гумон қилинаётган чеченларни Россияга қайтариш талаби Туркия ва Грузия раҳбариятига билдирилди.

Чечен сепаратчилари Тбилисидаги ваколатхоналарини ёпдилар. Кўплаб чеченлар Чеченистон билан чегарадош Грузияда бошпана топган бўлиб, Россия расмийлари Тбилисидан Кавказ тоғлари, ҳусусан Панкиси дарасидан чечен сепаратчиларини ҳайдаб чиқаришни талаб қилмоқда. Озарбайжон чеченларнинг Бокудаги иккинчи ваколатхонасини шу ҳафта бошида ёпган эди. Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлигининг жума кунги хабарига кўра, Россия раҳбарияти расмий Анқарадан мамлакатдаги чечен ваколатхоналарини ёпишни сўраган.

Бошқа маълумотларга қараганда, АҚШ раҳбарияти чечен гуруҳларини хорижий террор гуруҳлари руйхатига киритиш-киритмаслик масаласини муҳокама қилмоқда. Гуруҳлар бу руйхатга киритилган тақдирда, уларнинг АҚШдаги банк ҳисоблари музлатиб қўйилади, гуруҳлар аъзоларига эса АҚШга кириш визаси берилмайди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Москвада Шамил Басаев гуруҳига мансуб бир одам ҳибсга олинганини маълум қилар эканлар, унинг ёнидан 8 килограммдан зиёд меркурий моддаси топилганини айтмоқдалар.

Бу ҳаракатлар Владимир Путин ҳукумати чеченларга қарши курашни барча жабҳаларда кескинлаштирганидан дарак беради. Сергей Ястржембский бу сиёсатни мана бундай таърифлади: “Бизнинг мақсадимиз чечен сепаратчиларини ер билан яксон қилишдир. Можарони сиёсий йўл билан ҳал этишга умуман имкон қолмади”.
XS
SM
MD
LG