Линклар

logo-print

Журналист ҳаёти хавф остида

  • Сарвар Усмон

Қозоғистонлик журналист Сергей Дувановнинг қамалиши тафсилотларидан бехабар бўлган тингловчилар учун аввал икки оғиз малумот.
28 октябрь куни эрталаб соат 8 ларда журналист Дувановни 14 яшар қизнинг номусига тажовуз қилганликда айблаб полиция ҳибсга олди.
Сергей Дуванов қозоғистонлик таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. Сергейнинг аёл кишининг номусига тажовуз қилишдек қабиҳ ишга бориши мумкин эмаслигини, уни яқиндан таниган кишиларнинг барчаси, у ҳибсга олинган кундан буён бот-бот такрорлаб келмоқдалар.
Қозоғистондаги "Журналистлар мусибатда" жамғармаси президенти Розлана Таукина Дуванов ҳибсга олинган куниёқ, радиомизга берган интервьюсида, Сергейнинг ҳалолу пок инсон эканлигини таъкидлаган эди.
Якунига етган ҳафта охирида Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Лига координатори Питер Залмаев билан суҳбатлашгандик. Жаноб Залмаев ҳам Дувановни анчадан буён яхши билишини таъкидлаб, унинг ҳибсга олинишини ҳокимият томонидан уюштирилган провокация, деб баҳолаганди.
Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар Дувановнинг ҳибсга олинишини ҳокимият томонидан уюштирилган провокация, унинг зиммасига юкланаётган айбни уйдирма, дер эканлар, уларнинг ҳақлигига ўтган ҳафта охирида бир ғаройиб далил ҳам пайдо бўлди. Қозоғистон республикаси президенти матбуот хизмати ҳали Дуванов ҳибсга олинмай туриб бир тавсиянома чиқарганки, унда ҳибсга олиш билан боғлиқ амалиётдан сўнг ўтказиладиган матбуот анжуманида гапириладиган гаплар ёзиб қўйилганди.
Ўша ҳужжат Дувановнинг ҳибсга олинишида расмий Астананинг бевосита қўли борлигини исботлайди, деган фикрни билдирмоқда кузатувчилар. Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жемис Турмағанбетова Дувановнинг 28 октябрь соат 8 да ҳибсга олинганига, Қозоғистон республикаси президенти матбуот хизматидан чиққан тавсиянома эса Сергей ҳибсга олингунича пайдо бўлганига эътибор қаратар экан, бунинг бари - провокация, дейди.
Бу гаплар дам олиш кунларигача бўлиб ўтган ва душанбагача Сергей Дуванов ишида бирор бир ижобий ўзгариш юз бериб қолар, деб умид қилинган эди. Бироқ, душанба, ўша ижобий ўзгаришни олиб келмади. Боз устига 4 ноябрь куни етиб келган хабарлар, қозоғистонлик журналистнинг ҳаёти хавф остида қолганлигини кўрсатмоқда.
Маълум бўлишича, Сергей Дуванов ҳибсхонада қуруқ очлик эълон қилган. Яъни у овқат ейишдан ҳам, сув ичишдан ҳам воз кечган. Шанба куни Сергейни кўриб, унинг аҳволини текширган врачлар, унинг ҳолдан тойганини, танасидан ацетон ҳиди кела бошлаганини айтишган. Врачларга кўра, бундай ҳид танадан сув қочгани аломатидир.
Сергей Дувановни ҳимоя қилиш жамоатчилик қўмитаси Қозоғистон республикаси раҳбариятига мурожаат қилиб, вазиятнинг нақадар оғир эканлиги, тезда чора кўрилмаса, оқибати ўта аянчли бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.
Сергей Дувановни озод қилишни сўраб кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар республика раҳбариятига мурожаат қилмоқдалар.
"Қозоғистон демократик танлови ҳаракати"нинг Оқмола вилоятидаги бўлими эса, республикадаги чет эл ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, журналистлар ва ижод аҳлига, Қозоғистоннинг барча фуқароларига мурожаат қилиб, бир баёнот тарқатди.
Баёнотда Сергей Дуванов Қозоғистоннинг олий раҳбарияти кўрсатмаси билан ҳибсга олинди, унинг ҳаёти шу кунда ўлим хавфи остида, дейилади. Ҳужжатда, жумладан,
"Авторитар режимлар мамлакатнинг ички ҳаётида чекланмаган зўравонлик ва зулмга йўл қўяр экан, исталган пайтда портлаб кетиши мумкин бўлган потенциал агрессиясини ўзида тўплайди", - деган сўзлар бор. Мурожаатномани бир қатор жамот ташкилотларининг етакчилари имзолаганлар.
XS
SM
MD
LG