Линклар

Америка Ямандаги “Ал-Қоида” аъзоларига қарши ракета ҳужуми қилди.


Акрам Файзулло

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, “Ал-Қоида” террор гуруҳининг аъзоларини нишонга олиш учун Американинг учувчиси бўлмаган “Предатор” русумли разведка учқучлари анча вақтдан буëн Яман ҳаво кенглигида парвоз қилмоқда. Якшанба куни Яманнинг шимоли ғарбий худудида шундай разведка учқучи орқали бир автомобилга қарши ракета отилди. Натижада машина ичида бўлган “Ал-Қоида” гуруҳининг Ямандаги лидерларидан бири Қаед Салим Синан ал-Харети ва унинг 5 нафар ëрдамчиси ҳалок бўлди. Америка расмийларининг айтишларича, Яман ҳукумати мазкур амалиëт тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган.
Яман ички ишлар вазирлиги расмий вакилининг маълум қилишига кўра, Мариб вилоятида ракета ҳужумига учраган машина ичидан портловчи моддаларнинг излари ва алоқа воситаларининг парчалари топилган.
Америка расмийлари ўтган йили Афғонистондан қочган “Ал-Қоида” террор гуруҳининг кўплаб аъзоси Яманга келганига ишонмоқдалар. “Ал-Қоида” террорчилари 2000 йил октябрида Яман қирғоғида Қўшма Штатлар ҳарбий кемасига ҳужум қилгани оқибатида 17 нафар америкалик денгизчи ҳалок бўлди. Ўтган ойи Франциянинг нефт танкерига қилинган ҳужумга ҳам “Ал-Қоида” аъзолари айбланди. Бу ҳужумда бир киши ҳалок бўлган эди.
Ўтган бир йил мобайнида Қўшма Штатлар “Ал-Қоида” аъзолари эканига шубҳа этилган минглаб кишини ушлашда бошқа ўнлаб давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Аммо якшанба кунги ракета ҳужуми – Америка нафақат Афғонистонда, балки, бошқа мамлакатларда ҳам терроризмга қарши ҳарбий амалиëтлар олиб боришга тайëр эканини намойиш қилди.
Америка ҳарбий кемасига ҳужум қилингандан сўнг, Федерал қидирув бюроси ходимлари Яманга жўнатилди. Дастлаб америкаликлар Яман расмийлари тергов ишларида етарлича ҳамкорлик қилмаганидан норози бўлишганди.
Сўнгги ойларда икки томон орасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди. Аммо шунга қарамай, Американинг аксилтеррор ишлари бўйича расмийлари Яман ҳукумати мамлакатнинг чекка минтақаларини ва Саудия Арабистони билан бўлган чегара худудларини тўлиқ назорат қилолмаëтганидан шикоят қилишмоқда. Америкаликларга кўра, Яманнинг чекка ва чегара минтақалари “Ал-Қоида” террорчиларининг маконига айланган. Мисол учун, декабр ойида “Ал-Қоида” аъзоларига қарши ўтказилган амалиëт мувофақиятсизликка учради ва бир неча Яман аскари ҳалок бўлди.
Яқин атрофдаги мамлакатларда Америка ҳарбий қўшинлари сони оширилган бўлсада, Қўшма Штатлар Яман ҳукуматини аксилтеррор кампанияда янада кўпроқ ҳамкорлик қилишга ундамоқда.
Расмийларга кўра, Африка қитъасининг шарқий минтақалари бўйлаб ўтказиладиган аксилтеррор амалиëтлари Американинг яқинда Жибутида жойлашадиган янги қўмондонлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Пентагон минтақада “Ал-Қоида” жангариларига қарши шиддатли ҳужумлар қилиш учун Жибутидаги Америка аскарлари сонини дастлаб тахминан 1.200 нафарга оширишни режалаган. АҚШ қуролли кучларининг штаб бошлиғи, генерал Ричард Майерсга кўра, Африка қитъасининг шарқий минтақалари террорчиларнинг учрашувлар ўтказиш, тайëргарлик кўриш ва терактларни режалаштириш маконига айланиб бормоқда.
Яман атрофидаги мамлакатларда Америка ҳарбий қўшинлари сони оширилмоқда. Бу харакат орқали Вашингтон Яман ҳукуматига унинг ҳамкорлик қилиш-қилмаслигидан қатъий назар, Қўшма Штатлар бу мамлакатдаги террорчиларга қарши ҳарбий амалиëтлар олиб бориши мумкинлигига ишора қилаëтган кўринади. Атрофдаги мамлакатларга қўшимча кучлар келтирилаëтгани Яман ҳукуматини америкаликлар билан яқиндан ишлашга кўндиришга ҳам ëрдам бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG