Линклар

Бушнинг Республикачилар партияси АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасини ўз назоратига олди.


Акрам Файзулло

Сешанба куни АҚШ Конгрессига сайловлар бўлиб ўтди. Президент Жорж Бушнинг Республикачилар партияси Конгресснинг ҳар икки палатасини ҳам ўз назоратига олишга муваффақ бўлди.
Сайловнинг дастлабки натижаларга кўра, республикачилар Намояндалар палатасидаги 435 ўриндан камида 223та ўринни эгаллаган.
Бушнинг партияси Сенатдаги 100 ўриндан 50тасини эгаллади. Вице-президент Дик Чейни Сенат президенти бўлгани туфайли Сенат ҳам республикачилар назоратига ўтди.
Демократик партия аъзоларига кўра, президент Бушнинг терроризмга қарши урушда ва Ироқ масаласида тутган кучли позицияси – республикачиларнинг сайловларда ғолиб чиқишига олиб келган.
Республикачилар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринни эгаллагани аксарият кузатувчилар учун кутилмаган ҳол бўлди. Улар ҳудди олдингидек, республикачилар Намояндалар палатасини, демократлар эса Сенатни назорат қилади, деб тахмин қилишганди.
Республикачи Элизабет Дол демократ Ерскин Болисни мағлубиятга учратиб, Шимолий Каролина штатининг сенатори бўлди. Дол хоним рақиби сайловолди кампаниясида ўзига кўп тарафдор топганини эътироф этди.
“Мен Ерскин Болисга овоз берган кишилардан шуни илтимос қилиб сўрайманки, менга бир имконият беринг, чунки мен барча шимолий каролиналикларнинг сенатори бўлиш ниятидаман”, - деди республикачи Элизабет Дол ҳоним.
Республикачилар Сенатни тўлиқ назоратга олгани хақдаги хабар Миссури штатидан келди. Демократ сенатор Жан Карнахан ҳоним республикачи Жим Талент томонидан мағлубиятга учраганини эътироф этди.
“Мағлубият бизни танлаган йўлимиздан орқага қайтара олмайди. Ҳар доим бўлгани сингари, йиқилган ўриндиқни бошқалар келиб кўтаради. Аланга ҳеч қачон ўчмайди”, деди Жан Карнахан ҳоним.
Бушнинг партияси Конгресснинг ҳар икки палатасини ўз назоратига олгани билан президент икки йилдан бери истаб келган мақсадига эришди.
Таҳлилчиларга кўра, энди судяларни тайинлашда ва солиқни яна камайтириш ҳақда қонунлар қабул қилишда президентнинг мавқеи мустаҳкамланиши мумкин. Аммо Конгрессдаги янги вазият Бушнинг ташқи сиëсатига деярли таъсир кўрсатмайдиган кўринади. Чунки, сайловларда қайси томон ғолиб чиқишидан қатъий назар, президент ўзининг ташқи сиëсатдаги назоратини сақлаб қолган бўларди.
Жорж Вашингтон университети профессори Натан Броунга кўра, Буш ўзининг ташқи сиëсатда кўзлаган мақсадларига эришиш учун унинг Конгрессни назорат қилиши шарт бўлмай қолган эди.
“Конгресс ўзига берилган имкониятдан фойдаланишни рад этиб, Ироққа қарши ҳужум қилиш ҳақдаги резолюцияни тасдиқлади. Менимча, Конгресс конституциявий анъаналарга эмас, балки, сиëсий сабабларга кўра Ироқ хақдаги резолюцияни тасдиқлади. Тўғри, қаттиқ қаршилик кўрсатган билан урушни тўхтатиб бўлмайди, аммо қандайдир муваффақиятсизликка учралса, бунга демократлар айбдор бўлиб чиқиши мумкин эди”, - деди профессор Натан Броун.
Аммо Буш икки йилдан кейин ўтказиладиган президентлик сайловларида қайта сайланиш учун фақат ўзининг ташқи сиëсатда эришган ютуқларига суяна олмайди. Агар Америка иқтисодиëти яхшиланмаса, Буш отаси каби мағлубиятга учраши мумкин.
XS
SM
MD
LG