Линклар

logo-print

Покистонда радикал исломий сиёсатчи бош вазир этиб сайланиши мумкин.


Фарангис Саид

11 октябр куни Покистонда умумий сайловлар бўлиб ўтган эди, бироқ шу вақтгача бош вазир танланмади. Чоршанба куни эса бош вазир этиб исломий ғояларга таянган ва Афғонистонда ҳукмронлик қилган Толибон ҳаракатига ҳайриҳоҳ бўлган Мавлоно Фазлур Раҳмон тайинланиши мумкин, деган хабар тарқалди. Бу эса Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ раҳбариятини хавотирга солди.

Жамоати уламо ислом партияси етакчиси 49 ёшлик Мавлоно Фазлур Раҳмон ўтган йили Америка бошчилигидаги Толиблар Афғонистонига қарши урушни қоралаган ва АҚШнинг Покистондаги ҳарбий базаларини ёпишга даъват этгани билан кўпларнинг эътиборини ўзига қаратган эди. Чоршанба куни эса Фазлур Раҳмон Покистон бош вазири лавозимига энг реал номзод сифатида яна бир бор жамоатчилик диққат марказига тушди. Бу эса Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШни ташвишлантириши табиий. Ғарб матбуотида бу хусусда турли фикрлар билдирилмоқда, турли башоратлар қилинмоқда. Уларнинг энг муҳими Фазлур Раҳмон ҳокимиятга келган тақдирда, Покистоннинг АҚШ билан муносабатлари қандай бўлади, деган саволга жавоблиги шубҳасиз. Покистонлик мутахассис Аҳмад Рашидга мен бу савол билан мурожаат қилганимда, у сўзини Фазлур Раҳмоннинг бош вазир этиб тайинланиш-тайинланмаслиги ҳамон ноаниқ, деб бошлади.

“Ҳар иккала партия, яъни президент тарафдорлари ва мухолиф партиянинг аҳволи бир хил. Ким ғалаба қозонишини айтиш қийин. Агар Фазлур Раҳмон ютса, бу Покистон учун кескин ўзгариш бўлади. Исломий партиялар ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни давом эттирмасликлари, қонунларни “исломлаштириш”, яъни шариат қонунларига яқинлаштиришга уринишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса, ўз навбатида, оддий одамларнинг ҳукуматга бўлган муносабатини салбийлаштириши мумкин,”- деди Аҳмад Рашид.

Аҳмад Рашид жанобларининг бундай жавобларига мен, исломий радикал, деб ном олган ва Толибонни қўллаб-қувватлаган сиёсатчининг бош вазир этиб тайинланиши Покистоннинг Ғарб, хусусан, АҚШ билан муносабатларига салбий таъсир қилади, деган фикрга муносабатини сўрадим.

“Албатта, бу АҚШ билан муносабатларга таъсир қилади. Исломий партиялар ўзларининг мамлакат ҳудудидаги АҚШ базаларини ёпиш керак, деган талабларидан воз кечган бўлсалар-да, партияларнинг аҳоли орасидаги тарафдорлари америкаликларни мамлакатдан ҳайдаш керак, деган фикрдан қайтмаганлар. Шундай қилиб, Покистоннинг Ғарб билан муносабатлари ёмонлашиши шубҳасиз,”- деб фикр билдирди мутахассис. Мен эса ундан Марказий Осиё республикалари, ҳусусан Ўзбекистонга Покистондаги сиёсий ўзгаришлар қандай таъсир қилади, деб сўрадим.

“Кобул, Тошкент, Алмати расмийлари орасида бугунги кунда хавотир ҳукм сураётгани шубҳасиз. Чунки улар Покистондаги исломий етакчиларнинг Толибон ҳаракати, Усама бин Ладин билан яқин алоқаларга эга бўлгани, Ўзбекистон исломий ҳаракатини қўллаб-қувватлаганини яхши биладилар. Агар Покистонда радикал исломий партиялар вакиллари ҳокимиятдан ўрин олсалар, улар Ўзбекистон исломий ҳаракати ва бошқа гуруҳларга чегара ҳудудларида бошпана беришлари ва қўллаб-қувватлашлари мумкин. Улар марказий ҳукуматда ўрин ололмаган тақдирда ҳам, шимоли-ғарбий вилоятларда ҳокимият теппасига келадилар, бу эса Марказий Осиё республикалари учун реал хатар бўлади,” – деб фикр билдирди покистонлик мутахассис.

Покистонда исломий партияларнинг кучайиши ва исломий радикал сифатида танилган сиёсатчининг бош вазир этиб тайинланиши эҳтимолининг катталиги, Туркияда сўнгги сайловларда исломий партиянинг ғалаба қозониши – булар бир жараённинг турли кўринишлари эмасми? Баъзи кузатувчилар айтаётганларидек, мусулмон давлатларида исломий кучларнинг радикаллашиши кузатилмоқда ва улар АҚШнинг мусулмон давлатлари, қолаверса, Ироққа ўтказаётган сиёсати маҳсулидир. Мен Аҳмад Рашиддан бу фикрга қўшиласизми, деб сўрадим?

“Албатта, мен бу фикрга қўшиламан. Исломий кучлар ҳақиқатан ҳам радикаллашмоқда. Уларнинг Туркия ва Покистонда ғалаба қозониши бунга далилдир. Бунинг сабаби эса АҚШнинг Ироққа қарши ҳужум бошлаши эҳтимолидир. Агар АҚШ ўз ташқи сиёсатини шу йўсинда давом эттирса, мусулмон давлатларида радикаллашиш жараёни давом этади”.
XS
SM
MD
LG