Линклар

Ўзбекистон: “СССРга қайтиш”. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Алекс Лупис билан суҳбат.


Фарангис Саид

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг куни кеча чиққан ҳисоботи “Совет иттифоқига қайтиш”, деб номланган. Афсонавий “Ливерпул тўртлиги”нинг айни ном остида қўшиғи билан бугунги лавҳамизни бошлашимизнинг ҳам сабаби шунда. Ҳеч қачон Совет иттифоқида бўлмаган Битлз гуруҳи “Бэк ин ЮССР” - “СССРга қайтиш”, деб қўшиқ айтган эди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси июн ойида Ўзбекистонга бориб келганидан сўнг, у ердаги вазиятни айнан шундай таърифлади – Совет иттифоқига қайтиш. Совет иттифоқидан кетганми ўзи ўзбекистонликлар, яъни у давр тугаганми Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун, деган савол туғилиши мумкин сизларда, азиз тингловчилар. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботини ўқиб эса у давр нафақат тугамагани, балки ҳозирги кунда у даврга ва у давр жамиятига хос бўлган иллатлар янада чуқурлашганини исботловчи маълумотлардан бохабар бўлишингиз мумкин.

Ҳисобот матнини таржима қилиб ўтирмайман-да, унда Ўзбекистондаги вазият, ҳусусан матбуот аҳволи жуда яхши таърифланишини айтиб ўтаман. Журналистлар таъқибга олинаётганлари, муҳаррирлар цензура вазифасини бажаришда давом этаётганлари, “телефон ҳуқуқи”, яъни ҳукумат идораси мутасаддисининг бир қўнғироғи билан қарор қабул қилиниши, шу жумладан, қонунга хилоф бўлган қарорнинг қабул қилинишини таъминлаш имкониятига эгалиги – бу ва шу каби ҳисоботда келтирилган бошқа маълумотлар Ўзбекистондаги вазиятни ўрганишга ҳаракат қилган, у билан қизиққан одам учун жуда фойдалидир. Лекин, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури мувофиқлаштирувчиси Алекс Лупис билан суҳбатимни мен бошқа саволдан бошладим. Наҳотки Ўзбекистон матбуотини фақат салбий баҳолаш мумкин. Ўзгаришлар йўқми, юрагида ўти бўлган журналистлар, касб фидокорлари йўқми, бутун бир бошли Ўзбекистонда?

Алекс Лупис:
Ўзбекистонда мустақил фикрловчи ва танқидий мақолалар ёзишга қодир журналистлар мавжуд. Улар ҳукумат матбуот учун белгилаган чегараларни тан олмасдан мақолалар ёзишга тайёрлар. Бироқ ҳукуматнинг уларга қарши қуллайдиган бир неча воситаси бор. Улар жумласидан судлар ва прокуратуранинг ҳукумат томонидан назорат қилинишини айтиб ўтиш мумкин. Судлар ва прокуратура журналистга қарши жиноий иш қўзғаши, милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари эса журналистни таъқибга тутишлари қийин иш эмас. Ҳукумат ўт ўчирувчилардан тортиб, то солиқлар қўмитасигача, яъни барча идоралардан журналистлар овозини ўчириш учун фойдаланади.

Фарангис Саид:
Алекс, ҳисоботда бугунги Ўзбекистондаги вазият жуда яхши ёритилган, бироқ унда тавсиялар берилмаган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси на Ўзбекистон ҳукуматига, на АҚШ ёки Европа давлатлари ҳукуматларига вазиятни ўзгартириш борасида тавсиялар берган. Бунинг сабаби нимада? Ёки тавсиялар бериш қўмита вазифаларига кирмайдими?

Алекс Лупис:
Қўмитанинг бирламчи мақсади мамлакатга бориб, у ерда матбуот эркинлигини ўрганишдан иборат бўлган. Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг май ойида цензурани йўқ қилиб, матбуот эркинлигини кенгайтиришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида бонг урди. Ҳукумат журналистлар ва мухбирлар мамлакатдаги сиёсий вазият ҳақида ёзишга ҳақли ва бундай имкониятларга эгалар, деб таъкидлади. Биз ҳукуматнинг бу баёнотларига жавобан мамлакатга боришга ва журналистлар билан суҳбатлашиб, у баёнотлар тўғри ёки нотўғрилигини текширишга қарор қилдик. Биз Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, қатор мустақил журналистлар билан учрашдик ва улар дуч келаётган муаммолар ҳақида тўла таассуротга эга бўлдик. Ундан сўнг биз Тошкентда қатор расмийлар билан, жумладан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, президент девонхонаси расмийлари ва бошқа агентликлар вакиллари билан учрашдик. Очиғини айтадиган бўлсам, уларнинг баъзилари ҳукумат ҳамон матбуот эркинлигини чеклаётгани, журналистларни таъқибга олаётганини тан олдилар. Биз эса турли тавсиялар билан чиқдик.

Фарангис Саид:
Тавсиялар нимадан иборат бўлди?

Алекс Лупис:
Биринчидан, биз ўз профессионал фаолияти учун озодликдан маҳрум этилган уч журналистни озод этишни талаб қилдик, Улар орасида ҳукуматга мухолиф, фаолияти таъқиқланган “Эрк” партияси газетасида ишлаган Муҳаммад Бекжонов ва Юсуф Рўзимуродов ҳамда “Янги аср” газетаси мухбири Мажид Абдураимовлар бор.
Биз Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган мустақил журналист Шуҳрат Бобожоновга Ўзбекистонга қайтиш имконини беришни ҳам сўрадик. Шуҳрат Бобожонов бир неча марта прокуратурага чақирилган, унга сохта айбловлар қўйилган, унга қарши қўзғатилган иш эса аслида таъқиб бўлиб, у Урганчдаги Эй-Эл-Си телекомпаниясини ёпишга мажбур этилган.
Учинчи талабимиз, Самарқанднинг “Ойна” газетасига қарши сиёсий сабаблар билан қўзғатилган ишни тўхтатиш талаби бўлди. Тожик тилида нашр этиладиган “Ойна” газетаси Ўзбекистон таълим тизимидаги порахўрлик ҳақида мақолалар чоп этганидан сўнг, унга қарши иш қўзғатилган. Аслида эса бу газетанинг овозини ўчиришга қаратилган қадам бўлганига шубҳа йўқ.
Бизнинг яна бир талабимиз ҳукуматнинг ўзида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш талаби бўлди. Ҳукумат органлари ходимлари журналистларга ҳукумат сиёсати бўйича маълумот берганлари учун жазоланмасликлари керак. Биз билан суҳбатда бўлган кўплаб журналистларнинг айтишларича, ҳукумат идоралари мутасаддилари мухбирларга интервью берганликлари, матбуот эътиборини президент Каримовдан ўзларига қаратганлари учун президент маъмурияти томонидан жазоланишдан қўрқадилар.
Яна бир талабимиз Давлат матбуот қўмитаси ва агентликлараро алоқаларни мувофиқлаштирувчи қўмитани ислоҳ қилиш талаби бўлди. Бу икки идора ходимлари ҳам Каримов тарафдорлари бўлиб, лицензия бериш масаласини ҳал этаётганларда улар лицензияни Каримовга вафодорлик намойиш қилган газета ёки радиостанцияга берадилар, ҳукуматни танқид қилганларни эса жазолайдилар.


Фарангис Саид:
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Ўзбекистон ҳукуматига қўйган талабидан яна бири Озодлик радиосига таалуқлидир, шундайми?

Алекс Лупис:
Ҳа, биз расмийлардан Би-Би-Си ва Озодлик радиостанцияларига ФМ тўлқинларида ҳавога чиқиш имконини беришни сўрадик. Ўзбекистон ҳукумати Озодлик радиоси билан бу ҳақдаги шартномани имзолаганига мана 10 йил бўлди, лекин ҳамон ваъдаси устидан чиқмади.

Фарангис Саид:

Алекс, учрашувлар чоғида сиз ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг бошқа ходимлари ҳукумат мутасаддилари билан учрашганларингизни айтиб ўтдингиз. Хўш, учрашув давомида Ўзбекистон расмийларининг сизлар бераётган тавсияларга муносабатлари қандай бўлган? Умуман оладиган бўлсак, тавсиялар берганингиздан кейин расмийлар уларга риоя қилиб, вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилдиларми, бундан хабарингиз борми?

Алекс Лупис:
Умуман оладиган бўлсак, Ўзбекистон расмийларининг муносабати – ҳамма нарсани инкор этишдан иборат бўлди. Масалан, биз ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашганимизда, улар матбуот эркинлиги чекланаётганини инкор этдилар. Бироқ биз ҳукумат идоралари муйаян журналистларнинг фаолиятини чеклашга уринганликлари, уларни тазйиқ-таъқиб қилганларига оид конкрет маълумот ва мисоллар келтирганимизда, расмийлар чекиниб, ҳукумат ҳақиқатан ҳам матбуотни назорат қилишга уринишини тан олдилар.

Фарангис Саид:
Хўш, Ўзбекистон ҳукумати томонидан сиз берган тавсиялар ва қўйган талабларни бажариш борасида қандай тадбирлар амалга оширилди?

Алекс Лупис:
Менда ҳукуматнинг бундай – жиддий ва ишонарли тадбирларни амалга оширгани ҳақида маълумот йўқ.

Фарангис Саид:
Алекс, сиз Ўзбекистонга бориб, муайян журналистлар билан учрашдингиз, уларнинг номлари ҳисоботда ҳам тилга олинган. Улар сизлар билан учрашувлар чоғида Ўзбекистон ҳукумати ҳақида танқидий фикрлар билдирганлар. Сиз малмакатдан кетганингиздан сўнг уларнинг аҳволи ёмонлашмадими, уларга тазйиқлар кучаймадими? Сиз буни ҳам кузатиб боряпсизми?

Алекс Лупис:
Исмлари ҳисоботда келтирилган журналистларга таъқиб кучайгани ҳақида бизда маълумот йўқ. Мен у журналистлар билан доимий алоқадаман ва уларнинг ҳеч бирига таъқиб ўтказилмаяпти. Агар бундай бўлганида, маълумот бизга етиб келган бўлар эди. лекин мен бир нарсани айтиб ўтишим лозим. Биз билан учрашган журналистларнинг аксарияти биздан ҳисоботда исмларини келтирмасликни сўраган эдилар, чунки улар ҳукумат ўч олишидан хавотирланганлар. Журналистларнинг баъзиларигина номларини ошкор этишимизга қаршилик кўрсатмадилар.

Фарангис Саид:

Алекс, ўз ҳисоботингизда сиз АҚШ Ўзбекистонни ўзининг ҳамкори сифатида тан олгани ва жорий йилда 193 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратганини айтиб ўтгансиз. Қўмитангиз АҚШ ҳукуматига ҳам Ўзбекистон билан муносабатларда қандай йўл тутиш борасида тавсиялар берганми?

Алекс Лупис:
Ҳа, биз бу масалаларни Тошкентда АҚШ элчихонасида элчи жаноблари ҳамда бошқа ходимлар билан учрашганимизда кўтарганмиз. Ҳусусан, биз қамоққа олинган уч журналист ҳақида гапирганмиз, мен эса улар ҳақдаги маълумотни элчихонанинг сиёсий масалалар билан шуғулланувчи ходимига юбордим. Бундан ташқари, Шуҳрат Бобожонов тақдири ҳақида гапирдик. Бизнинг фикримизча, АҚШ элчихонаси бу ҳолда барча имкониятлардан фойдаланмади. Биз АҚШ расмийларига Каримов ҳукуматига матбуотга оид ислоҳотларни амалга ошириш борасида босим кўрсатишни тавсия қилдик. Ислоҳотлар деганимда мен хўжакўрсинга ўтказилаётган ўзгартиришлар эмас, балки журналистнинг ҳар кунги фаолиятига таъсир қилувчи жиддий ислоҳотларни назарда тутяпман.

Фарангис Саид:

АҚШ расмийларининг бунга жавоблари қандай бўлди?

Алекс Лупис:
Улар бу масала устида ишлаётганларини маълум қилдилар. матбуот эркинлиги улар учун жуда муҳим. АҚШ расмийлари буни, яъни матбуот эркинлиги – устувор мақсад эканлигини ҳар доим таъкидлайдилар ва улар Ўзбекистон расмийларидан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишда давом этадилар.
XS
SM
MD
LG