Линклар

logo-print

Собиқ совет республикаларида чеченларга нисбатан ëмон муносабатда бўлинмоқда.


Акрам Файзулло

Боку ташқарисидаги чангга ботган,чироқ милдираб ëнаëтган бир ертўлада 70га яқин бола қўшиқ айтмоқда, расм чизмоқда ва алифбе ўрганмоқда.
Булар чечен мухожирларининг фарзандларидир. 3 йил олдин вайронага айланган Грознийдан Бокуга қочиб келган Таус Тарамова шу ертўлада болаларга дарс беради.
“Чечен мухожирларининг болаларига Озарбайжон мактабларига қатнашга руҳсат берилмаган. Дастлаб бу болаларнинг айримлари тўғри юролмас ëки гапиролмас эди. Аммо улар аста-секинлик билан тўғри юришни, гапиришни ўргандилар. Болалар дунëда яшаш учун яхшироқ жойлар борлигини, уни рангли бўëқлар билан чизиш мумкинлигини тушуниб етмоқдалар. Улар илгари фақат қора бўëқ билан расм чизардилар”, - деди ўқитувчи Таус Тарамова.
Москва театрида кишилар гаровга олинганидан кейин собиқ совет республикаларидаги, шу жумладан Озарбайжондаги чечен жамоасига нисбатан янада салбий муносабат қилина бошлади.
Озарбайжон расмийлари Чеченистон сепаратчи ҳукуматининг Бокудаги идорасини, шунингдек, чечен болалари қатнаган мактабни ëпиб қўйдилар.
Озарбайжон ҳукумати бу ҳақда муносабат билдиришдан бош тортди, аммо Бокудаги чечен инсон ҳуқуқлари марказининг директори Маирбек Тарамовга кўра, расмий амалдорлар фақат Москванинг талабларини бажармоқдалар, холос.
“Бу ишларнинг барчаси Россияни миннатдор қилиш учун қилинаяпти. Озарбайжон ҳукумати чечен ташкилотларини ëпиш ва муҳожирларни Чеченистонга қайтариш масаласида Россия томонидан қаттиқ босимга учрамоқда. Менимча, Озарбайжон президенти бундай қилинишига йўл қўймаслиги керак”, - деди.
Чеченистон сепаратист ҳукуматининг Бокудаги намояндаси Али Асаев Москва театрида кишиларни гаровга олган чечен жангарилари билан бир неча соат телефон орқали гаплашиб, уларни 4 нафар Озарбайжон фуқаросини гаровдан озод қилишга кўндирди. Озарбайжон матбуотида билдирилган айрим фикрларга кўра, расмий амалдорлар Асаевнинг ўйнаган ролидан ноқулай ҳолатда қолганларини яшириш учун чечен жамоасининг манфаатларига зид иш кўришган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, Хельсинки Фуқаролар ассамблеяси директори Орзу Абдуллаева Озарбайжондаги чеченларнинг хавфсизлигидан жиддий хавотир олаëтганини таъкидлади. Унга кўра, “Москвада кишилар гаровга олингани воқеаси, Россиянинг таъсири ҳали ҳам кучли бўлган Озарбайжон сингари, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги республикаларида яшовчи чеченларга нисбатан ëмон муносабатда бўлинишига олиб келган. Аммо бу кишилар жангарилар эмас, балки, фарзандларининг ҳаëтини қутқариш учун Чеченистонни тарк этишга мажбур бўлган оддий чечен фуқароларидир”.

Бокудаги 8чи шифохонада даволаниш учун келган чечен муҳожирларини ҳар куни учратиш мумкин. Фақат октябр ойининг ўзида шифохонада 4 минг муҳожирга ва уларнинг болаларига бепул тиббий хизмат кўрсатилди.
Бемор чечен муҳожирларидан бири Малик Дадаев Москвада кишилар гаровга олинганини қоралаб, “агар кучим етса эди, бунга йўл қўймаган бўлардим, чунки Москва воқеаси туфайли менинг ҳаëтим аввалгидан ҳам баттарлашди, кишилар менга ëмон кўз билан қарайдиган бўлиб қолишди. Умуман, дунë бўйлаб чеченларга нисбатан салбий муносабатда бўлинмоқда, бунинг оқибати барча учун ëмон бўлиши мумкин”, деди.
Бокудаги шифохонага бемор онасини келтирган чечен аëли Зара Чагаевага кўра, “Москва театрида кишиларни гаровга олган чеченлар ўз ватанини ҳимоя қилишга ва Россия қўшинларини Чеченистондан чиқаришга харакат қилган. Улар озодлик талаб этишган”.
Ўқитувчи Таус Тарамова Озарбайжон ҳукумати Чеченистон вакилининг идорасини ва муҳожирлар мактабини ëпиб қўйганидан афсусланиш билдирди.
“Бизнинг намояндамиз Озарбайжон халқини хурмат қилгани туфайли Москвада гаровга олинган Озарбайжон фуқароларининг озод этилишини сўради. Лекин, кейинчалик, бизнинг Бокудаги идорамиз, мактабимиз ëпиб қўйилди, бу ачинарли ҳолдир. Аммо мен Чеченистондаги уруш тинч йўл орқали ҳал этилишига ҳали ҳам умидворман”, - деди Таус Тарамова.
Барча чеченлар уруш тезроқ тамом бўлишига умид қилмоқда. Аммо, Россия қўшинлари Чеченистонда ҳарбий амалиëтларини янада кенгайтирар экан, бу яқин орада уруш тамом бўладиганга ўхшамайди.
XS
SM
MD
LG