Линклар

logo-print

ИРОҚ ПАРЛАМЕНТИ УРУШ УЧУН ОВОЗ БЕРДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Агар зарурат туғилса АҚШ Ироққа қарши ҳарбий амалиётларни шу йилнинг ўзида, аниқроғи декабр ойида бошлаши мумкин. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Колин Пауэл душанба куни баён қилди. "Биз бу ҳамкорликни ҳозир истаймиз, феврални кутиб ўтиришга хожат йўқ. Агар доктор Ханс Бликс ва ал-Барадай етакчилигидаги БМТ гуруҳлари Бағдод ҳамкорлик қилишдан бош тортгани ҳақида хисобот берсалар, нима қилиш кераклиги тўғрисида БМТнинг ўзи қарор беради", - дея баён қилди Пауэл.
Ўтган жума куни Хавфсизлик кенгашида бир овоздан маъқулланган резолюция халқаро инспекторларга Ироқда истаган объектни текшириш учун кенг ваколатларни беради. Бу ишда энг муҳими Ироқ президентига қарашли биноларни текшириш. Аммо бунга Саддам Хусайннинг рози бўлиши даргумон. Резолюцияга кўра Саддам Хусайн халқаро инспекторлар гуруҳи билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, Ироқ ҳудудларида оммавий қирғин қуроллари йўқлигига жаҳон ҳамжамиятини ишонтириши керак.
Пентагон эса Бағдод БМТ резолюцияси талабларига риоя қилмаган тақдирда унга қарши ҳарбий ҳаракатлар режасини аллақачон тайёрлаб қўйган. "Нью Йорк таймс" газетасининг ёзишича, Ироққа қарши амалиётларга АҚШ қўмондонлиги марказий штаби бошлиғи Томми Френкс раҳбарлик қилади.
Айни пайтда АҚШ президенти, Хавфсизлик кенгашининг Ироқ бўйича резолюцияси Саддам Хусайин учун сўнгги огоҳлонтириш эканини маълум қилди. Буш ўз чиқишида: "Қандай қилиб бўлмасин, барибир Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари йўқ қилинади, аммо бунинг қай йўл билан амалга ошиши Бағдоднинг ўзига боғлиқ", - деб таъкидлади.

АҚШ расмийлари Ироқ ўйинларига бошқа тоқат қила олмасликларини қайд этишмоқда. Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланишига қанчалик кам вақт қолгани эса резолюция шартларидан ҳам кўриниб турибди. Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияга кўра, Ироқ ҳужжат тасдиқланган кундан эътиборан етти кун ичида унинг шартларига розилигини маълум қилиши керак. 26 ноябрга қадар Ханс Бликс бошлиқ БМТ назоратчилар гуруҳи Бағдодда текшириш ишларини бошлаб, унинг дастлабки натижаларини 23 декабргача маълум қилишлари лозим.

Кўриниб турибдики, Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар шу йилнинг декабр ойи ва келаси йилнинг феврал ойлари оралиғида бошланиши мумкин. Маҳаллий иқлим шароитлари ҳам шуни тақозо этмоқда. 1991 йилги "Бўрон операцияси" ҳам февраль ойида олиб борилган эди. Буш тасдиқлаган режага мувофиқ, Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар ҳаводан ракета зарбалари ҳамда АҚШ ва Британиянинг 250 минг сонли қўшинларнинг қуруқликдаги амалиётларидан иборат бўлади.

Ҳозирда АҚШ Марказий қўмондонлигига қарашли ҳарбий денгиз кучлари, пиёда қўшинлар ва ҳаво кучлари Форс кўрфазига сафарбар этилмоқда. "Кришчен Сайнс Монитор" газетасининг ёзишича, Американинг Ироққа қарши ҳарбий режаси Панамани ишғол қилиш борасидаги 1989 йилги амалиётларини эслатади. Режага мувофиқ, дастлаб Ироқнинг Исроилга қарши ҳужум қилишининг олдини олиш мақсадида Ироқ ғарбида ўрнатилган узоқ масофага учувчи ракеталар зарарсизлантирилади. Шундан сўнг бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг ҳам жанубидан, ҳам шимолидан ҳужумлар бошланади.
"Тайм" журналининг ёзишича, Вашингтон Ироққа қарши урушни ҳозирнинг ўзидаёқ бошлаши мумкин. Бунинг учун сабаб етарли. Душанба куни фавқулодда мажлисга тўпланган Ироқ парламенти БМТ резолюциясини рад этиб, халқни мамлакат мустақиллиги ва яхлитлигини ҳимоя қилишга чақирди. "Таймс"га кўра Саддам инқилоб кенгаши қарорини бекор қилиб 15 ноябрга қадар резолюция шартларига рози бўлиши мумкин. Урушни тўхтатиб қолишнинг ҳам ягона назарий йўли шу. Ёки Ироқ раҳбари бу сафар ҳам, олдинги йиллардаги каби, жараённи чўзишга ҳаракат қилар. Лекин АҚШ президенти Буш отаси бошлаб берган ишни оҳиригача олиб боришга жиддий киришган ва энди уни ҳеч ким бу йўлдан тўхтатиб қола олмайдиган кўринади.
XS
SM
MD
LG