Линклар

Озарбайжон армиясидаги аянчли шароитлар туфайли, 3 минг курсант казармаларни ëппасига тарк этди.


Акрам Файзулло

Сентябрда Озарбайжоннинг нуфузли Зих ҳарбий академияси катта йўқотишга учради. Тахминан 3 минг нафар курсант шароитлар ëмонлигидан шикоят қилиб, казармаларни ëппасига тарк этди.
Бу воқеа Озарбайжон мудофаа вазирлиги учун яна бир муваффақиятсизлик бўлди. Шу ëзда ўндан ортиқ аскар офтоб уришидан нобуд бўлгани аниқланди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларга кўра, аскарлар 50 даражага яқин бўлган иссиқ ҳавода сувсиз юришга мажбур этилганидан кейин қулаб, қурбон бўлган.
“Озарбайжон аскарлари оналари” ассоциацияси директорининг ўринбосари Таисия Гордеевага кўра, армиядаги шароитларга, умуман, чидаб бўлмайди.
“Биз ҳозир армиядаги аянчли вазиятга гувоҳ бўлаяпмиз, фарзандларимизга ва уларнинг соғлиғига эътибор берилмаяпти. Ҳар бир аскарнинг қорни тўқ, уст-боши бут бўлиши ва улар қониқарли санитария шароитлари билан таъминланган бўлишлари керак. Мен яқинда бориб кўрган айрим казармаларда санитария шароитлари мутлақо талабга жавоб бермайди, бунинг оқибатида аскарлар қўтир каби касалликларга чалинмоқдалар”, - деди Таисия Гордеева.
Аксарият собиқ совет республикаларида бўлгани каби, Озарбайжонда ҳам ўрта мактабни тамомлаган йигитлар 2 йил армияда хизмат қилишга мажбурдирлар. Аммо Гордевага кўра, кўплаб йигитлар пора эвазига ҳарбий хизматга бормайди ва асосан, камбағал оилалардан чиққан ва носоғлом йигитлар армияда хизмат қиладилар.
Озарбайжон армиясида сил ва безгак касалликлари кенг тарқалган. Кўплаб аскар тўйиб овқатлана олмайди, қишда кўпчилиги иссиқ кийим билан таъминланмайди.
Аммо сентябрда казармаларни ëппасига тарк этган курсантларнинг ахволига барчанинг ҳам раҳми келмайди.
Ўзини Элдор, деб таништирган озарбайжонлик бир киши 1980 йилларда совет армиясида зобит бўлиб хизмат қилган. У, курсантлар қонунни бузган, деб ҳисоблайди.
“Курсантлар қоннунни бузганлар. Ҳарбий хизматчиларнинг оммавий намойишлар ўтказишга ëки иш ташлашга ҳақлари йўқ. Курсантлар ўзларининг ҳарбий хизматдаги мажбуриятларига тўлиқ риоя қилишлари кераклигини яхши билишади, улар бу ҳақда қасамëд этишган. Курсантлар казармаларни ëппасига тарк этгани масаласи ҳарбий академия ташқарисида эмас, балки, ичида ҳал қилиниши керак”, - деди Элдор.
Аммо у бугун Озарбайжон армиясида қатор жиддий муаммолар борлигини, зобитлар ва курсантларга кам ойлик тўланаëтгани оқибатида улар ўзларининг ва фарзандларининг келажагидан хавотир олаëтганини эътироф этди.
Яқинда Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев армиядаги аянчли шароитларни тузатишга ëрдам бериш учун бир ҳайрия жамғармасини ташкил қилди.
Аммо “Озарбайжон аскарлари оналари” ассоциацияси директорининг ўринбосари Таисия Гордевага кўра, бундай жамғарма орқали армиядаги муаммоларни ҳал этиб бўлмайди.
“Бундай ҳайрия жамғармаси ташкил қилинганининг ўзи мамлакат учун ҳақоратдир. Бу каби жамғармалар муҳожирлар, ëрдамга муҳтож кишилар ëки пенсионерлар учун бўлиши мумкин, аммо армияга мутлақо тўғри келмайди. Мен танишиб чиққан маълумотларга кўра, ҳайрия жамғармасининг пули ҳарбий эҳтиëжлар учун қўлланилади, лекин бу сарф-ҳаражатларни, аслида, давлат бюджети қоплаши керак, унда бюджет пули қаерга кетаяпти?”, - деди Таисия Гордева.
Бугун Озарбайжон армиясида шароитлар оғирлашганига 1990 йилларда юз берган Тоғли Қорабоғ уруши сабаб бўлди. Қўшни Арманистон билан 6 йил давом этган уруш оқибатида Озарбайжон катта йўқотишларга учради, тахминан 30 минг киши ҳалок бўлди, бир миллион киши уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлди. Эндиликда Тоғли Қорабоғни Арманистон назорат қилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, ҳукуматдаги айрим амалдорлар Тоғли Қорабоғни қайтариб олиш учун куч қўлланилишига тарафдорлар, аммо Озарбайжон армиясидаги оғир вазият бунга йўл қўймайди.
XS
SM
MD
LG