Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:54

Жавобсиз қолаётган саволлар


Москвадаги Подшипник заводининг маданият саройида 50 нафар чечен сепаратчиси томонидан 750 томошабиннинг гаровга олинганлигига, бу ҳодисанинг 26 октябрь эрта тонггида бирдан хотима топганига ҳам мана уч ҳафта бўлаяпти.
Россия расмийларига кўра, ҳамма нарса ойдек равшан: террорчилар хужум қилди, улар ўз жазоларини олдилар, бироқ, уруш қурбонсиз бўлмайди, ҳужум пайтида қурбон бўлганлар террористик хуруж қурбонларидир. Бу Кремль позицияси.
Лекин, айни пайтда, Россия жамоатчилигини ҳам, дунё жамоатчилигини ҳам ўйлантираётган саволлар бир талайдир.
Саволлар кўп. Масалан, кўпчиликни, гаровга олувчилар қўлларидаги детонаторларни ишга солишга вақтлари бўлатуриб, нима учун маданият саройига келтириб қўйилган моддаларни портлатмадилар, ахир бунинг учун вақтлари бўлгандику, деган савол ўйлантиради.
Албатта, масаланинг бу тариқа қўйилишидан портлатсалар яхши бўлардида, деган мазмун асло келиб чиқмаслиги лозим. Масалани бу тахлит қўйиб, унга жавоб излашдан мурод - гаровга олувчиларнинг асл мақсадларини билишга интилиш холос.
Ўша кунлари гаровдан қутулгач, турли оммавий ахборот воситаларига интервью берганларнинг кўпчилиги гаровга олувчилар ўз тутқунларини қийноққа солмаганликларини таъкидлаганлар. Фақат давлат телеканалига берган интервьюси пайтида, биргина Ольга Чернюк деган аёл, гаровга олувчилар кишиларга тазйиқ ўтказганларини айтади. Гаровдагиларни қутқаришнинг ягона йўли, расмийлар ишга солган йўл эди, дейди у.
Бу ҳам бир савол. Хўш, нима учун Ольга Чернюкдан бўлак ҳеч ким чечен жангчилари одамларни қийноққа солганини эътироф этмаяпти?
Гаровга олувчиларнинг умумий сони, уларнинг қанчаси ўлдирилиб, қанчаси тириклайин қўлга олингани тўғрисидаги маълумотлар ҳам пала-партиш эканлиги ҳам яна бир неча қўшимча саволлар пайдо қилди. Аввалига гаровга олувчилардан учтаси ҳибсга олинганлиги, қолганлари ўлдирилганлиги хабар қилинди. Кейинроқ, ҳаммаси ўлган, тириги йўқ, дейилди.
Хужум пайтида ишлатилган газ қурбонлари сони ҳам, ўқ отувчи қуролдан ўлганлар миқдори ҳам турлича айтилмоқда.
Айниқса, ғарблик мутахассислар хужум пайтида қўлланилган модда фентанил эканлигига ҳам шубҳа билан қарамоқдалар.
Умуман, Россия расмийлари аввал- бошданоқ жамоатчиликни чалғитишга уринди, деб таъкидлайдилар Россиядаги аксари мустақил кузатувчилар. Маданият саройидаги томошабинлар гаровга олинишлари биланоқ, чеченлар мусулмонлар ва грузинларни озод қилдилар деган маълумот тарқатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва Хельсинки гуруҳи вакили Людмила Алексеева мана шу масалага тўхталиб мана бундай дейди: "Томошабинлар гаровга олиниши биланоқ пайдо бўлган биринчи маълумот шундай эдики, гўё гаровга олувчилар мусулмонлар ва грузинларни озод қилганмиш. Бу маълумот мустақил оммавий ахборот воситаларидан чиққани йўқ, уни расмий матбуот хизматлари тарқатди. Кейин бу маълумотнинг ёлғон эканлиги маълум бўлди. Бироқ, раддия берилмади".
Россия фанлар академияси Европа институти ходими Дмитрий Фирман эса, айниқса, Россия жамоатчилиги билишни истаган саволни ўртага ташлайди: "Барча саволлар жавобсиз қолаяпти. Улар (яни чеченлар) қандай қилиб Москвага кириб олишди, нега бу иш учун ҳеч ким жазоланмади, нима учун гаровга олганларнинг ҳаммасини ўлдириб қўйишди, хуллас, ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди".
Россия журналистлар уюшмаси қошидаги Экстремал журналистика маркази директори Олег Панфилов ҳокимият аҳолига нотўғри информация берувчи ИТАР-ТАСС, РИА "Новости" каби қудратли қуролларга эгадир, бу агентликларнинг 1994-96 йилларда давом этган биринчи чечен уруши пайтидаги фаолияти шу фикрнинг далили бўла олади, дейди. Бироқ, Москвадаги сўнгги воқеалар пайтида журналистлар, жумладан, хорижий журналистлар жуда кўп бўлганлигидан, улар ҳатто босиб олинган бинонинг ичидагилар билан алоқа ўрната билганлигидан информацияни Кремлгагина ёқадиган қилиб тарқатишнинг иложи қолмади. Натижада, Россия матбуот вазирлиги терроризмга қарши курашни баҳона қилиб, матбуот ва сўз эркинлигини бўғишга ҳаракат қилаяпти ва Давлат думаси сўнгги кунларда матбуот тўғрисидаги қонунларга киритган ўзгартишлардан бунинг уддасидан чиққанлиги ҳам кўриниб турибди, дейди Олег Панфилов.
Мақолани бошлаётиб ўртага ташлаганимиз савол, нима учун чечен сепаратчилари вақтлари бўлатуриб театр биносига келтириб қўйилган тротилни портлатмадилар, деган савол Россия фанлар академияси Европа институти ходими Дмитрий Фирманни ўйлантиради:"Гаровга олувчилар гаровдагиларни ўлдирмоқчи ҳам эмасдилар, деган таассурот пайдо бўлди, шахсан менда. Менимча, улар қандайдир музокаралар ўтказилади, расмийлар қанчадир ён берадилар, деб ўйлагандилар. Албатта, адашаётган бўлишим мумкин. Бироқ, энди ҳақиқатни билишнинг деярли иложи йўқ",-дейди Дмитрий Фирман.
XS
SM
MD
LG