Линклар

Ироқ резолюцияни қабул қилди, АҚШ эса унга қарши уруш бошлашга тайёргарлик кўраётир


Фарангис Саид

Чоршанба куни Ироқ президенти Саддам Ҳусайн парламент қаршилигига қарамай, БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияга риоя қилажагини маълум қилди. Бу эса БМТ қурол-аслаҳа бўйича инспекторлари гуруҳининг Ироққа бориши ва у ерда биологик, кимёвий ва ядровий қуроллар бор-йўқлигини текширишини англатади. Ироқ президентининг бу қарорига қарамай, Бағдод БМТ резолюциясига риоя қилмайди, бу эса АҚШни унга ҳужум қилишга мажбур этади, деган башоратлар қилинмоқда.

БМТ Бош котиби Кофи Аннанга йўллаган мактубида Ироқ ташқи ишлар вазири Нажи Сабрий, Ироқ, Хавфсизлик кенгашининг ўтган жума бир овоздан қабул қилинган 1441 рақамли резолюциясига риоя қилади, деб расман баён этди. Резолюцияда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн уни 15 ноябргача қабул қилиши кераклиги билдирилар, шу билан бирга БМТ инспекторлари 1998 йилдан буён илк бор Ироққа боришлари ва мамлакатни қуролсизлантириш устида ишлашлари айтилади. “Агар Саддам Ҳусайн бундай қилишдан бош тортса, бунинг оқибатлари жиддий бўлади”, дейилади ҳужжатда.

Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Ал-Дурийнинг БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида айтишича, “мактубда Ироқ резолюцияни қабул қилгани ва унга кўра, Ироққа қайтаётган инспекторларни ҳам қабул қилажаги билдирилган”.

Ал-Дурий Ироқ раҳбари бундай қарорни урушнинг олдини олиш мақсадида қабул қилди, деб таъкидлади.

“Биз доимо тинчлик йўлини танлаймиз. Бу сиёсатимизнинг бир қисмидир. Сиёсатимиз эса мамлакатимизни, халқимизни, минтақамизни урушдан, ҳозирги кунда жуда реал бўлган уруш хатаридан сақлаб қолишдан иборатдир”, - деди Ироқ элчиси.

АҚШ президенти Жорж Буш эса Саддам Ҳусайн резолюцияга тўла риоя қилмаган тақдирда, Ироққа қарши уруш бошланади, дейишда давом этмоқда. Саддам Ҳусайннинг қарори расман эълон қилингунига қадар, Буш “резолюцияга маккорлик ва айёрлик билан ёндашиш ёки уни инкор этиш Ироққа қарши ҳарбий амалиётнинг бошланишига олиб келади”, деб таъкидлади:

“Мен БМТга улар билан маслаҳатлашишимизни айтдим. Бироқ резолюция бизни қилишимиз керак бўлган ишларни қилишдан тўхтата олмайди. Қилишимиз керак бўлган иш эса – Саддамни ҳисобот беришга мажбурлашдир. Биз у қуролсизланади, жаҳонга қулоқ солади, деб умид қиламиз. Жаҳон эса ўз фикрини билдириб бўлди.”

БМТ Бош котиби Кофи Аннан инспекторлар Бағдодга душанба куни етиб борадилар, деб маълум қилди.

“Ироқ БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини қабул қилди ва инспекторлар Ироққа борадилар. Ироқликлар биз билан ҳамкорлик қиладилар, деб умид қиляпмиз. Агар Бағдод инспекторлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, инспекторлар нима қилиш кераклигини яхши биладилар”, - деди БМТ раҳбари.

Ироқнинг резолюцияни қабул қилганлиги халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланди. Бироқ Саддам Ҳусайн ҳақиқатан ҳам унга риоя қилишга ҳаракат қиладими ёки ўйин олиб боряптими, деган шубҳалар пайдо бўлди. Чунки резолюцияга кўра, Ироқ 8 декабрга қадар БМТ инспекторларига кимёвий, биологик ва ядровий қуролларни ишлаб чиқаришга қаратилган уринишлари ҳақида тўла ва батафсил маълумот бериши лозим. Расмий Бағдод эса шу дамгача оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигини таъкидлаб келган. Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Ал-Дурийнинг айтганидек, “Ироқда оммавий қирғин қуроллари ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Шу сабабдан биз инспекторларнинг Ироққа қайтишларидан қўрқмаймиз”.

Лекин, биринчи навбатда, АҚШ, сўнг бошқа давлатлар ҳамда БМТ Ироқ расмийларининг бундай баёнотларига ишонмаётган кўринадилар. Айни вақтда, Ироқ инспекторлар билан ҳамкорлик қиладими, агар ҳамкорлик қилмаса, АҚШ унга ҳужум қиладими, деган саволлар юзасидан мубоҳасалар тўхтамаяпти. Кофи Аннан бу савол юзасидан “ҳали бундай башоратлар қилишга эрта, Ироққа инспекторлар билан ҳамкорлик қилиш учун имкон бериш лозим”, - деб фикр билдирди.

Мустақил кузатувчиларнинг фикрига кўра, Буш “Бағдод ҳамкорлик қилмаяпти”, дейиш ва сўнг Ироққа қарши уруш бошлаш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилади. Россия ва Франция эса ҳарбий амалиётларнинг бошланишига қаршилик кўрсатадилар.

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Энтони Кордесмен Оқ Уйдан нимани кутиш мумкин, деган саволга “Бушнинг ўзи бунга яхши жавоб берди: Ироқ резолюцияга риоя қилмаган ҳолда, АҚШ БМТ билан маслаҳатлашади. Бироқ БМТ ҳеч қандай чора-тадбирни амалга оширмаса, АҚШ ҳарбий амалиётларни ўзи бошлайди”, деб жавоб берди.
XS
SM
MD
LG