Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:50

“Халқаро Қутқарув” нодавлат ташкилоти Афғонистон президентини “Озодлик” мукофоти билан тақдирлади.


Акрам Файзулло

Афғонистон Ўтиш даври ҳукумати раҳбари Хамид Карзай Толиблар ҳокимиятдан четлаштирилганидан бери афғонистонликларга мамлакатни қайта қуриш ишларига ëрдам берилаëтгани учун миннатдорчилик билдирди.
Карзай 13 ноябр куни Нью-Йоркда “Халқаро Қутқарув” нодавлат ташкилотининг “Озодлик” мукофотини қабул қилганидан сўнг чиқиш қилди.
Афғонистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда ëрдам ишлари билан шуғулланиб келаëтган ушбу гуруҳга кўра, Карзай ниҳоятда қийин вазиятда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва демократик тамойилларни мустахкамлаш йўлида ўйнаган роли учун “Озодлик” мукофоти билан тақдирланган. Аммо Карзай ушбу мукофотни барча афғонистонликларга берилган мукофот, деб ҳисоблашини қайд этди.
“Афғонистонликлар мамлакатни қайта қуриш учун ватанга қайтдилар. Улар ўз уйларини, иш жойларини қайта қурмоқдалар”, деди Карзай.
У Афғонистон аҳолиси орасида билимга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораëтганини, жумладан, жорий йилда деярли 3 миллион бола мактабга қатнаëтганини эслатиб ўтди.
Маълумки, Толиблар даврида хотин-қизлар ҳуқуқлари энг кўп поймол этилди. Мукофотни қабул қилиш маросимида маъруза қилган Афғонистон президенти, яқинда мамлакатда ташкил қилинган махсус комиссия хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларига алоҳида эътибор беришини маълум қилди.
Афғонистон Ўтиш даври ҳукумати раҳбари мамлакатни қайта қуриш ишларига ëрдам бераëтган давлатлар, жумладан, Америка ва мусулмон мамлакатларига миннатдорчилик изҳор қилди. Шу билан бирга у қўшни давлатларга мурожаат этиб, Афғонистон ички ишларига аралашишни тўхтатишга чақирди.
“Мен қўшни давлатлар ва Усама бин Ладин бизни тинч қўйишига умид билдираман. Эшитишимча, у ҳали ҳам тирик экан”, - деди Карзай.
13 ноябр куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган маросим давомида афғон мухожирларига етарли эътибор берилмаëтгани масаласи ҳам кўтарилди.
Қўшма Штатлар ўтган йил давомида 70 минг мухожирни қабул қилишни режалаштирган эди. Бироқ иммиграция бўйича янги қонунлар секин жорий этилаëтгани туфайли, 30 мингдан камроқ мухожирга Америкага келишига рухсат берилди.
Қўшма Штатлар Сенати ҳузуридаги иммиграция қўмитаси раиси вазифасини бажараëтган сенатор Эдуард Кеннедининг фикрича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Давлат департменти мамлакатга киришга ҳаракат қилаëтган кишилар тўғрисидаги маълумотлар билан алмашишда яхшироқ ҳамкорлик қилиши керак. Сенаторга кўра бу ишларни йўлга қўйишда замонавий техналогиялардан кўпроқ фойдаланиш лозим.
“Ҳар йили Қўшма Штатларга 451 миллион киши келиб кетади. Бу кишилардан 200-300 нафари хавфли бўлиши мумкин. Албатта, улар ниятини бу одамлар ташқи кўринишига қараб билиб бўлмайди. Таҳлика яратиши мумкин бўлган кишиларнинг асл шахсиятини аниқлаш учун янги техналогиялар ишлаб чиқарилиши зарур. Акс ҳолда, Америка оилалар бирлашишига жиддий тўсқинлик қиладиган “Қалъа”га айланади”, - деди сенатор Кеннеди.
Яқинда Сенатдаги иммиграция қўмитасининг раиси лавозимини эгалловчи Сэмуэл Броунбак АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти шу масалага жиддийроқ эътибор бериши кераклигини таъкидлади.
“Биз олдин қабул қилган мухожирлардан ташқари, яна кўплаб бошқа жойларда ҳам мухожирлар бор. Биз биринчи галда таъқиб-тазйиқлардан азият чекаëтган мухожирларга Америкага келишларига рухсат беришимиз керак”, - деди сенатор Броунбак.
Унга кўра, АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл Сенат қошидаги иммиграция қўмитаси позициясини қўллаб-қувватлаган. Аммо сенатор Броунбак маъмуриятнинг мухожирлар масаласидаги фаолиятида жиддий ўзгаришлар кўзатилмаëтганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG