Линклар

Қуроллар масаласида Саддам қандай йўл тутиши мумкин?

  • Ҳасанжон

Ироқ президенти Саддам Ҳусайн келаси уч ҳафта ичида, аниқроғи, 8 декабрга қадар ўзида мавжуд бўлган ядровий, биологик ва кимёвий қуроллар дастурини БМТга ошкор этиши лозим.
Ҳозирга қадар Саддам Ироқда бундай дастурлар йўқ эканини таъкидлаб келди. Ироқ қурол-аслаҳа инспекторларини қабул қилишга рози эканини билдириб, БМТга йўллаган мактубида ҳам, Саддам Ҳусайн, ҳукуматниннг оммавий қирғин қуроллар дастури йўқ эканини таъкидлаган.
Бироқ, Озод Европа Озодлик радиосининг Вашингтондаги мухбири Андрю Таллига кўра, АҚШ ва дунёнинг бошқа давлатлари Ироқ 1991 йилда Кўрфаз урушидан бир оз олдин ядровий қуролни қўлга киритишга яқин бўлганини алоҳида урғулаган. БМТ инспекторлари 1998 йилда Ироқни тарк этганидан бери ҳукумат ўзининг оммавий қирғин қуроллари дастури бўйича ишларни давом эттирган бўлиши мумкин.
БМТ резолюциясига мувофиқ Ироқ ўзининг оммавий қирғин қуроллари ҳақида 8 декабргача расмий маълумотни эълон қилади. Ўшанда президент Саддам Ҳусайн Ироқда оммавий қирғин қуроллар дастури йўқ эканини яна таъкидлашда давом этадими ёки йўқ? Айнан мана шу савол ҳозир кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Озод Европа Озодлик радиосига интервью берган ҳарбий таҳлилчиларга кўра, агар Ироқнинг рад этишига БМТ Хавфсизлик кенгаши ўз резолюцияси талабларининг бузилиши, деб қараса, Саддам Ҳусайн бундай дастур борлигини қисман тан олиши эҳтимоли бор.
Антони Кордсмэн Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказида ҳарбий ва разведка масалалари бўйича мутахассис. У Озодлик радиосига берган интервьюсида: “Менимча, бу ерда муаммо сўз маъносида бўлиши мумкин. Саддам ўзидаги барча қуроллар ошкор этилганини айтиши мумкин. У, биз икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган қурилмалар ҳақида гапираётганимизни ва ҳоказоларни айтиб, сўз ўйини қилиши мумкин”,-деди.
Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг бошқа бир ҳарбий мутахассиси Симон Серфати: “Менинг фикримча, Саддам айрим қуроллар мавжудлигини тан олади. Аммо, ўзи эга бўлган барча қуролларни ошкор қилмайди. Аниқроқ гапирадиган бўлсак, у ўзига қўйилган муддатни иложи борича узоқ вақтга чўзишга уринади”,-деди. Серфати сўзига қўшимча қилиб, Саддам Ҳусайн ўз қуролларини яшириш учун белгиланган муддатни кечиктириш хусусида яхши тажрибага эга эканини айтди.
БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс Бағдодга кетаётиб якшанба куни Қибриз пойтахти Никосияда тўхтайди. Бликс ўтган ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашида қабул қилинган “Ироқдаги таъқиқланган қуролларни топиб уларни йўқ қилиш” ҳақидаги 1441 сонли резолюцияни амалда бажариш учун Ироққа боради. Доктор Ханс Бликсга Бош қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган Халқаро атом энергетикаси агентлиги бошлиғи доктор Муҳаммад Ел-Барадей, шунингдек, 20 – 30 кишидан иборат маъмурий ва техник ишлар билан шуғулланувчи мутахассислар гуруҳи ҳамроҳлик қилади. Бликснинг инспекторлар гуруҳи аввалгисидан фарқли ўлароқ, ғарб давлатлари эмас, балки, ўндан ортиқ давлат мутахассисларидан тузилган. Жума куни Австралия Мудофаа вазирлиги, Ироққа борадиган биринчи инспекторлар гуруҳига австралиялик Билл Жоллей раҳбар бўлишини маълум қилди.
Австралия Мудофаа вазири Роберт Хилл айтганига кўра, бир йилдан ортиқ вақтдан бери Нью Йоркда БМТ қурол-аслаҳалар инспектори сифатида ишлаб келган Жолли 25 ноябрда Ироққа боришини ва 3 декабрдан бошлаб бир ой давомида инспекторлар гуруҳига бошчилик қилишини айтди.
БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс, инспекторларнинг Ироқдаги жойларга кириши агар ярим соатга кечиктирилса, бу жуда жиддий қабул қилинишини айтди. Агар Ироқ БМТ резолюцияси талабларини бажармасдан уни бузса, бу уруш муқаррар эканини англатади.
Айни масалада, жума куни Франция президенти Жак Ширак Ироқ президенти Саддам Ҳусайн режимини БМТ инспекторлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга ва хатога йўл қўймасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG