Линклар

logo-print

“Иқтисодий эркинлик” рейтингида Ўзбекистон


Фарангис Саид

Бош қароргоҳи АҚШ да жойлашган “Херитэж” жамғармаси ҳамда “Уолл Стрит Жорнэлл” газетаси жаҳон мамлакатларининг иқтисодий эркинлик бўйича рейтингини эълон қилдилар. “Иқтисодий эркинлик индекси”, деб номланган йиллик ҳисоботда дунёнинг деярли барча минтақаларида сўнгги 1 йил ичида иқтисодий эркинлик ошгани қайд этилади. Бу Ўзбекистонга ҳам таалуқлими?

Дунёнинг 156 мамлакатидаги иқтисодий эркинлик даражасини аниқлашни мақсад қилиб олган АҚШнинг “Херитэж” жамғармаси ҳамда “Уолл Стрит Жорнэлл” газетаси ҳукуматнинг иқтисодий соҳага қай даражада аралашиши, савдо сиёсатини қандай олиб бориши, хусусий мулкдорларга қандай муносабатда бўлиши ва бошқа омилларни инобатга олганлар. Ҳукуматлар иқтисодий соҳага камроқ аралашган, хусусий мулкни тан олган ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳурмат қилган мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан эркинроқ, деб белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатлар тўрт гуруҳга бўлинган: “эркин”, “анча эркин”, “анчайин эркин” ва “эркин бўлмаган” мамлакатлар.

“Иқтисодий эркинлик индекси”, деб номланган ҳисоботдаги умумий хулосага кўра, жаҳоннинг барча мамлакатларида иқтисодий эркинлик ошиб бораётир. “Херитэж” жамғармаси ходими Бретт Шэфер бу ҳусусида мана бундай дейди:

“Ҳисоботда қилинган асосий хулоса шундан иборатки, агар сиз мамлакатингизда киши бошига тўғри келадиган даромад баланд бўлишини истасангиз, иқтисодий глобаллашув ва эркинликни оширадиган сиёсат олиб боришингиз лозим”.

Иқтисодий жиҳатдан энг эркин мамлакатлар орасида Шимолий Америка ва Европанинг 6 мамлакати ҳамда Осиёнинг тўрт мамлакати бор. Ўзбекистон эса рейтингнинг энг пастки ўринларидан бирида: 156 мамлакатдан унга 149-ўрин берилган. Ўзбекистон ҳукумати бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириши ва иқтисодий эркинликни ошириши лозим. Бунинг учун эса у, жумладан, Халқаро валюта жамғармаси тавсияларини қабул қилиши керак. Кузатувчилар эса, Ўзбекистон ҳукуматининг баёнотларига қарамай, бунга шубҳа билан қарамоқдалар. Шэфер шуни айтар экан, Ўзбекистон дунёнинг эркин бўлмаган мамлакатларидан бири, дейди.

“Ўзбекистон савдо сиёсати протекционист бўлиб, ўрта тариф даражаси 29 фоизни ташкил этади. 1999 йилдан 2001 йилга қадар инфляция даражаси ҳам жуда баланд – 29 фоизга тенг бўлди. Ўзбекистон ҳукумати хорижий сармояларни жалб этишга интилаётгани ҳақида кўп гапиради, бироқ ҳукуматнинг капитал ва хорижий сармояларга оид сиёсати сармоядорларга қулай шароит яратмасликка қаратилган кўринади. Ўзбекистоннинг банк ва молия тизимини оладиган бўлсак, у бозор иқтисодиётига умуман тўғри келмайди”, - дейди АҚШнинг “Херитэж” жамғармаси ҳодими Бретт Шэфер.

Ушбу жамғарма ҳамда “Уолл Стрит Жорнэлл” газетаси тайёрлаган рейтингга кўра, Тожикистон ва Қозоғистон, Ўзбекистонга қараганда, юқорироқ ўринларни эгаллашга муваффақ бўлганлар. Тожикистон 143, Қозоғистон эса 119-ўринда. Қирғизистон ва Туркманистонни оладиган бўлсак, ҳисоботга кўра, сўнгги 1 йил давомида бу мамлакатлардаги иқтисодий вазият ижобий тарафга ўзгарган.

“Бу икки мамлакатдаги вазият анча яхшиланган. Бундай хулосага келишимизда ушбу мамлакатларга тааллуқли тўла ва батафсил маълумот ололганимиз ҳам сезиларли рол ўйнади. Одатда, тўла ва аниқ маълумот мамлакат рейтингининг ошишига сабаб бўлади. Глобаллашаётган иқтисодиётнинг фойдаси ҳам айнан шунда: ҳар бир мамлакат халқаро молиявий ташкилотлар ҳамда ҳусусий сармоядорларга тўла маълумот беришга ҳаракат қилади”, - дейди Бретт Шэфер.

Шундай қилиб, иқтисодий эркинлик рейтинги бўйича Қирғизистон 104-ўринда. Хатто Туркманистон ҳам Ўзбекистондан юқорироқ – 146 ўринни эгаллаган.
XS
SM
MD
LG