Линклар

logo-print

Қиш фаслида Афғонистонга халқаро озиқ-овқат ёрдами.

  • Ҳасанжон

Ҳозир ноябр ойи ўртаси бўлишига қарамасдан Афғонистон пойтахти Кобулдан шимол томонда жойлашган Ҳиндикуш тоғ тизмасининг Пағмон тоғларини аллақачон оппоқ қор қоплаган. Бир-икки ҳафтадан кейин Афғонистоннинг қаҳратон қиш фасли бошланиб тоғлардаги довон йўллари беркилиб қолади.
Афғонистонда фаолият олиб бораётган БМТ “Озиқ-овқат дастури” ва “Халқаро қизил хоч” ташкилоти каби ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар мамлакатнинг етиш қийин бўлган олис минтақаларида яшовчи миллионлаб аҳоли очарчиликка дуч келмаслиги учун бир неча ойдан бери қаттиқ ишламоқда. Ушбу ташкилотлар жорий йилда Афғонистонга қайтган икки миллион афғонни ҳам боқиши керак.
Озод Европа Озодлик радиоси мухбири Грант Поделконинг Кобулдан хабар қилишича, Афғонистонда 800 нафар ходими бўлган БМТ “Озиқ-овқат дастури” мамлакатда фаолият олиб бораётган энг йирик ёрдам кўрсатувчи ташкилот ҳисобланади. Ушбу ташкилот ходимлари 24 соат давомида тоғли минтақа аҳолисига озиқ-овқат жўнатиш ишлари билан шуғулланмоқда.
Буркард Оберле БМТ “Озиқ-овқат дастури”нинг Афғонистон бўйича Кобулдаги директори бўлиб ишлайди. У “Озодлик” мухбирига берган интервьюсида: “Қишга тайёрланиш учун барча агентликларда етарли вақт бўлди. Одамлар қишдан эсон-омон чиқишлари учун уларга озиқ-овқат ва бошқа нарсалар керак. Одатда Афғонистонда том маънода қаҳратон қиш бўлади. Тайёргарлик кўришга вақт бўлгани учун бу йил очарчилик бўлмайди. Шахсан мен, қишдан чиқиш учун одамларнинг ўзида ва ёрдам кўрсатувчи ташкилотларда етарли ресурслар борлигига ишонаман”,-деди.
Миллионлаб одамларни боқиш кераклигига қарамасдан Оберлей мамлакатда бу йилги вазият ўтган қишдагига қараганда анча яхшиланганини айтди. Унинг билдиришича, Афғонистон маркази, шарқий қисми, унга туташ минтақалар, шунингдек, сув сатҳидан 3000 метрдан ортиқ баландликда яшайдиган 1.3 миллион аҳолига БМТ “Озиқ-овқат дастури” 50.000 тонна ҳамда “Халқаро қизил хоч” ташкилоти 20.000 тонна озиқ-овқат етказиб беради. Тасаввур пайдо бўлиши учун Оберлей, 5.000та юк машинасига ортилган нўҳат, буғдой, ўсимлик ёғи, ун, қанд, туз, турли пишириқлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари 50.000 тонна бўлишини айтди. У сўзида давом этиб, озиқ-овқат ёрдами ҳар бир кишига етиб боришини таъминлаш муҳим эканини таъкидлади.
Сузана Рико БМТ “Озиқ-овқат дастури”нинг Афғонистон бўйича директор ўринбосари. Рико, оиладаги ошхона ишлари билан одатда аёллар шуғулланишини, аммо, озиқ-овқат тақсимотига аёллар кўпинча йўлатилмаслигига Афғонистондаги ижтимоий чекловлар сабаб бўлаётганини айтди. Рико сўзида давом этиб: “Бу иш билан кўпинча эркаклар шуғулланади. Эркаклар уйига озиқ-овқат олиб боради ва оила аъзоларига бўлади. Агар бу ишни аёллар бажарса, улар янада адолатли йўл тутадилар. Афғонистонда бундай бўлиши учун хали анча вақт бор”,-деди.
Рико, БМТ “Озиқ-овқат дастури”нинг кўпгина вазифаларини қишлоқ кенгаши даражасидаги шўролар бажаришини айтди. БМТ “Озиқ-овқат дастури” ўз режаларини вақтида бажариб, Афғонистоннинг Кобулдаги ўтиш даври ҳукумати билан алоқаларини яхшилаётган бўлсада, дастур-нинг Афғонистон бўйича директори Буркард Оберле, айрим тушунмовчи-ликлар ва озиқ-овқат тақсимоти жараёни хусусида бошқача фикрлар ҳам борлигини тан олди.
Хусусан, унинг айтишича, ҳукуматдагилар Афғонистонга озиқ-овқатдан кўра нақд пул билан ёрдам кўрсатилса фойдалироқ бўлади, деб ўйлайдилар. Оберле: “Озиқ-овқатдан кўра нақд пул фойдалироқ бўлади, деган тушунча бор. Кўпгина ҳудудларда шу фикр тарафдорлари бор. Айни пайтда, бошқа минтақалар аҳолиси бозорлардан узоқда яшагани сабабли озиқ-овқат ёрдамини афзал кўрадилар. Агар уларга озиқ-овқат ёрдами кўрсатилмасдан нақд пул берилса, улар барибир ҳарид қилиш учун анча олисда жойлашган бозорга боришлари керак бўлади. Нақд пул кўпроқ бўлган жойда талабни қондириш учун савдогарлар нархларни ҳам оширадилар”,-деди.
Камолиддин Низомий Қишлоқни қайта тиклаш ва ривожлантириш вазир ўринбосари бўлиб ишлайди. У Афғонистон ўтиш даври ҳукумати ва ёрдам кўрсатувчи гуруҳлар ўртасидаги алоқалар анча яхшиланганини тан олиб: “Биз нодавлат ташкилотлар вакиллари билан ҳар ҳафтада учрашамиз. Бу учрашувлар уларнинг идоралари ёки вазирлик биносида ўтиши мумкин. Мен шахсан иккита мана шундай учрашувда қатнашдим. Менимча, ўртамиздаги мувофиқлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилган. Мен, бу жараён яна давом этишига умид қиламан”,-деди.
XS
SM
MD
LG