Линклар

ТУРКИЯДАГИ ҲУКУМАТ АЛМАШИНУВИ

  • Абдулла Искандар

Туркия президенти Аҳмад Сезар ва янги тайинланган бош вазир Абдуллоҳ Гулнинг учрашуви душанба куни соат уч яримда бошланиб 87 дақиқа давом этди. Энг кейинги сайловларда ғалаба қозонган "Адолат ва Қалқиниш" партия раиси ўринбосари, бош вазир Абдуллоҳ Гул Туркия президентига янги ҳукумат рўйҳатини тақдим этди. Бу юзадан Анқарада матбуот анжуманида сўзлаган Абдулла Гул шундай деди;
"58инчи ҳукуматни тузиш салоҳияти ҳурматли президентимиз тарафидан менга раво кўрилганидан сўнг, душанбага қадар вазирлар рўйҳатини тақдим қилишимизга умид қилганимни сизга олдин билдирган эдим. Мана бугун бу умидимиз ижобат бўлди.Кеча ҳуфтонга қадар дўстларимиз билан тортишиб, ниҳоят бир қарорга келдик. Бугун мен янги ҳукумат рўйҳатини президентга тақдим қилдим." Туркия президенти Сезар рўйҳатни диққат билан кўриб чиққан. Рўйҳатдаги баъзи исмларни яҳши танимагани боис уларнинг биографияларини талаб қилган. Бу биографиялар партия марказидан президентнинг Чанқаядаги кўшкига факс ëрдамида юборилганини матбуот саҳифаларида кўришимиз мумкин.
Туркиядаги сиëсий ҳаëтни кузатаëтганлар Абдуллоҳ Гул таклиф этган ҳукумат таркиби Буланд Эжевит ҳукуматига нисбатан анча кичик эканлигини қайд қилмоқдалар. Эжевит ҳукуматида 36 вазир иш олиб борган бўлса, янги ҳукумат 24 нафар вазирдан иборат бўлажаги аниқланди. 19 ноябр куни Туркия вақти билан соат 14да Анқаранинг тақсим маҳалласида жойлашган бош вазир қароргоҳида Буланд Ежевит ҳукумати билан янги иқтидорга келган ҳукумат алмашинуви маросими бўлиб ўтди. Маросимда иштирок қилган собиқ бош вазир Эжевет ўз ўрнига келган Абдуллоҳ Гулга оқ йўл тилади. Муҳбирлар олдида чиқиш қилган Абдуллоҳ Гул сайловлар орқали ҳукумат ўзгариши демократиянинг энг яҳши меваларидан бири эканлигини гапириб Туркия сиëсий уфқидан тариҳ саҳифаларига кетаëтган Буланд Эжевитга миннатдорлик билдирди.
"Муҳтарам дўстлар, биз шу дақиқаларда демократиянинг энг гўзал онларини бошдан кечирмоқдамиз. Аввало, мен бу ўзгаришларнинг халқимизга ҳайри тегишини тилайман.
Муҳтарам бош вазир Буланд Эжевит Туркия сиëсий ҳаëтининиг энг ëрқин сиймоларидан биридир. Биз умримиз бўйи у кишининг қилган ишларидан ўрнаклар олдик. У кишининг исмлари Туркия сиëсий тариҳида қолажагига инонаман. Мен у кишига узоқ умр мустаҳкам соғлик тилаб қоламан". Шундан кейин Буланд Эжевит машинага ўтириб "нафақа гаштини суриш" учун уйига равона бўлди. Абдуллоҳ Гул раҳбарлигидаги янги ҳукумат таркибида ягона аëл бу Туризм вазири Гулгал Ақситдир. Гулгал Аксит "Она ватан" партияси лидерларидан бири бўлган, ўз даврида бош вазир ўринбосари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарларидан Ғолип Дамиралнинг қизидир.
Гулгал Ақсит туризм вазирлигидаги ўз кабинетини собиқ вазирдан қабул қиларкан, туризм соҳаси унинг учун янги эканлигини эътироф этди.
"Туризм соҳасининг нозик нуқталарини яҳши билмаслигимни самимий тан оламан.Аммо ҳурматли бош вазир ташаббусларини ҳаëтга тадбиқ қилиш учун қўлимдан келганини аямайман.Мамлакатда 1980 йилда бошланган, туризм соҳасига киритилаëтган чет эл инвестицияларининг давомли бўлишини таъминлаш асосий мақсадимиздир.Буларга илова сифатида мамлакатда спорт туризмини ҳам ривожланиши учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳаракат қиламан."
Албатта туризм Tуркия ҳазинасига катта молия олиб келувчи бир соҳадир аммо "янги ҳукуматнинг асосий вазифаси Европа иттифоқига азо бўлишдир" деди янги тайинланган ички ишлар вазири Абдуқодир Ақсув. Ҳуллас Туркияда ҳукумат алмашди.Сайловларнинг асосий ғолиби бўлган Туркиядаги маҳкама қарори боис, бош вазир бўла олмаган АҚП лидери Toйиб Эрдўған Туркия парламентида нутқ сўзлаб мамлакат қонунларидаги чеклашларга барҳам беришга чақирди.
XS
SM
MD
LG