Линклар

logo-print

ҚАМОҚХОНАДА БОРУ ҚОНУНДА ЙЎҚ. У НИМА? <br>(Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига вакили Питер Залмаев билан суҳбат)


Сарвар УСМОН

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лиганинг "Мустақилликка эришган давлатлар" дастури координатори Питер Залмаев билан ўтказган суҳбатимизнинг эътиборингизга ҳавола этилган иккинчи қисми Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасининг ўта муҳим жиҳати - мамлакат тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида маҳбусларни қийноққа солишнинг давом этаётганлиги устида сўз бошланганида тўхтаб қолган эди.
Бу соҳадаги вазиятга баҳо берар экан Питер Залмаев: "Қийноққа солиш ҳоллари жуда кўп эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси билан ҳамкорликда ишлайди. Биз қўмитага яқинда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларини олиб келгандик. Улар Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши конвенция талабларини қандай бажараётганлиги юзасидан муқобил ҳисобот тақдим этдилар. Биз Ўзбекистонни ана ўша асосий конвенцияларга риоя қилишга, жиноят кодексига "қийноқ" деган тушунчани киритишга чақираяпмиз",- дейди, Питер Залмаев.
Бундан ташқари Халқаро лига вакили қийноқларни камайтириш учун яна бир қатор чораларни амалга ошириш лозимлигини такидлайди: "Ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлга олиш ва сўроқ пайтидаги масъулиятини кучайтириш лозим, биласизки, айнан тергов ва сўроқ пайтида қийноққа солиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади",-дейди жаноб Залмаев.
Суҳбатимиз давомида ундан, ҳозиргина "қийноқ" тушунчасини жиноят кодексига киритиш лозимлиги Ўзбекистон расмийларига таклиф қилинганлигини айтганлигини эслатиб, бу таклифга муносабат қандай бўлганлиги тўғрисида сўрадик.
Бу саволга жавоб берар экан, "Ўзбекистон расмийлари қийноқ тушунчасининг қонунларга киритилиши - шунчаки бир рамзий қадам бўлиши мумкинлигини, бу тушунчани киритишнинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмаслигини таъкидлашади ва буни улар қонунларда "хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш", деган тушунча бор эканлиги билан изоҳлайдилар", - дейди Питер Залмаев ва бундай муносабатни қабул қила олмаслигини такидлайди.
"Қийноқ" тушунчаси борми ёки йўқми? Бу принципиал масаладир. Қонунларда бундай тушунчанинг йўқ эканлиги ҳам, афсуски, кўп нарсадан далолат бериб турибди",- деб давом этди фикрини Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига вакили.
Питер Залмаев билан ўтказган суҳбатимизнинг учинчи қисмини тинглаяпсиз, азиз тингловчи. Суҳбатимиз давомида кўтарилган барча масалаларни назарда тутиб, суҳбатдошимга мана бу саволни бердим: Питер, ҳеч кимга сир эмаски, кейинги йилларда марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик оддий одамнинг ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол этилаяпти. Ўн йил илгари унинг ҳеч йўқ ишлаш, нони устига бирозгина мой суртиб ейиш ҳуқуқи таъминланган эди. Бугун эса, бунинг аксини кўраяпмиз. Энди тасаввур қилинг, ўзбекистонлик ўша оддий одам, бизнинг чиройли ва муҳим суҳбатимизни тинглаб ўтирибдию ўзича, инсон ҳуқуқлари тўғрисида гапираверасизлару бироқ қани ўзгариш, қани менинг ҳаётимдаги ўзгариш, деяпти. Сиз ўша оддий ўзбекистонликнинг кўнглини қандай кўтарган, унга қандай таскин берган бўлардингиз?
"Чиндан ҳам, бундай одамга таскин беришим мушкул. Ўзбекистонда ҳам, бошқа республикларда ҳам ҳокимиятнинг зулми кучайди. Илгари Москва, назорат бор эди. Одамлар Тошкентни айланиб ўтиб, Москвага арз қила олардилар. Совет Иттифоқини инсон ҳуқуқлари соҳасида сира мақтаб бўлмасада, одамларнинг ҳуқуқлари ҳозиргига нисбатан, бир қадар таъминланган эди. Хусусан, кишилар ижтимоий муҳофазаланган эди. Бундай ҳимоя эса, ҳозир йўқ", - дейди Залмаев.
-Хўш,нима учун шундай бўлаяпти?
-Ҳалигача иқтисодиётни бозор муносабатлари асосида қайта қуриш йўлида ислоҳотлар ўтказилмади. Яқиндагина, қандайдир сабабларга кўра, дўконлар пештахталаридан озиқ-овқат товарлари йўқолиб қолди.
Афсуски, ўзбек халқига, оддий тингловчига таскин беришим қийин. Чунки, бундай таскиннинг ўзи йўқ. Чунки, таскин мамлакат ҳукуматининг қўлида.
Менимча, ғарб давлатлари ва Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказиши лозим, токи у охир-оқибат ислоҳотлар ўтказишни бошласин, cўмни конвертацияласин. Ислоҳотлар ўтказилмас экан, ўзбек халқининг кўнглини ҳеч ким кўтара олмайди. Ўзбекистон ўз потенциалига кўра, минтақадаги йирик давлатдир. У минтақада иқтисодиёти ҳам энг кучли давлат бўлуви мумкин эди. Бироқ, афсуски, бугун шундай бўлмаяпти, деди бизга берган суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лиганинг Мустақилликка эришган давлатлар дастури координатори Питер Залмаев.
XS
SM
MD
LG