Линклар

АҚШ президенти Жорж Бушнинг <br>Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюси.


Фарангис Саид

Маълумингизким, шу ҳафта, 21-22 ноябр кунлари Чехия пойтаҳти Прагада НАТО ташкилотининг саммити бўлиб ўтади. Бу муҳим ҳодиса арафасида Озод Европа – Озодлик радиосининг Вашингтондаги мухбири Жефри Донован АҚШ президенти Жорж Буш билан эксклюзив интервью ўтказишга муваффақ бўлди ва АҚШ раҳбарига НАТОнинг кенгайиши, Чеченистон, Ироқ, инсон ҳуқуқлари ва Марказий Осиёга оид саволлар билан мурожаат қилди. суҳбатни сизларга ҳамкасбимиз Фарангис Саид тақдим этади.

САВОЛ: Шу ҳафтада НАТОда тарихий аҳамиятга эга бўлган ўзгариш рўй беради – НАТО кенгаяди, унинг сафларига янги аъзолар қўшилади. Янги ташкилот замоннинг янги муаммоларини ҳал этишга мажбур. Бундай муаммолардан бири – Ироқ масаласидир. Жаноб президент, сиз Ироқ каби янги таҳликаларга қарши коалицияшга етакчилик қиляпсиз. Нима сабабдан Ироққа ҳужум қилинган тақдирда ҳарбий амалиётларда НАТО қўшинларидан фойдаланиш ҳақида гап йўқ?

ЖАВОБ: Биринчидан, мен бу муаммони тинч йўл билан ҳал этамиз, Саддам Ҳусайн қуролсизланади, деган умиддаман. Албатта, биз бунга 11 йил давомида умид қилиб келдик. Бу давр ичида БМТ Ироққа оид 16 резолюция қабул қилган. Мана энди 17-чиси ҳам қабул қилинди. Бу сафар мен озодлик ва тинчликни севадиган давлатлар билан биргаликда резолюцияга риоя қилинишини таъминламоқчиман. Саддам қуролсизланмаса, мен коалицияга етакчилик қиламан, бу рост. Бу коалиция турли шаклларга эга бўлиши мумкин. У НАТО билан бирга тузилган коалиция бўлиши мумкин. Мен Хавфсизлик кенгаши аъзоларига биз бу масалани сиз билан муҳокама қиламиз, дедим. Бироқ, жаноб Саддам Ҳусайн бир нарсани тушуниши лозим: у барибир қуролсизланади. Мен бу ишнинг тинч йўл билан амалга ошишига умид қиламан.

САВОЛ: НАТОнинг янги аъзолари кичик мамлакатлардир. Уларнинг ҳарбий ҳиссалари катта бўлиши мумкинми?

ЖАВОБ: Мен сиздан “улар ҳисса қўша оладиларми”, деб сўрайсиз, деб кутгандим. Сиз берган саволга эса жавобим мана бундай бўлади: менимча, уларнинг ҳарбий ҳиссалари жуда муҳим бўлиши мумкин: улар озодлик ва эркинликка меҳр намойиш қилсалар, бу ҳисса жуда муҳим бўлади. Бу собиқ тоталитар давлатлардир. Улар озод бўлмаган. Эндиликда эса улар Америка каби эркинликни севадилар. Бу эса НАТО учун жуда муҳим. Ҳарбий ҳисса ҳақида гапирадиган бўлсак, Лорд Робертсон айтганидек, НАТО ташкилоти стратегиясининг ўзгариши кутилмоқда. Бу ўзгариш Россия бизнинг душманимиз эмаслигини англаб етишдан бошланиши керак. НАТОнинг мақсади Европани Варшава шартномасига аъзо давлатларнинг босқинчилик сиёсатидан қутқариш эмас. Варшава шартномаси энди йўқ. Варшава шартномаси аста-секин НАТОга айланмоқда. Эндиликда биз ҳақиқий таҳликаларга жавоб беришимиз лозим. Бундай таҳлика эса – глобал терроризмдир. Террорчиларга қарши нафақат ҳарбий йўл билан, балки разведка хизматлари маълумотлари билан алмашиб, террорчилар банк ҳисобларини “музлатиш” орқали курашиш мумкин. Бу бошқача уруш. Саммитда эса нафақат НАТОнинг кенгайиши, балки умумий мақсадга қайси йўл билан эришиш масаласи муҳокама этилади.

САВОЛ: Россия президенти Владимир Путин Чеченистондаги урушни АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор урушнинг бир қисми, деб эълон қилди. Сиз бунга қўшиласизми? Ёки сайловолди кампанияси давомида таъкидлаганингиздек, Россия Чеченистондаги тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз сиёсат олиб боряптими?

ЖАВОБ: Россия Чеченистон масаласини тичн йўл билан ҳал этади деб ўйлайман, тўғрироғи бунга умид қиламан. Айни вақтда Владимир Путин халқни террорчилардан ҳимоя қилишга ҳам қодир бўлиши лозим. Бу ўзгача уруш. Бу урушда душманларимиз ғорларда яширинган, одамларни баданларига бомбалар осиб олиб, жонларига суиқасд қилишга мажбурлайдиган душманлардир. Биз душманларни йўқ қилишимиз, айни вақтда инсон ҳуқуқларини топтамаслигимиз керак. Мен буни жаноб Путин билан ҳар бир учрашувимда таъкидлайман.

САВОЛ: Россия НАТОга тўлақонли аъзо сифатида қўшила оладими?

ЖАВОБ: Буни вақт кўрсатади. Россия ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик жуда самарали бўлишига ишонаман. Россия кенгайган НАТО унинг учун ҳеч қандай таҳлика солмаслигини тушуниб етиши лозим. Мен Прагадан Санкт-Петербургга бораман. Мен Россия халқига НАТОнинг Россия чегаралларига яқинлашгани, хусусан, Болтиқ бўйи давлатлари унга қўшилганлари сиз учун таҳлика эмас, демоқчиман.

САВОЛ: Марказий Осиё. Кўплаб мутахассислар минтақанинг авторитар режимлари олиб бораётган сиёсат у ерда терроризм учун яхши замин яратмоқда, деб фикр билдиришмоқда. Ҳукуматлар халқ муаммоларини ҳал эта олмаяптилар, ислоҳотларни амалга оширмаяптилар. АҚШ эса бу ҳукуматлар билан яқин ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Бу хатарли эмасми?

ЖАВОБ: АҚШ муайян ҳукумат билан ҳамкорликни ривожлантираётганида ҳам асосий тамойилларни ёддан чиқармайди. Тамойиллар эса – эркинлик ва инсон ҳуқуқларидир. Менимча, ҳукуматлар АҚШ билан ҳамкорлик қилсалар, АҚШ билан бирга ишласалар, инсон ҳуқуқларини кўпроқ ҳурмат қиладилар. Бу бизнинг мамлакатимизга ҳос бўлган нарса. Ироқ хусусидаги хавотирларимиз айнан шундан иборат. Ироқликлар бир шахс ҳокимлиги даврида қийноқларга солиняптилар. У каби давлатларга мен бир нарсани таъкидлайман: эркинлик АҚШдан жаҳонга берилаётган совға эмас. Бу худо томонидан берилган неъматдир. Ҳар бир инсонга берилган неъмат. Эркинликни тан олар эканмиз, дунёнинг ҳар бир бурчагидаги одамга ёрдам беришни ўз вазифамиз, деб биламиз. Сиз ҳақсиз, шундай раҳбарлар борки, улар билан ишлаш керак. Биз улар билан ишлашга тайёрмиз. Мен яна бир нарсани айтиб ўтишим керак: қашшоқлик терроризмга замин яратади. Қашшоқлар террорчиларга айланишлари қийин эмас. Бироқ қашшоқлик қотилликка сабаб бўлмайди. Глобал террорчиларнинг баъзилари жуда бадавлат одамлар. Бироқ улар маънавий қашшоқдирлар. Улар инсон ҳаётини бир тийинга олмайдилар. Улар ўзларини диндор, деб ҳисоблайдилар, дин учун курашчиман, дейдилар ва дин деб одамларни ўлдирадилар. Биз фаровонлик чегаралари кенгайишига умид қиламиз. Айни вақтда одамлар террорчилар етакчилари ғоялари билан иқтисодий қийинчиликлар ўртасидаги фарқни англаб етишларига умид қиламан. Террорчилар қотиллардир. Биз эса уларни улар бизни ўлдиришларидан олдин қўлга туширишга ҳаракат қиламиз. Жаҳон АҚШ ҳақида айнан шуни билиши лозим.

САВОЛ: Усама бин Ладин тирик кўринади. У АҚШга қарши бошқа ҳужум уюштиришидан хавотирда эмасмисиз?

ЖАВОБ: Усамами, бошқаларми, улар янги террор хуружларини режалаштирмоқдалар. Бунга шубҳа йўқ. Бироқ бу бир шахсият масаласи эмас. Террорчилар Америкадан нафратланадилар. Чунки биз озодликни севамиз. Шу сабабдан биз уларни йўқ қилмоқчимиз. 11 сентябр ҳодисалари баъзиларнинг ёдидан чиқаётган бўлиши мумкин. Менинг вазифам эса бунга йўл қўймасликдир. Биз қотилларни топишимиз керак. Мен Америка халқига ва дўстларимизга Америка адолатидан яшириниш мумкин бўлган ғор йўқ, дейман. Прагада мен ёшлар билан учрашаман. Ва уларга айнан шуни айтмоқчиман: террорчилар ортидан қувиб бораётганлар бор. Улар 90та мамлакат, 90та турли давлат бўлиб, улар адолат ғалаба қозониши мақсадида ишламоқдалар. Ва биз ғалаба қозонамиз. Бунга шубҳа йўқ.
XS
SM
MD
LG