Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:52

НАТО саммити: <br>кенгайган ташкилот самарали бўладими?


Фарангис Саид

Шу ҳафта 21-22 ноябр кунлари Чехия пойтаҳти Прагада НАТО ташкилотининг саммити бўлиб ўтади. Унда Болтиқ бўйидан то Болқонгача жойлашган 7 мамлакатнинг ташкилотга қабул қилиниши кутилмоқда. Америка Қўшма Штатлари ташкилотга кўпроқ мамлакатларни қабул қилишга даъват этаётган бўлса-да, жаҳон ҳамжамиятининг бошқа аъзолари орасида ташкилотдан мақсад нима, унинг халқаро сиёсатдаги ўрни ва роли нимадан иборат, НАТО сафларига янги давлатларни қабул қилишдан не фойда, деган саволлар тўғилмоқда.

Эстония, Латвия, Литва, Словакия, Руминия, Болгария ва Словения. Бу мамлакатлар мана бир неча йилдирки, НАТОга қўшилиш илинжида. Шу ҳафтада Прагада бўлиб ўтадиган саммитда бу давлатларнинг ташкилотга қўшилишлари кутилмоқда. Бироқ, улар қандай ташкилотга ва нима сабабдан қўшилмоқдалар, деган саволлар сиёсатчилару сиёсатшунослар орасида муҳокама этилмоқда.

АҚШ ва унинг Европадаги ҳамкорлари орасида мудофаа, ташқи сиёсат масалалари бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Кузатувчиларнинг фикрича, Ироқ масаласи, аксилтеррор уруш, ҳарбий мақсадларда ажратиладиган маблағ ҳажми, Европа хавфсизлиги каби масалалар юзасидан улар, яъни НАТОнинг ҳозирги аъзолари орасидаги тафовут тобора чуқурлашиб боради. НАТОга янги давлатларнинг қабул қилиниши ташкилот ичидаги келишмовчиликларнинг кўпайишига олиб келмасмикан? Халқаро тизимнинг бир қутби – Совет иттифоқи парчаланиб, совуқ уруш тугаганидан сўнг кўплар “энди НАТО ташкилотига эҳтиёж йўқ”, деб таъкидлаган эдилар. Бу фикрда жон бор, албатта. Ташкилот кенгайганидан сўнг бу фикр тарафдорлари янада кўпаймасмикан? Нима сабабдан Қўшма Штатлар НАТОнинг кенгайиши тарафдори? Нима сабабдан Вашингтон деярли 10 йилдан буён мазкур ташкилотга иложи борича кўпроқ давлатларни қабул қилиш ғоясини илгари суриб келаётир? Бу саволлар Атлантика океанининг ҳар иккала тарафида ҳам муҳокама қилинмоқда.

“Жейнс Интеллиженс Дайжест” нашриётининг муҳаррири Алекс Стэндишнинг айтишича, АҚШ Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларини НАТО ташкилотига қабул қилишни ваъда қилган, бунинг эвазига улардан демократик ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилиб келган. “Минтақа мамлакатлари барча талабларга жавоб бериб, демократик ислоҳотларни амалга оширдилар. НАТО уларни ўз сафларига қабул қилишга мажбур. Ундан бошқа илож йўқ”, - деб фикр билдиради мутахассис.

“НАТО ташкилотининг кенгайишига АҚШ нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу нафақат ҳарбий альянс, балки барқарорликни мустаҳкамлашга ва демократияни илгари суришга қаратилган ташкилотдир. НАТОга қабул қилиниш Марказий ва Шарқий Европа давлатлари учун уларнинг демократик анъаналарга эга бўлган Евроатлантика ҳудудининг бир қисми эканларининг тан олинишини англатади. Хуллас, НАТОнинг кенгайиши амалий эмас, кўпроқ ғоявий-мафкуравий аҳамиятга эга”, - дейди Алекс Стэндиш.

Лондонда жойлашган “Ройял Юнайтед Сервисез” институти тадқиқотчиси, ҳарбий сиёсат бўйича мутахассис Дэн Плеш эса бундан ҳам кескинроқ фикр билдиради. “НАТОнинг энг қудратли аъзоси бўлмиш АҚШ ўзгаришларни истамаса-да, улар барибир рўй беради, яъни Вашингтон ўзининг илгариги баёнотлари қули бўлиб қолди”, – дейди у.

“Менимча, АҚШ ўзининг НАТО кенгайиши ҳақдаги баёнотлари қули бўлиб қолди. “Тилак тилашдан олдин, яхшилаб ўйлаб кўр. Тилагинг бажарилса, нима қиласан”, дейдилар-ку. Аъзолар сони 25дан 30гача кўпаяётган, тобора БМТ ёки Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига ўхшаб кетаётган ташкилотда АҚШнинг ўрни қандай бўлади? Буни Вашингтоннинг ўзи ҳам билмаса керак”.

АҚШлик мутахассисларнинг бу хусусидаги фикрлари бироз бошқача. Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Кларк Мадох НАТОнинг роли ўзгаргани, бугунги кунда унинг мақсадлари фақат ҳарбий эмас, балки кенгроқлигини айтади.

“Мен НАТО совуқ уруш даврига ҳос ҳарбий мафкурадан воз кеча олмаган, деган фикрга қўшила олмайман. Ташкилотга янги аъзоларнинг қабул қилиниши улар озод Европанинг бир қисмига айланганини намойиш қилишга қаратилган. Бу НАТО ташкилотининг мақсадлари ўзгараётганини англатмайди”, - деди Кларк Мадох. Ташкилотга аъзо давлатлар орасидаги келишмовчиликлар ҳақида гапирар экан, мутахассис улар НАТО фаолиятига салбий таъсир қилмаяпти ва қилмайди, деб таъкидлайди.

Лекин аксарият мутахассислар бу фикрга қўшилмаяптилар. НАТОга аъзо давлатларнинг энг қудратлиси бўлган АҚШ Европа мамлакатларини мудофаа учун бюджетнинг жуда кичик қисмини ажратаётгани учун танқид қилишга одатланган. Вашингтон Европадаги ҳамкорларидан мудофаа учун ажратиладиган маблағ ҳажмини оширишни сўрар экан, Болқон каби минтақаларда америкалик эмас, балки европалик аскарлар тинчликсевар кучлар сифатида хизмат қилишларини истайди. Бошқа тарафдан, Европа баъзи масалалар, ҳусусан Ироқ масаласи юзасидан АҚШ билан келиша олмаяпти, хатто Вашингтонни танқид ҳам киляпти. “Бу эса Оқ Уйнинг жиғига тегмоқда”, - дейди “Жейнс Интеллиженс Дайжест” нашриётининг муҳаррири Алекс Стэндиш.

“Баъзи Европа давлатлари, хусусан Франция ва Германия кўплаб масалалар бўйича АҚШни қўллаб-қувватламаяпти. Бу эса Вашингтоннинг хавотирларига сабаб бўлаётир. Айни вақтда АҚШ Европа иқтисодий қудратининг тобора ошаётганидан ташвишланмоқда. Чунки бу Европанинг иқтисодий ва сўнг ҳарбий жиҳатдан мустақил бўлишига, қарорларни АҚШга қулоқ солмай мустақил равишда қабул қилиб, мустақил сиёсат олиб боришини англатади. Хуллас, буни умумий ақлдан озиш, дейиш мумкин”, - дейди Стэндиш.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда асосий мақсади дунёда урушнинг олдини олиш ва можароларни ҳал этишдан иборат бўлган ташкилот бора-бора ички келишмовчиликлар ва низолар ботқоғига ботса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG