Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:33

Афғонистонда тинчлик ўрнатувчи кучлар мандати кенгайтирилиши керак.


Фарангис Саид

Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганига мана бир йилдан ошганига қарамай, мамлакатда тинчлик ҳамон ўрнатилмаган. Хамид Карзай бошчилигидаги ўтиш даври ҳукумати мамлакат ҳудудининг аксарият қисмини назорат қилмаяпти. АҚШ ҳукумати эса Афғонистонда хавфсизликни кучайтириш ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун тинчлик ўрнатувчи кучлар мандатини кенгайтириш лозимлигини таъкидламоқда.

“АҚШнинг ҳарбий бўлмаган ишларга жалб этилган, яъни тикланиш масалалари билан шуғулланувчи аскарлари фаолияти доирасини кенгайтиш керак. Бу мамлакатда хавфсизликни кучайтириш имконини беради”. Буни АҚШ Давлат департаментининг Афғонистонга нисбатан сиёсатини мувофиқлаштирувчи расмийси, элчи Дэвид Жонсон баён этди. Унинг маълум қилишича, ҳозирги дамда мамлакатда 600 америкалик аскар фаолият олиб бормоқда. Улар, асосан, инфратузилмани тиклаш, мактаблар ва ҳокимият биноларини қуриш ишларига жалб этилганлар. “Қурилиш ва бошқа ишларни олиб бориш учун эса, - дейди Дэвид Жонсон, - биринчи навбатда хавфсизликни таъминлаш лозим”.

“Бугунги кунда биринчи навбатда амалга оширилиши керак бўлган иш – қурилиш ишларини олиб бораётган аскарлар сонини кўпайтириб, вилоятларда барқарорликни мустаҳкамлашдир. Бу, бизнинг назаримизда, тўғри ёндашув бўлади”, - дейди АҚШ расмийси.

Афғонистонда қурилиш ишларини олиб бораётган аскарлар аксилтеррор коалиция қўшинларининг бир қисми ҳисобланади. Ҳозирги вақтда улар Афғонистон армиясини ташкил этадиган ёш аскарлар учун тренинглар олиб боряптилар. Афғонистон армияси мамлакатда хавфсизликни таъминлашга қодир бўлиши керак. Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, бу режанинг амалга ошиши йиллар талаб қилади.

АҚШ ҳукуматининг тинчлик ўрнатувчи кучлар мандатини кенгайтиришга қаратилган қарори жиддий ўзгаришни англатади. Чунки шу вақтгача халқаро қўшинлар тинчлик ўрнатиш ишларида маҳаллий етакчилар - собиқ дала қўмондонларига таянган эдилар. Бироқ, бундай сиёсат Хьюман Райтс Уотч ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари собиқ дала қўмондонлари ўз назоратидаги ҳудудларда яшовчи фуқаролар, хусусан оз сонли миллатлар вакилларига таъқиблар ўтказаётганларини қайд этганлар.

Афғонистон бўйича мутахассис, Нью-Йорк университети профессори Барнетт Рубин мамлакатда барқарорлик ҳамон ўрнатилмаган, бу эса қурилиш ишларига тўсиқ бўлмоқда ва ҳукумат фаолиятини чекламоқда, деб фикр билдиради.

“Ҳукумат хавфсизликни таъминлаб, халқ манфаатларининг таъминланишини кафолатламагунича ва мамлакат ҳудудини тўла назорат қилмагунича, уни қонуний, деб бўлмайди”, - дейди мутахассис.

АҚШ Давлат департаментининг Афғонистонга нисбатан сиёсатини мувофиқлаштирувчи расмийси, элчи Дэвид Жонсон эса Хамид Карзай бошчилигидаги ҳукумат нуфузи ва таъсири сўнгги бир неча ой давомида анча ошганини айтади.

“Тиклаш ва қурилиш ишлари авж олар экан, ҳукумат таъсири ва унга кўрсатилаётган таянч ошиб бормоқда. Пойтаҳт ва вилоятлар ҳукуматни қўллаб-қувватламоқдалар”, - дейди Дэвид Жонсон ва халқаро ҳамжамият Афғонистон ҳукуматига ваъда берилган 1,5 миллиард доллар ёрдамнинг 1 миллиардини етказиб берганини айтади. Бу маблағнинг бир қисми, жумладан, Кобул-Қандаҳор-Ҳирот автойўлини қуриш учун сарфланади. Бироқ, кўплаб ташкилотлар Афғонистонга аслида камроқ ёрдам етказилди, деб таъкидламоқдалар.

Афғонистондаги ҳодисаларни 1979 йилдан бери ёритиб келаётган покистонлик журналист Аҳмад Рашид эса Афғонистондаги вазиятга жуда танқидий ёндашади. Унинг фикрича, жамоатчиликнинг ҳукумат ҳақдаги фикри салбий ва тобора ёмонлашмоқда.

“Менимча, афғонистонликлар ҳукумат таъсири бир йил аввалгига қараганда анча заифлашган, дала қўмондонлари таъсири эса анча ошган, деб ҳисоблашмоқда” – дейди Аҳмад Рашид.

БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Жан Арно эса агар келаси бир неча ой давомида мамлакатда хавфсизлик кучайтирилмаса, бу одамларни Бонн конференцияси тавсияларидан юз ўгиришга мажбур қилади, деб фикр билдиради. Тавсиялар жумласига 2004 йил июн ойида умумхалқ сайловларини ўтказиш, давлат ҳокимияти тизимини ўрнатиш, халқни рўйхатга олиш ва овоз берувчилар руйхатини тузишлар кирган.
XS
SM
MD
LG