Линклар

logo-print

Испания қирғоқлари яқинида нефт танкерининг ҳалокатга учрагани атроф-муҳитга катта тахдид солмоқда.

  • Ҳасанжон

Эгаси либериялик, аслида юнонлар бошқараётган ва Бахамасда рўйхатга олинган 70.000 тонна саноат ёқилғиси олиб кетаётган “Престиж” номли танкер, сешанба куни Испаниянинг шимоли-ғарбий соҳили яқинида ҳалокатга учраб, иккига бўлиниб кетди. Бу дунёдаги энг ёмон нефт транспорт фалокати бўлиши мумкин.
Маълумки, “Экссон Валдез” номли кема, 1989 йилда АҚШнинг Аляска штати қирғоғи яқинида айсбергга урилиб кетганидан кейин, унинг бортидаги 24.000 баррел нефт сувга оқиб кетган эди. Бу - ҳозиргача юз берган энг ёмон нефт транспорт ҳалокати, деб айтиб келинди. Сешанба куни ҳалокатга учраган “Престиж” танкерида, “Экссон Валдез” кемасидагидан кўра икки баробар кўп нефт бўлган.
26 йиллик “Престиж” танкери Испания учун балиқ овлашда муҳим ҳисобланган Галиция қирғоқлари яқинида бўронда ёрилиб кетганидан кейин, ушбу танкер масаласидаги тортишувлар кучайиб кетди.
Британияда жойлашган "World Wildlife" жамғармаси директори Францис Сулливан: “Биз бу воқеага яқин тарихда юз берган энг мудҳиш экологик фожеа сифатида қараймиз. Кўпчилик, “Экссон Валдез” кемаси ҳалокатга учраб, чўкиб кетганини жуда яхши эслайди. Унинг бортидаги нефт “Престиж” танкеридагига қараганда икки марта оз бўлган. Агар “Престиж” танкери бортидаги ҳамма нефт денгизга оқиб чиқса ва у қирғоққа тарқалса, бу Европанинг денгиз сувида юз берган энг мудҳиш экологик фожеа бўлади”,-деди.
Кемалар “Престиж” танкерини шатакка олиб денгиз ичкарисига тортиб борди. Аммо, унгача “Престиж” бортидаги 10.000 тонна заҳарли модда аллақачон сувга оқиб кетди. Танкер фалокати натижасида қирғоқлар нефт билан ифлосланди. 1.000дан ортиқ маҳаллий балиқчилар ишсиз қолди. Ушбу экологик фалокатдан қушлар нобуд бўлмоқда.
“Tank owners pollution” номли халқаро федерация директори Иан Уайт “Престиж” танкери ҳалокатининг экологик оқибати ҳақида гапириб: “Бу нафақат балиқчилик саноати, балки, денгиздаги турли молюскалар, майда қисқичбақалар, балиқларнинг барча турлари ва албатта қушлар ҳаётига ҳам жиддий таҳдид”,-деди.
“Престиж” танкери қирғоқдан 210 км нарида чўкди. Мутахассислар, кема бортидаги нефтнинг асосий қисми босим остида қаттиқлашиб қолиши, натижада нефт сувга оқиб чиқишининг олди олинишини айтмоқдалар.
"World Wildlife" жамғармасининг халқаро дастур директори Кристофер Хейлс: “Нефт таркибидаги кимёвий заҳарли моддалар денгиз жонзотлари ҳаётига дарҳол таҳдид солмайди. Аксинча, ушбу заҳарли моддалар вақт ўтиши билан секин-аста сувга чиқа бошлайди”,-деди.
“Престиж” танкери Испаниядан шимоли-ғарбда, яъни, Европанинг энг серқатнов денгиз йўлида ҳалокатга учрагани, эксириб қолган танкерларда ҳавфсизлик чоралари кучайтирилиши ҳамда қатъий инспекция тартиби жорий этилиши кераклиги ҳақидаги чақириқлар янграшига сабаб бўлди.
Франция президенти Жак Ширак Европа қирғоқларини нефт фалокатидан ҳимоя қилиш учун кескин хавфсизлик чоралари кўрилишига чақирди. 1999 йилда Франция шимолидаги Бриттани минтақаси қирғоқлари яқинида “Эрика” номли танкер ҳалокатга учрагани натижасида 15.000 тонна нефт сувга оқиб кетган. Бу воқеадан кейин Франция Европа Иттифоқидан денгиз хавфсизлиги масаласи билан шуғулланувчи ташкилот тузишни сўраган. Аммо бу иш, янги ташкилот қаерда жойлашиши кераклиги масаласига бориб тақалганидан кейин тўхтаб қолди.
“Престиж” танкерининг ҳалокатга учрагани Испания ва Британия ўртасидаги дипломатик тортишувга ҳам сабаб бўлди. Испания Бош вазири Хосе Мариа Азнар “Престиж” танкери Испания ўзиники эканига даъво қилиб келган Гибралтарга кетаётганини тасдиқловчи далилга эга эканини маълум қилди. Испания ҳукумати Британия мустамлакачиларини Европа Иттифоқининг “Кемаларни назорат қилиш” ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаганида айблади. Ушбу даъволарга Лондон расмийлари дарҳол жавоб қайтарди. Британия ҳукумати “Престиж” танкери Британияга қарашли юкни Гибралтарга ташимаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG